Расмий муносабат
Наманган ИИБ Ахборот хизмати
Ижтимоий тармоқларда «“ИИБ укамни олиб кетди. Бу адолатсизлик” – фуқаро нега норози?» сарлавҳаси остида тарқалган видеохабар юзасидан Наманган вилояти ИИБнинг расмий муносабати.
11.06.2019 йилда Наманган вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан С.Алибоевни Ш.Инамжанов ва бошқаларни хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб юборган аризаси бўйича тўпланган ҳужжатларга асосан Ш.Инамжанов ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Хусусан, Б.Рахмонов, М.Инамжанов, Ш.Инамжанов ва бошқалар фирибгарлик йўли билан ўзганинг жуда кўп миқдордаги мол-мулкини қўлга киритиш мақсадида бир гуруҳ бўлиб, “Шодлик” фермер хўжалиги раҳбари С.Алибоевни алдаб, фуқаро Ш.Инамжановни Россия Федерациясида мавжуд бўлган фермер хўжалигида иш юритувчи бўлиб ишлагани ҳолда, аслида ким эканлигини аниқ билиб, уни РФ фуқароси Қадирқулов Садиқжон деб таништириш орқали, С.Алибоевга Россия Федерациясидан дастлаб 500 бош, банкдан кредит маблағлари чиқарганидан сўнг 1000 бош арзон нархларда наслли қора мол олиб келиб беришларини айтиб, ишончига киришиб, 2018 йил сентябр-октябрь ойларида 135.000 АҚШ доллари нақд пул шаклда олиб, 2018 йил декабрь ва 2019 йил январь ойларида банк орқали 538.450 АҚШ доллари пул маблағларини Ш.Инамжановни РФдаги ҳисоб рақамига ўтказиш йўли билан қўлга киритишиб, С.Алибоевга етказиб берилиши керак бўлган наслли қора молларни етказмай, қора молларни бир қисмини ўзига тегишли бўлган “Султонбек Сабрина боғлари” фермер хўжалигига олиб келиб, бошқа фуқароларга сотиб, С.Алибоев томонидан наслли қора мол олиш учун берилган пулларни шахсий эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборганлар.
Ш.Инамжанов (С.Қадирқулов) ва бошқалар қора молларни етказиб бермаганидан сўнг, С.Алибаев ҳаракатларидан норози бўлиб, 2019 йилда Учқўрғон тумани ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган.
Жиноят иши 15.07.2019 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан иш юритувига олиниб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Жиноят иши бўйича Г.Инамжановга нисбатан 24.07.2019 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан айб эълон қилиниб, “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.
13.08.2019 йилда М.Инамжанов ва Ш.Инамжановларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан сиртдан айб эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва қидирув эълон қилинган.
Дастлабки тергов давомида ака-ука Инамжановлар томонидан аслида С.Алибоевга юборилиши лозим бўлган қора молларнинг бир қисми фуқаро Б.Рахмоновга жўнатилганлиги, шартномага кўра банк орқали Россия Федерациясидаги Ш.Инамжанов (С.Қадирқулов)ни хисоб рақамига қора мол сотиб олиш учун ўтказиб берилган жуда кўп миқдордаги пуллардан
60.000 АҚШ доллари Б.Рахмонов раҳбарлик қилаётган “Султонбек Сабрина боғлари” фермер хўжалиги хисоб рақамига ўтказиб берилганлиги, нақд шаклда берилган жуда кўп миқдордаги пулларнинг бир қисми Б.Рахмонов томонидан олинганлиги, Б.Рахмонов С.Алибоевга берилиши керак бўлган қора молларни бошқа фуқароларга ҳам сотиб юборганлиги аниқланган.
11.10.2019 йилда сиртдан айбланувчи ва қидирувда бўлган М.Инамжанов, Ш.Инамжанов ҳамда “Султонбек Сабрина боғлари” фермер хўжалиги раҳбари Б.Рахмонов ва банк мансабдор шахсларига нисбатан бўлган қисми Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан алоҳида иш юритувига ажратилиб, айбланувчи тариқасида жалб қилиниши лозим бўлган шахслар яширинганлиги сабабли жиноят иши ҳаракатдан тўхтатилган.
22.10.2019 йилда Ғ.Инамжановга нисбатан бўлган жиноят иши ЖПКнинг 381-моддаси талаблари асосида айблов хулосаси билан тамомланиб, тегишли судловга юборилган ва суд томонидан Ғ.Инамжановга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо чораси қўлланилган.
19.01.2021 йилда Тергов департаменти томонидан М.Инамжанов, Ш.Инамжанов ва бошқаларга нисбатан бўлган жиноят иши Наманган вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасига юборилган.
Жиноят иши бўйича “Султонбек Сабрина боғлари” фермер хўжалиги раҳбари Б.Рахмонов ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган ва қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида Б.Рахмонов ҳақиқатда С.Алибоевга тегишли бўлган техникаларни сотишдан тушган пул маблағларини олганлиги, фермер хўжалигига М.Инамжановлар томонидан юборилган қора моллар келганлиги ва Б.Рахмонов томонидан фуқароларга сотилганлиги, қидирувда бўлган Ш.Инамжанов (С.Қадирқулов) С.Алибоевга қора мол етказиб бериши эвазига олган пуллардан бир қисми Б.Рахмоновни хисоб рақамига ўтказиб берилганлиги ва Б.Рахмонов томонидан нақдлаштириб олинганлиги, С.Алибоевга келишувга кўра берилиши шарт бўлган қора моллар етказиб берилмаганлиги Б.Рахмоновни ўзини, гувоҳлар ва жабрланувчиларнинг кўрсатмалари, юзлаштириш баённомалари ҳамда тергов ҳаракатлари давомида тўпланган ҳужжатлар билан тасдиқланганлиги сабабли Б.Рахмонов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида жалб қилинган.
Жиноят иши бўйича ҳозирда Наманган вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, иш бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
НАМАНГАН ВИЛОЯТИ ИИБ АХБОРОТ ХИЗМАТИ