Республика бўйлаб 64 та мониторинг кузатуви: 54 та ҳолатда (85 фоиз) маҳсулотларнинг қалбаки намуналари сотилаётгани аниқланди
https://t.me/Rasmiy_xabarlar_OfficialБу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Моҳрухсор Тоғаева маълум қилди:
✔️ Бугун, 10 ноябрь – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1989 йил Бутунжаҳон Сифат куни деб қабул қилинган.
Ҳар йили дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатларида нишонланадиган ушбу тадбирнинг асосий мақсади – товар ва хизматлар сифати муҳимлигини ошириш ҳамда сифат муаммоларига эътибор қаратишдан иборат.
Шу жумладан, мамлакатимизда ҳам истеъмол товарлари ва хизматлар сифатини янада ошириш бўйича бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳар йили ноябрь ойида мамлакатимизда “Озиқ-овқат маҳсулотлари сифат ҳафталиги” тадбири ўтказилиши белгиланган.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига жорий йилнинг ўтган даври мобайнида истеъмолчилардан жами 20 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 35 фоизи сотиб олинган маҳсулот ёки кўрсатилган хизматлар сифати билан боғлиқдир.
Агентлик томонидан чакана савдо объектларида сотиладиган товарларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларига мослиги юзасидан жорий йилда жами 153 номдаги маҳсулотларнинг назорат хариди амалга оширилди. Шундан, 27 номдаги маҳсулот амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш ҳужжатларига мос эмаслиги аниқланган.
Хусусан, 12 та ҳолатда озиқ-овқат маҳсулотлари, 15 ҳолатда ноозиқ-овқат маҳсулотлари (булар, тамаки, арматура, Лед лампа, гугурт, кабель маҳсулотлари) тегишли лаборатория таҳлиллари натижалари асосида номувофиқ деб топилди. Ва аниқланган маҳсулотлар бўйича ваколатли орган томонидан камчиликлар бартараф этилди.
Бундан ташқари, республика ҳудудларида чакана савдо билан фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан фойдаланилаётган тарозиларнинг метрология текширувидан ўтказилганлиги ўрганилди.
Олиб борилган таҳлилларга кўра, истеъмолчиларга бевосита чакана савдо объектларида жами 137 мингга яқин тадбиркорлик субъектларининг 97 фоизида фойдаланилаётган тарозилар метрология теширувидан ўтказилмаганлиги аниқланган.
Агентликнинг ҳудудий тузилмалари томонидан ушбу субъектларга истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва амалдаги қонунчилик талабларини тушунтириб, кўрсатма хатлари берилди.
Натижада 6 минг 400 дан ортиқ тадбиркорлар томонидан камчиликлар ихтиёрий равишда баратараф этилди ва тортиб сотиладиган маҳсулотлар вазни бўйича юзага келиши мумкин бўлган муаммолар бартараф этилди. Мазкур йўналишда профилактика ва тушунтириш ишлари давом этмоқда.
Маълумки, ҳар бир қадоқланган озиқ-овқат маҳсулоти белгиланган тартибда маркировкаланган бўлиши лозим, унда истеъмолчи учун муҳим бўлган барча маълумотлар кўрсатилиши шарт.
Маҳсулотларни маркировкалаш қоидаларига мослигини таҳлил қилиш мақсадида, республика миқёсида жами 726 номдаги маҳсулотлар булар - колбаса, сосиска, сут маҳсулотлари, музқаймоқ ва қадоқланган нон маҳсулотлари ва бошқалар ўрганилди
Натижада, 365 номдаги маҳсулотда, яъни 50 фоиз ҳолатда камчиликлар аниқланди.
Шундан, бугунги кунгача Агентлик саъй-ҳаракатлари билан жами 106 ҳолатда маҳсулотлар қадоғидаги камчиликларни ихтиёрий равишда баратараф этилиши таъминланди.
Аҳолини сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоя қилиш мақсадида Агентлик томонидан ўтказилган ўрганишлардан яна бири – бозорлар ва савдо дўконларида контрафакт хамиртуруш маҳсулотларини аниқлаш.
Республика бўйлаб олиб борилган жами 64 та мониторинг кузатувлари натижасида 54 та ҳолатда, яъни 85 фоизида маҳсулотнинг қалбаки намуналари сотилаётгани маълум бўлди.
Инсон саломатлиги учун зарар етказиши мумкин бўлган сифатсиз ва қалбакилаштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини реализация қилмаслик юзасидан сотувчиларга тушунтириш берилган.
Ички истеъмол бозорларда сотилаётган импорт маҳсулотлар сифати ва хавсизлиги ҳақида истеъмолчиларни хабардор қилиш мақсадида Агентлик томонидан Россия сифат тизими (Росскачество) ва бошқа хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда.
Ҳурматли истеъмолчилар, ёдда тутинг. “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан, истеъмолчи – товар (иш, хизмат) хавфсиз бўлишини, шунингдек сифатсиз товар туфайли етказилган моддий зарарни тўлиқ ҳажмда қопланишини талаб қилиш ҳуқуқларига эгасиз.