Расмий муносбат

Расмий муносбат


Kun.uz ахборот нашри орқали ““Очиқ бюджет”нинг боши беркми? Янгийўл ва Гулистон туманларида ишламаётган қонунлар ҳақида” деб номланган мақола юзасидан расмий муносабат.


Ушбу мақолада, фуқаро Икром Рихсибоев томонидан “Кўприк ҳеч қандай стандартларга тўғри келмайди. Ундан ўтувчилар учун хавф туғдиради. Юзлаб маҳалла болалари кўприкдан ўтиб мактабга бориб-келади. Кўприкни қайта қурдириш учун “Очиқ бюджет” дастурида ташаббус билан чиқдик.


Лекин танловда ғолиб бўлган бизнинг ташаббус ҳали бошлангани йўқ. Бу масалада Янгийўл тумани ҳокимига, Тошкент вилояти ҳокимига ва Молия вазирлигига мурожаат қилганимизга қарамасдан, амалий натижа йўқ”, – дея шикоят қилинганлиги кўрсатиб ўтилган.


Янгийўл тумани ҳокимлиги мазкур масалани ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилади.


Янгийўл туманида “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали 2021 йилда 2 та таклиф жамоатчилик фикри асосида энг кўп овоз тўплаган ҳолда ғолиб деб топилган. Булар:


1.Янгийўл тумани Гулбаҳор шаҳарчасида жойлашган Мономарказни таъмирлаш ва моддий техник базасини мустаҳкамлаш (900,0 млн. сўмлик 523 та овоз билан 2-ўрин) таклифи.


2.Янгийўл тумани Чангтепа маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 5-умумтаълим мактабига “Жўнариқ” каналидан ўтувчи кўприкни қайта қуриш (100,0 млн.сўмлик 624 та овоз билан 1-ўрин) таклифи;


Мономарказни таъмирлаш ва моддий техника базасини мустаҳкамлаш учун берилган таклиф лойиҳаси учун давлат харидлари тўғрисидаги Қонун талаблари асосида шартнома тузилиб, лойиҳа амалга оширилган.


Янгийўл тумани Чангтепа маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 5-умумий ўрта таълим мактабига “Жўнариқ” каналидан ўтувчи кўприкни қайта қуриш мақсадида 100,0 млн. сўм маблағ ажратилган ва буюртмачи этиб туман Ободонлаштириш бошқармаси тайинланган.


Туман Ободонлаштириш бошқармаси томонидан давлат харидлари бўйича қонунчилик талаби асосида пудратчини танлов асосида танлаб олиш учун 2021 йил 9 декабрда 7176444-сонли тартиб рақам (лот) билан кўприк қуриш учун эълон берилган бўлиб, амалда пудратчи ташкилотлардан ҳеч қандай таклиф келиб тушмаганлиги сабабли лойиҳани амалга ошириш учун танлов ўтказиш имконияти бўлмаган.


Туман ҳокимлиги томонидан танлов жараёнида пудратчилар томонидан таклиф билдирилмагани сабаблари таҳлил қилинганда фуқаро Икром Рихсибоев томонидан таклиф қилинган 100.0 млн.сўм маблағга пиёдалар ўтиши учун мўлжалланган кўприк лойиҳасини амалга ошириш имкони йўқлиги аниқланди.  


Ҳозирда ушбу кўприкни мукаммал таъмирлаш учун қайтадан лойиҳа-смета хужжатлари тайёрланиб, талаб этиладиган маблағга аниқлик киритилади ҳамда етишмаган қисми маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан ажратилган холда лойиҳани қисқа муддатда амалга оширилишини маълум қиламиз.


Каналга аъзо бўлиш (https://t.me/yangiyul_tuman) 👈


✍️ Янгийўл туман ҳокимлиги Ахборот хизмати


Telegram (https://t.me/yangiyul_tuman) | Instagram (https://instagram.com/axborot_xizmati_77?igshid=yrbeg6ojuocd) | Facebook (https://www.facebook.com/%D0%AF%D0%BD%D0%B3%D0%B8%D0%B9%D1%9E%D0%BB-%D1%82%D1%83%D0%BC%D0%B0%D0%BD%D0%B8-%D2%B3%D0%BE%D0%BA%D0%B8%D0%BC%D0%BB%D0%B8%D0%B3%D0%B8-107036537764236/) | Youtube (https://www.youtube.com/channel/UC2vczo-HUIpMVOjusRPbYZA)

Report Page