Реимбурсация-сурункали касалликларни даволашда керакли дори воситаларининг харажатлари давлат томонидан қопланади

Реимбурсация-сурункали касалликларни даволашда керакли дори воситаларининг харажатлари давлат томонидан қопланади

Расмий хабарлар

Ҳар қандай касалликни даволаш қайсидир миқдорда маблағ талаб этади. Тиббий хизмат нархи ошганда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисмида юқори малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти бўлмаслиги мумкин. Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг мақсади эса ана шу муаммони бартараф этган ҳолда, тиббий хизматдан фойдаланишда барчани тенг қамраб олишдир.

Президентимиз ташаббуси билан давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида тажриба-синов тариқасида жорий этишдан кўзланган асосий мақсад ҳам аҳолининг молиявий қийинчиликка дуч келмай, зарур тиббий ёрдам олишини таъминлаш, эл саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган.

Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини муассасаларида халқаро тажрибалар асосида қатор дастурлар амалга оширилмоқда. Хусусан, аҳолига кафолатланган пакет доирасида бепул тиббий ёрдам кўрсатиш ва дори воситалари билан таьминлаш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, сурункали касалликларни амбулатор шароитда даволашда зарур бўладиган айрим дори воситалари билан беморларни дорихона орқали бепул таъминлаш дастури ишлаб чиқилди.

Ушбу дастур Реимбурсация деб номланади. Реимбурсация - инглизча сўз бўлиб, “харажатларни қоплаш” маъносини англатади – бу аҳолини дори воситалари билан таъминлаш ҳисобланиб, алоҳида сурункали касалликларни даволаш учун шифокор томонидан буюрилган дори воситалари харажатларини мақсадли компенсация қилишни назарда тутади.

 

Даволаш стандартларига кўра дори воситаларини қабул қилиш ҳар қандай касалликни даволашнинг ажралмас қисмидир, бироқ сурункали касалликларни амбулатор шароитда узлуксиз даволаш тизими мукаммал эмас. Шу боис аҳолини зарур дори воситалардан фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида реимбурсацияни амалиётга жорий этишга зарурият юзага келди.

 

Реимбурсация дастури беморга оилавий шифокор ёзган электрон рецепт асосида дорихоналар орқали дори воситаларини бепул олиш имконини беради. Реимбурсацияга Сирдарё вилоятида тажриба-синов тариқасида артериал гипертония, юрак ишемик касаллиги, қандли диабетнинг 2-тури, бронхиал астма ва ўпканинг сурункали обструктив касалликларини амбулатор шароитда даволаш учун 11 турдаги дори воситаси киритилган.

 

Бу дори воситаларини қандай тартибда олиш кўпчиликка қизиқ!

Бунинг учун сурункали касаллик билан диспансер назоратида турган беморлар ўзларининг оилавий шифокорларига мурожаат қилади. Шифокор беморни зарур текширувдан ўтказади агар керак бўлса, уни лаборатория-диагностика текширувларига юборади. 10-Халқаро касалликлар таснифига кўра, аниқ ташҳис қўйилгач, электрон амбулатор картага маълумотлар киритилади ва электрон рецептни шакллантиради. Ўша заҳоти беморнинг мобил телефонига СМС келади. Зарурият туғилганда (беморнинг талабига кўра) шифокор электрон рецептни беморга қоғоз шаклида тақдим этиши мумкин.

Шифокордан электрон рецептни олган бемор ДТСЖси билан шартнома тузган дорихонага дори воситасини олиш учун мурожаат қилади.

 

Реимбурсацияда иштирок этаётган дорихона беморга дори воситасини электрон рецепт асосида бепул беради. Бунда берилган дори воситалари бўйича дорихоналарнинг сарф-харажатларини Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси қоплаб беради. Шартнома шартларига кўра дорихоналар рўйхатга киритилган дори воситаларининг узлуксиз таъминотини ҳамда жорий йил якунига қадар ушбу дори воситалари нархини ўзгармаслигини таъминлаши лозим.

 

Реимбурсация ҳукуматимиз томонидан қўйилаётган шаффофлик ва адолатлилик тамоийларига жуда мос бўлиб, жараёнлар электрон тарзда амалга оширилади. ДТСЖ, Бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари ва дорихона раҳбарлари бевосита кузатиб бориш имкониятига эга.

 

Алоҳида таъкидлаш керакки, Реимбурсация ҳозирда фақатгина Сирдарё вилоятидаги тажриба-синов жараёнида амалиётга татбиқ этилмоқда. Олинган натижаларга кўра келгусида юртимизнинг бошқа ҳудудларига ҳам жорий этиш мўлжалланган.


Report Page