Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қилган хутбалари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қилган хутбалари

Артиков Бекзод

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукка тушган кунларида бутун аскарга қарата бир хутба ўқидиларким, бу ўқиган хутбада инсонлар учун дунё ва охиратлик энг керакли сўзлар келтирилган эди. Aгар биз мусулмонларга шу хутбадан бошқа ҳеч сўз Расулуллоҳдан қолмаган тақдирда ҳам, ёлғиз шу хутбанинг ўзи икки дунёда бизга раҳбарлик учун етарлик бўлур эди.

Бу қутлуғ хутбани ҳадис олимларининг алломаларидан бир неча зотлар ўз китобларида келтирмишдурлар. Мен фақир китоб ёзувчиси бу хутбанинг асли арабчасини Ислом оламининг алломаси Ибн Қаййим Жавзийянинг «Зодулмаъод» деган китобидан кўчириб ёздим. Буни ўқиганлар тушуниб, унинг мазмунидан фойдалансинлар, деб ўз тилимизга таржима қилдим. Хутбанинг таржимаси қуйидагича:

«Ҳамд санодан сўнгра айтадурманки, сўзларнинг энг тўғриси Қуръон сўзидир.

Инсоннинг энг ишончлик нарсаси унинг иймонидур.

Динларнинг яхшиси Иброҳим Ҳалилуллоҳ тутган Ислом динидур.

Йўлларнинг яхшиси Муҳаммад алайҳиссаломнинг йўлидур.

 Сўзларнинг шарофатлиги Aллоҳнинг зикридур.

 Эргашмоққа энг лойиқ нарса шу Қуръондур.

Дин ишларининг улуғи фарзларидур, энг ёмони анинг қўшимчаларидур.

Равишларнинг яхшиси пайғамбар равишларидур.

Ўлимларнинг яхшиси шаҳидлар ўлимидур.

Кўрларнинг кўри Ислом динидан чиқишдур.

Илмнинг яхшиси, охиратда фойдалигидир.

Бошлашнинг яхшиси эргашилганидур.

Кўрликнинг энг ёмони дил кўрлигидир.

Устинги қўл остинги қўлдан яхшидур.

Оз бўлиб етарлик бўлса, оздирган кўпдан яхшидур.

Узрларнинг энг ёмони ўлим етганда айтилганидур.

Пушаймонлар ёмони охират пушаймонидур.

Баъзи бир ихлоси йўқ киши, намозга кеч келур.

Қайси бирлари ёлғондан Aллоҳ зикрини тилида қилур.

Тил ёлғони гуноҳларнинг зўридир.

Бойликнинг энг яхшиси кўнгил бойлигидур.

Озуқларнинг энг яхшиси тақво ибодатдур.

Барча яхшилик боши Худодан қўрқмоқдур.

Кўнгил сақлаган нарсаларнинг энг яхшиси Aллоҳга ишонмоқдур.

Дин ишларида гумон қилмоқ куфрдур.

Ёқа йиртиб, соч юлиб йиғламоқ, жоҳилият одатларидир.

Яширин хиёнатлар тамуғ тошларидур.

Закотсиз йиғилган олтин-кумушлар дўзах тамғасидур.

Ёмон қўшиқлар айтиш шайтон сурнайидур.

Чағир (ароқ) ичиш барча бузуқлик онасидур.

Хотунлар (ёмонлари) шайтон тузоғидур.

Ёшлик телбаликнинг бир бутоғидур.

Касбларнинг энг ёмони судхўрликдур.

Шаққий (ёмон) онасидан туғилгандаёқ шаққий туғилур.

Ҳар бир кишининг борар жойи тўрт газ ердур.

Ҳар ишга охирида баҳо берилур.

Барча ишнинг асоси туганчисидур.

Тушларнинг ёмони ёлғончининг тушидур.

Ҳар келгувчи бизга яқиндур.

Мусулмонни сўкмоқ гуноҳдир, унга қурол кўтармоқ куфрдур, уни ғийбат қилмоқ улуғ ёзуқдир (гуноҳдир).

Мўминнинг қони ҳаромдур. Шунга ўхшаш анинг моли ҳам ҳаромдур.

Бир ишни қилурман деб қасам ичганлар уни қилолмайдилар, Aллоҳ уни ёлғончи қилур.

Киши хатосини кечирганни Aллоҳ кечирур, уни афв қилганни Aллоҳ афв қилур.

Aччиғини ютган кишиларга Aллоҳ улуғ ажр берур.

Мусибат кўриб сабр этгувчиларни ўрнини тўлдирур.

Риё қилгувчи кишиларга Aллоҳ ҳам риё қилур.

Кўплаб сабр қилгувчиларга савоб қатма-қат бўлур.

Амрини тутмаганларни Aллоҳ азоб қилур.

Эй бор Худоё, менинг ва умматларимнинг гуноҳини кечиргил», деб уч марта айтдилар. Сўнгра халққа қараб:

 - Ўзим учун, сизлар учун Aллоҳдан афв ўтинаман,- деб сўзни тўхтатдилар.

Алихонтўра Соғунийнинг Тарихи Муҳаммадий китобидан олинди.


Report Page