Республика эсселар танлови низоми

Республика эсселар танлови низоми


Олий таълим муассасаларининг бакалавр таълим йўналиши талабалари ўртасида “Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлимиз билан бунёд этамиз” шиори остидаги республика эсселар танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низоми

I. Умумий қоидалар

1. Мазкур низом олий таълим муассасаларининг бакалавр таълим йўналиши талабалари ўртасида “Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлимиз билан бунёд этамиз” шиори остидаги республика эсселар танловини (кейинги ўринларда Танлов деб юритилади) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Танловда олий таълим муассасаларининг бакалавр таълим йўналишида таҳсил олаётган талабалар ўзларига бириктирилган устозлар тавсияси ва маслаҳати асосида эсселар билан иштирок этадилар.

       3. Танловни ташкил этиш Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги томонидан амалга оширилади.


 II. Танловнинг мақсад ва вазифалари

4. Танловнинг асосий мақсади – ёшларни ватанпарварлик, фуқаролик туйғуси, бағрикенглик, қонунлар, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашлар, буюк мақсадларга эга шахслар сифатида тарбиялаш, Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш ва дахлдорлик фазилатларини қарор топтиришдан иборат.

5. Танлов вазифалари қуйидагилардан иборат:
- ёшлар онгида Ватанимиз тарихи, миллий ва умуминсоний қадриятлар, ижтимоий ҳаёт ҳақидаги тушунча, билим ва кўникмаларни янада юксалтириш;
- ёшлар орасида ижтимоий-маънавий, сиёсий-ҳуқуқий ҳамда иқтисодий жараёнларга нисбатан танқидий-таҳлилий ва ижодий дунёқараш кўникмаларини шакллантириш;
- ёшларнинг ўз иқтидорларини намойиш этишлари учун шарт-шароитлар яратиш, мустақил ва эркин фикрга эга истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
- ёшларнинг маънавий, интеллектуал ва ахлоқий жиҳатдан камол топишларига кўмаклашиш;
- ёшларнинг ёзма нутқ, изланиш, креатив фикрлаш, нотиқлик, фикрини моҳирлик билан етказиб бера олиш кўникмаларини шакллантириш;
- иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда муносиб рағбатлантиришдан иборат.


III. Танловни ўтказиш босқичи ва муддатлари

6. “Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлимиз билан бунёд этамиз” шиори остидаги республика эсселар танлови қуйидаги тўрт (факультет, олий таълим муассасаси, ҳудуд ва республика) босқич ва муддатларда ташкил этилади:
а) факультет босқичи – олий таълим муассасалари факультетлари доирасида Танловда қатнашиш истагини билдирган бакалавр таълим йўналиши талабалари иштирокида  апрель ойида;
б) олий таълим муассасаси босқичи факультет босқичида 1-, 2-, 3-ўринларни қўлга киритган талабалар иштирокида 5-6 май кунлари;
в) ҳудудий босқич – олий таълим муассасаси босқичида 1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган иштирокчилар ўртасида 10-11 май кунлари;
г) республика босқичи – ҳудудий босқич доирасида 1-, 2-, 3-ўринларга лойиқ деб топилган талабалар иштирокида 16-20 май кунлари Тошкент шаҳрида ташкил этилади.


IV. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби

7. Танловнинг факультет, олий таълим муассасаси ва ҳудудий босқичларини шаффоф ва тартибли ўтказиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий кенгашларида Кенгаш раиси раҳбарлигида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлигининг ҳудудий бўлими вакиллари, тегишли олий таълим муассасаларининг ёшлар билан ишлаш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректорлари, шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Маънавият ва маърифат маркази вакилларидан иборат Ташкилий гуруҳ тузилади.
🔹 Танловнинг факультет босқичи доирасида факультет декани, ёшлар билан ишлаш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича декан ўринбосари ҳамда профессор-ўқитувчилардан иборат ишчи гуруҳ томонидан танлов иштирокчиларига “Биз келажак бунёдкоримиз!” мавзусида эссе ёзиш топширилади ва баҳоланади.
🔹 олий таълим муассасаси босқичи факультет доирасида 1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган талаба-ёшлар ўртасида ташкиллаштирилиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий кенгаши вакили, олий таълим муассасасининг ёшлар билан ишлаш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори, ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ходимларидан иборат (4 нафар) таркибда тузилган ишчи гуруҳ томонидан “Янги Ўзбекистон – янги мақсадлар” мавзусида ёзиш белгиланади.
🔹 ҳудудий босқичи ҳудуддаги олий таълим муассасалари ўртасида, ҳар бир муассасада 1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган талаба-ёшлар иштирокида ташкиллаштирилиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий кенгашларида тузилган Ташкилий гуруҳ томонидан “Янги Ўзбекистон менинг тасаввуримда” мавзусида ҳажми 7-8 варақдан иборат эссе ёзиш топширилади.
Танловнинг ҳудудий босқичи иловага мувофиқ олий таълим муассасаларида ўтказилади.
🔹 Республика босқичида танловнинг ҳудудий босқичи натижаларига кўра 1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган, жами 42 нафар талаба-ёшлар иштирокида “Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлимиз билан бунёд этамиз” мавзусида эссе ёзадилар.

8. Талаба томонидан ёзилган эсселар ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов шартлари ва баҳолаш мезонлари асосида баҳоланади.

9. Эссе ёзиш учун барча босқичларда икки ярим соатгача вақт ажратилади.


V. Танлов шартлари ва баҳолаш мезонлари

10. Танловда иштирокчилар ўзбек, рус, қорақалпоқ ёки инглиз тилларида эсселар ёзишлари мумкин.

11. Иштирокчилар эсселарни барча йўналишлар нуқтаи назаридан мукаммал ёритишга интилиши лозим.

12. Ёзилган эсселар қуйидаги мезонларда баҳоланади:
- мавзунинг тўлақонли очиб берилганлиги – 20 балл;
- тарих, бугун ва истиқбол ҳақидаги тасаввур кенглиги – 20 балл;
- мавзуга оид мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими бўйича таклифлар – 20 балл;
- имловий саводхонлиги, сўз бойлиги ва услубий маҳорат – 20 балл;
- амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан ўз муносабатининг мавжудлиги ва улар бўйича хулосавий фикрларнинг мавжудлиги ҳамда уларни ифода этиш маҳорати  – 20 балл;

 

VI. Танлов ғолибларини тақдирлаш

  13. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси касаба уюшмаси бюджети маблағлари ҳисобидан:
🔸 Танловнинг республика босқичи иштирокчиларининг барчасига 1 донадан ноутбук;
🔸 Танловнинг республика босқичи 1-ўрин соҳибига 30 миллион сўм; 2-ўрин соҳибига 20 миллион сўм; 3-ўрин соҳибига 10 миллион сўм миқдоридаги пул маблағлари топширилади.

14. Иштирокчиларнинг баллари тенг келиб қолган тақдирда ғолиблар сони ортиши мумкин.

15. Танловнинг республика босқичи фаол иштирокчилари номинациялар бўйича ҳам тақдирланиши мумкин.

16. Танловнинг республика босқичи ғолиблари (1-, 2-, 3-ўрин)нинг устозлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ноутбук билан тақдирланадилар.

 

VII. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича республика Ташкилий қўмита ҳамда иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

  17. Танловни ўтказиш бўйича республика Ташкилий қўмита фаолияти давомида қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
- танловни ташкил этиш, босқичларини ўтказиш ва якунларини муҳокама қилиш, қарорлар қабул қилиш;
- танловнинг ўтказиш шартлари (танловни ўтказиш қоидалари, муддати, баҳолаш жараёни, мезонлари ва босқичлар)га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;
- танловга тақдим этиладиган ижодий ишларни қабул қилиш жараёнини ташкил этиш.
- танловнинг барча иштирокчилари учун тенг шарт-шароитларни яратиш;
- танловни очиқ ва ошкора тарзда ўтказилишини таъминлаш;

18. Танлов иштирокчисининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:
- танловда иштирок этишдан олдин танлов Низоми билан тўлиқ танишиш;
- Низомда кўрсатилган талабларга қатъий риоя этиш.

19. Танлов иштирокчиси ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда танловдан четлаштирилиши мумкин.

 

VIII. Якуний қоидалар

  20. Танлов иштирокчиси (бошқа шахс) томонидан танловни ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда унинг натижаси билан боғлиқ мурожаат (эътироз)лар қабул қилинмайди.

____________________________________________________________________________

Республика эсселар танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомга илова

Изоҳ: Ушбу жадвалга Ташкилий қўмита қарори билан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин, шунингдек, танловнинг ҳудудий босқичи ўтказиладиган таълим муассасаси танловни ташкил этиш ва ўтказиш учун масъул этиб белгиланади.




Report Page