Расмий муносабат

Расмий муносабат


Бугун Олмалиқ шаҳрида корхона, ташкилотлар, хусусан, ОКМК иштирокида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилмоқда. Ярмарка ўтказиш учун "Металлург" маданият саройи танланган эди. Бироқ, талабгорларнинг кўплиги, хусусан, ОКМК га ишга кириш истагида яқин ҳудудлардан(Пскент, Оҳангарон, Бўка, Бекобод) ҳам келган фуқаролар ҳисобига мўлжаланган жойда тиқилинч юзага келди.

Шундан сўнг, зудлик билан шаҳар ҳокимлиги, ОКМК масъуллари томонидан "Меҳнат ярмаркаси" мазкур маданият саройига ёндош ҳудудда жойлашган "Ёшлар боғи"га кўчирилди. Айни пайтда "Ёшлар боғи"да Олмалиқ шаҳар сектор раҳбарларининг сайёр қабули ҳам бўлиб ўтмоқда.

Маълумот учун қайд этиш жоизки, 2019 йилда комбинатга 2 500 нафардан ортиқ фуқаролар ишга қабул қилинган бўлиб, уларнинг 1 805 нафарини ёшлар ташкил этади (шундан 321 нафари қизлар). Шу жумладан, 660 нафари Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази квота йўлланмасига асосан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига кирувчи шахслардир.

Жорий йил бошидан бугунги кунга қадар 787 нафар фуқаролар ишга қабул қилинган бўлиб, уларнинг 738 нафарини ёшлар ташкил этади (шундан 158 нафари қизлар).

Шунингдек, жорий йилнинг 31 октябрь куни “Металлург” МСда ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг 142 нафар фуқаро комбинатга ишга қабул қилинди.

Маълумки, ОКМК АЖда йирик инвестиция лойиҳалари жадаллик билан амалга оширилмоқда. “Ёшлик-1” конини ўзлаштирилиш” лойиҳаси доирасида янги объектлар, хусусан 3-МБФ қурилиши муносабати билан комбинатда 10 мингта иш ўрни босқичма-босқич очилади. 

Бугунги "Меҳнат ярмаркаси"да шаҳар корхона ва ташкилотлари ва комбинатдаги мавжуд бўш иш ўринларига қабул бўлиб ўтмоқда. Шунингдек, шаҳар масъуллари томонидан ёшларнинг мурожаатлари ўрганилиб, келгусида очилиши режалаштирилган янги иш ўринлари ҳақида маълумотлар тақдим этилмоқда. 

ОКМК томонидан фуқароларни ишга қабул жараёнлари ҳақида ҳамда қабул ўтказиладиган кунлар ва қайси ихтисослик учун қачон суҳбат бўлиши ҳақида расмий веб-сайт ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар орқали доимий ахборот бериб борилади.

ОКМК Ахборот хизмати

Report Page