Республика бўйлаб истеъмолчиларнинг ичимлик суви ва оқова хизматлардан дебитор қарздорлиги 1 трлн 369 млрд сўмни ташкил этмоқда

Республика бўйлаб истеъмолчиларнинг ичимлик суви ва оқова хизматлардан дебитор қарздорлиги 1 трлн 369 млрд сўмни ташкил этмоқда

https://t.me/aoka_uz

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзсувтаъминот" АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов маълум қилди.

Бугунги кунда “Ўзсувтаъминот” аксиядорлик жамияти ва унинг ҳудудий сув таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчилар орасида тўлов интизомини яхшилашга қаратилган кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, тўловларни амалга оширишда истеъмолчилар учун қулай ва замонавий тўлов воситаларидан фойдаланиш имконияти яратилган.

Шунга қарамасдан, республикада истеъмолчиларнинг дебитор қарздорлиги тобора ошиб бормоқда ва бугунги кунда 1 триллион 369 миллиард сўмни  ташкил этмоқда. Шундан жисмоний истеъмолчиларнинг қарздорлиги 1 триллион 165 миллиард сўмни ташкил этса, 204 миллиард сўмлик қарздорлик юридик истеъмолчиларнинг ҳиссасига тўғри келяпти.

Бу борада Республика бўйича ичимлик суви ва оқова сув хизматларидан қарздорликни ундириш юзасидан тегишли ҳуқуқий чоралар кўрилмоқда.

Жумалдан, бугунги кунга қадар дебитор қарздорликларни қисқартириш бўйича судларга жами 13 873та 71 миллиард 523 миллион сўмлик даъво аризалар киритилган. Шундан 5 761та ариза юзасидан 45 миллиард 168 миллион сўм ундирилиши бўйича суд томонидан қарор қабул қилган.

Судларга Республика бўйича энг кўп даъво аризалари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти сув таъминоти корхоналари томонидан чиқарилган бўлиб, ҳар бир ҳудуддан 4 236 тани ташкил этади.

Шу билан биргаликда МИБга 31 миллиард 37 миллион сўмлик 5 897 та ижро варақалари берилган бўлса, шундан 3 292та ариза ишининг 14 миллиард 991 миллион сўмлик маблағлари ундирилган.

Фурсатдан фойдаланиб, истеъмолчилар ичимлик суви таъминоти ва сув чиқариш хизмати учун ҳар ойнинг 10-санасига қадар 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлашни амалга оширишлари лозимлигини эслатиб ўтамиз.

Тўловларни кабинет.узсув.уз, тижорат банкларининг кассалари ва мобил иловалари, Пайме, Упай, Осон, Узум каби электрон тўлов тизимлари орқали амалга ошириш мумкин.

Соҳада аҳолининг дебитор қарздорлиги билан бир қаторда ичимлик ва оқова сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ва улардан белгиланган қонун-қоидаларга риоя қилмаган ҳолда фойдаланиш ҳолатлари ҳам кўп учрамоқда.

Жумладан, “Ўзсувтаъминот” АЖ ва ҳудудий корхоналари томонидан ўтган давр мобайнида 65 минг 959 та рейд тадбирлари ўтказилди. Ушбу рейдлар давомида 10 559 та қоидабузарлик ҳолатлари аниқланган бўлиб, жами 74 млрд 514 млн сўмлик зарар етказилган.

Шунингдек, 7 273 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан сув ўлчагичдан фойдаланиш қоидаларига амал қилинмагани аниқланиб, 31 млрд 19 млн сўм зарар етказилгани аниқланди.

Қайд этиш ўринлики аниқланган қоидабузарликларга нисбатан қонуний чоралар кўрилмоқда, жумладан 2 376 та истеъмолчи тегишли тартибда тармоқдан узилиб, 17 млрд 985 млн сўм зарар ундирилди.

Report Page