Реэкспорт қилинган товарлар учун реэкспорт қилинган мамлакатда расмийлаштирилган импорт декларациясини тақдим этиш амалиёти бекор қилинди
https://t.me/aoka_uzБу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари в.б. Ҳусан Тангриев маълум қилди.
Давлат божхона қўмитасининг навбатдаги брифинги Божхона қиймати декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага 2022 йил 16 сентябрда киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга бағишланади.
Мазкур ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 апрелдаги “Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган “Божхона органларини коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш” дастури ижроси доирасида амалга оширилди.
Ҳужжатга биноан божхона қийматини аниқлашнинг битим қийматига оид усул, яъни биринчи усул бўйича Ўзбекистон Республикасига реэкспорт қилинган товарлар учун реэкспорт қилинган мамлакатда расмийлаштирилган импорт декларациясини тақдим этиш амалиёти бекор қилинди.
Шунингдек, Хавфларни бошқариш тизимида божхона юк декларацияси “сариқ” ва “қизил” йўлакка йўналтирилганида қўшимча сўраб олинадиган ҳужжатлар мунтазам тарзда сўраб олинмайди.
Эндиликда қўшимча ҳужжатлар товарнинг божхона қиймати охирги 90 календарь кун ичида 1-усулда расмийлаштирилган худди шундай товарнинг божхона қийматидан паст бўлса, сўраб олиниши мумкин.
Агар 90 кун ичида бундай маълумотлар мавжуд бўлмаса, 180 кунлик муддат бўйича солиштирилиши мумкин.
Масалан, тадбиркор 1 кг учун нархи 2 АҚШ долларидан тўғри келадиган товарни четдан олиб келди. Охирги 90 кун ичида ушбу товар нархи битим қийматида (1-усулда) 1,7 АҚШ доллари ва ундан юқори бўлган ҳолларда фақат инвойс билан божхона расмийлаштирувини амалга ошириш мумкин.
Қўшимча ҳужжат сирасига кирадиган учинчи шахслар ўртасидаги шартномалар ва улар бўйича ҳисобларни тақдим этиш иложи бўлмаса, бу ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига қамраб олувчи харидор ёки сотувчининг ёзма тушунтиришлари қабул қилиниши мумкин.
Божхона қийматини аниқлашда битим тарафлари ўртасида ўзаро боғлиқлик йўқлигини тасдиқлаш учун тадбиркорлар томонидан ихтиёрий равишда тақдим этилиши мумкин бўлган ҳужжатлар рўйхати тасдиқланди.
Айнан бир хил (2-усул) ва ўхшаш (3-усул) товарларнинг божхона қийматини белгилаш учун асос сифатида фойдаланилаётган божхона юк декларацияси, унга тегишли шартнома ва ҳисобварақ-фактурани (инвойс) мажбурий тақдим этиш амалиёти бекор қилинди.
Эндиликда божхона қийматини белгилаш учун асос сифатида фойдаланилаётган божхона юк декларациясининг рўйхат рақамини божхона қиймати декларациясида кўрсатишнинг ўзи етарли.
Божхона ходими эса божхона органларининг ахборот тизимида яратилган имконият орқали декларациянинг тартиб рақамидан фойдаланган ҳолда барча зарур ҳужжатларни мустақил текшириши мумкин.
Шунигдек, божхона ходими томонидан ушбу усулларни (2 ва 3-усуллар) қўллаш учун асос бўлган божхона қиймати тўғрисида тадбиркорлик субъектларига маълумот тақдим этиши мумкин.
Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши
божхона қийматини аниқлашнинг битим қийматига оид усулни кенг қўлланилишига,
божхона қийматини аниқлаш усуллари кетма-кетлигига қатъий риоя қилинишига,
божхона қийматининг реал белгиланишига,
божхона қийматини белгилашда ўзбошимча ёки сохта нархлардан фойдаланишни олдини олишга,
божхона қийматини аниқлаш тартиб-таомилларини барча учун бир хил қўлланилишига,
ортиқча бюрократик тўсиқларни олиб ташланишига,
жаҳон стандартларига мос тарзда божхона қийматини аниқлаш методикасини қўлланалишига олиб келади.