Расмий муносабат
Бугун, NasafNews.uz сайтининг телеграм каналига "Ғузорда ун олиш учун узун навбатлар ҳосил бўлди" сарлавҳаси билан эълон қилинган видеолавҳа юзасидан Ғузор тумани ҳокимлигининг муносабати.

Видеолавҳада Ғузор тумани "Халқобод" маҳалла аҳолисига ун тарқатилаётганлиги ва бу жараёнда фуқаролар навбат кутиб қолганлиги акс эттирилган.
Мазкур масала юзасидан Ғузор тумани ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилади:
Вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган график асосида Ғузор туманида 207,6 минг нафар аҳолига ноябрь ойида 498,3 тонна арзонлаштирилган ун маҳсулоти тарқатилиши режалаштирилган.
Шундан, тумандаги “Халқобод” маҳалласида яшовчи 5616 нафар фуқаролар учун 2,4 кг.дан жами 13,5 тонна арзонлаштирилган ун маҳсулотини тарқатиш белгиланган.
Бугун "Нормурод бобо" хусусий савдо корхонаси режада белгиланган 13,5 тонна ун маҳсулотини Халқобод қишлоғи аҳолиси учун олиб борган.
Унни тарқатиш жараёнида корхона ишчиларининг сони камлиги, кичик хажмли ун қопининг мавжуд эмаслиги, унни ўлчаб бериш вақт талаб этганлиги ва маълум бир қисқа вақтда фуқароларнинг кўпчилиги йиғилиб келганлиги оқибатида навбатга туриб кутиш ҳолатлари кузатилган.
Шундай бўлсада, келган фуқароларнинг барчасига ун тарқатилган.
Келгусида шу каби ҳолат такрорланишини олдини олиш мақсадида мутасаддилар огоҳлантирилди. Чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, алоҳида назоратга олинди.
Ғузор тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати