Расмий муносабат

Расмий муносабат


“Потребитель Бухара” телеграм каналида Когон-Бухоро автобус ва 236-сонли “Карвон бозор-Когон бош бекати” йўналишларида йўл кира нархи оширганлигидан норози бўлиб қилинган мурожаат бўйича РАСМИЙ ИЗОҲ.

Мурожаатга асосан бошқарма ходимлари томонидан ўрганишлар ўтказилди. Ўрганишлар давомида JAC SUNRAY русумли, давлат рақам белгиси 80А725VA бўлган транспорт воситасини "DILMUROD OCHIL TRANSPORT SERVIS" MCHJ томонидан берилган йўл варақаси асосида ҳайдовчи Ҳ.Қ бошқарганлиги аниқланди. Тадбирлар давомида ҳайдовчига йўл кира нархларини сунъий оширмаслик, йўловчилар билан қўпол муомалада бўлмаслик, йўловчи ташиш қоидаларига риоя этиш бўйича профилактик тушунтиришлар берилди. Ҳайдовчи томонидан бундай ҳолатлар қайта такрорланганда унга қатъий интизомий ёки тузилган меҳнат шартномаси бекор қилишгача бўлган чоралар кўрилиши мумкинлиги тўғрисида ушбу йўналишда хизмат кўрсатувчи "DILMUROD OCHIL TRANSPORT SERVIS" MCHJ масъуллари томонидан огоҳлантиришлар берилди.

Бундан ташқари Бухоро вилояти Транспорт бошқармаси ходимлари томонидан йўналишларда йўл кира нархлари оширилишини олдини олиш бўйича доимий назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда шаҳар йўловчи транспортида бир марталик йўл кира нархи 1500 (бир минг юз) сўм эканлигини ҳамда йўл кира нархлари оширилмаганлигини, аммо, йўловчиларга замонавий транспортларда хизмат кўрсатиш, автобуслар паркини доимий равишда янгилаб бориш лозимлигини инобатга олган ҳолда ҳамда автотранспорт корхоналарининг молиявий ҳолати ва ёқилғи-мойлаш материаллари нархларидан келиб чиқиб ҳозирда соҳа мутахассислари томонидан шаҳар жамоат транспортларида йўл кира нархларини 2000 сўмга кўтариш бўйича ҳисоб-китоблар ишлаб чиқилган. Шунингдек, “Автоматлаштирилган тўлов тизими оператори” МЧЖ билан ҳамкорликда шаҳар йўловчи транспортида электрон тўлов тизимини жорий этиш бўйича ишларнинг сўнги босқичи олиб борилмоқда. Электрон тўлов тизими жорий этилиши билан вақтга боғланган соатлик, кунлик, уч, олти ойлик ва йиллик лимитсиз йўл кира тарифлари амалиётга татбиқ этилади. Ушбу тадбирларни амалга оширишдан асосий мақсад йўловчилар учун қулайликлар яратиш ҳисобланади.

 

Бухоро вилояти Транспорт бошқармаси.

 


Report Page