Расмий муносабат: Блогер Отабек Джураевга Самарқанд шаҳрида тан жароҳати етказилганлиги бўйича терговга қадар текширув олиб борилмоқда

Расмий муносабат: Блогер Отабек Джураевга Самарқанд шаҳрида тан жароҳати етказилганлиги бўйича терговга қадар текширув олиб борилмоқда

Ички ишлар вазирлиги

Ижтимоий тармоқларда бир қатор хорижий, маҳаллий сайтлар ва блогерлар ўз саҳифаларида блогер Отабек Джураевни тан жароҳати олгани бўйича аниқ сабабни билмасдан туриб, бир томонлама хулоса чиқариб, тасдиқланмаган хабарларни ва блогер Отабек Джураевнинг турли ижтимоий манбаларга ҳуқуқ тартибот идоралари фаолиятида ноқонуний ишлар бўлаётгани ҳақидаги асосланмаган интервьюсини тарқатмоқдалар.

Ушбу хабарларда келтирилган ҳолатлар Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди. Маълум бўлдики, Отабек Джураевнинг ички ишлар органларига берган аризасига кўра, Самарқандшаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тўпланган ҳужжатларга кўра, 2019 йилнинг 4 август куни соат 18:00ларда Отабек Джураев Самарқанд шаҳри, Ибн Холдун кўчаси, 4а-уй олдида Дониёр Усмонов билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро келишмовчилик натижасида бир-бирларини болта ва арматура бўлаклари билан уриб тан жароҳати етказишган.

Судга оид тиббиёт экспертизасининг хулосасида, О.Джураевнинг ўнг тирсак бўғими, кўкрак қафаси соҳаларида шилинмалар, бошнинг чап чакка соҳасида юзаки жароҳатлари мавжудлиги, улар ўтмас қаттиқ жисм таъсирида етказилганлиги, ушбу жароҳатлар соғлиқнинг қисқа муддатга бузилишига сабаб бўлмаслиги, шунинг учун енгил тан жароҳатлари гуруҳига киришлиги кўрсатилган.

Д.Усмоновнинг қорин олд деворида кесилган яралар каби жароҳатлар аниқланганлиги, улардан шилинмалар, қонталаш ва урилиб йиртилган яраси ўтмас қаттиқ жисм таъсирида, кесилган яралар ўткир тиғли восита таъсирида етказилганлиги, ушбу жароҳатлар соғлиқнинг олти кундан кўп аммо йигирма кундан кам бўлган муддатга бузилишига сабаб бўлган тан жароҳатлари гуруҳига киришлиги Судга оид тиббиёт экспертизасининг хулосасида кўрсатилган.

Ҳолат бўйича шу куни Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими ходимлари томонидан воқеа жойи кўздан кечирилганда бир дона болта далилий ашё тариқасида ҳужжатлаштириб олинган. О.Джураев ҳолат юзасидан ўз тушунтириш хатида, Д.Усмоновнинг собиқ турмуш ўртоғи Р.Усмонова билан шаърий никоҳ асосида турмуш қурганлигини, шу куни унинг яшаш уйида ўтирганда Д.Усмонов келиб, нима сабабдан турмуш ўртоғи билан юришини ва автомашинасини ҳайдаб юрганлигини айтиб, болта билан Р.Усмоновани автомашинасини бузиб ташлайман деганида, О.Джураев уни тўхтатмоқчи бўлганида болта О.Джураевнинг бош қисмига тегиб кетганлиги, шунингдек ушбу болта билан Д.Усмоновнинг қорин қисмига ҳам жароҳат етказиб, қочиб кетиб, шифохонага мурожаат қилганлигини баён қилган.

Д.Усмонов дастлабки тушунтириш хатида шу куни набираларидан хабар олиш учун собиқ турмуш ўртоғи Р.Усмонованинг яшаш уйига борганида, унга нотаниш бўлган кейинчалик билишича О.Джураевни кўриб, уйидан чиқиб кетишини айтганида О.Джураев Р.Усмоновага тегишли бўлган Каптива русумли автомашинасини ҳайдаб кетишини айтганлиги, аммо у турмуш ўртоғи билан ажрашган бўлса-да, мол-мулки бўлинмаганлиги сабабли бунга йўл қўймаганлигини, автомашинани орқа тутун чиқариш тешигига латта ва ёғоч билан ёпганида ўрталарида жанжал келиб чиққанлиги, болтани олиб автомашинага шикаст етказмоқчи бўлганида О.Джураев болтани ушлаб олганлиги, шу пайтда унинг бош соҳасига тегиб кетганлиги, у болтани тортиб олмоқчи бўлганида болта ўзига текканлигини, натижада жароҳат олиб шифохонага мурожаат қилганлигини баён қилган.

Д.Усмоновдан қўшимча равишда тушунтириш хати олинганида, у дастлабки берган айрим тушунтиришларини ўзгартириб, шу кунги жанжал вақтида О.Джураев уни шу ерда турган арматура бўлагини қўлига олиб, қорин соҳасига икки маротаба уриб тан жароҳати етказганлиги, шундан кейин ўзини ҳимоя қилиш мақсадида арча тагида бўлган болтани олиб, автомашинага шикаст етказмоқчи бўлганлигини, О.Джураев эса унинг қўлидан болтани тортиб олаётган вақтида ўзининг бош соҳасига тегиб кетганлигини баён қилган.

Айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси