Расмий муносабат
https://t.me/ekoqashИжтимоий тармоқларда “Қарши шаҳар Чақар МФЙ ҳудудидаги Насаф ва Қизилмачит кўчалари чорраҳасида Савдо дўкони ва ҳунармандчилик павильонлари қурилиши оқибатида мораторийга тушган кўп йиллик дарахтлар ўзбошимчалик билан кесиб ташланди. Бунда айрим ташкилот масъулларининг қўли борга ўхшайди.......!” сарлавҳали чиққан мақола Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ўрганилди.
Ўрганиш давомида маълум бўлишича, фуқаро Б.О.га Қарши шаҳар “Чақар” МФЙ, Насаф ва Қизилмачит кўчалари чорраҳасидан 18X6 ўлчамдаги 108,0 кв.метр ер майдонига вақтинчалик муддатга енгил типдаги “савдо павильони (савдо дўкони) ва ҳунармандчилик (этикдўзлик) павильони” ўрнатиш учун Қарши шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи в.в.б Ж.Х. томонидан 2021 йил 30 апрелдаги MR-2 сонли рухсатнома берилган. Фуқаро Б.О. мазкур рухсатнома талабларига зид равишда енгил типдаги павильон ўрнатиш ўрнига ажратилган ҳудудда қурилиш ишларини бошлаб юборган.
Фуқаро Б.О. экология ва атроф-муҳит соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилмаган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Экологик экспертизаси тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида” 2020 йил 7 сентябрдаги 541-сон қарорига мувофиқ, ҳудудда мўлжалланаётган, режалаштирилаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик ва бошқа хил фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини белгилаш ҳамда экологик экспертиза объектини рўёбга чиқариш мумкинлигини аниқлаш юзасидан корхоналар томонидан ишлаб чиқилиб, тақдим қилинган лойиҳа материаллари Давлат экология қўмитасининг ихтисослаштирилган эксперт бўлинмалари томонидан кўриб чиқилиши лозим. Лекин, фуқаро Қашқадарё вилояти “Давлат экологик экспертиза маркази” ДУКга тегишли тартибда мурожаат қилмасдан, экспертиза хулосасини олмасдан ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини бошлаган.
Фуқаро томонидан ҳудуддаги дарахтларнинг ноқонуний кесилиши ҳам мавжуд қонунчилик талабларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Ўрнатилган тартибга кўра, фуқаро Б.О. қурилиш режалаштирилаётган ҳудудидаги дарахтларни кесиш учун Давлат хизматлари марказига ариза билан мурожаат қилиши ва мурожаати Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ўрганилиб, дарахтнинг кесиш ёки кесилмаслиги бўйича берилган хулосага қараб иш тутиши керак эди.
Ушбу ҳудудда дарахтлар кесилганлиги тўғрисида Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига жорий йилнинг 3 август куни мурожаат келиб тушган. Масъул ходимлар томонидан ҳолат бориб ўрганилганда, ҳудудда жами 5 дона дарахтлар ноқонуний кесилганлиги аниқланган. Мазкур қонунбузилиш ҳолати юзасидан фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКсининг 79 моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, табиатга етказилган зарар 45 млн 325 минг сўм ҳисобланди ва базавий ҳисоблашнинг беш баробари миқдорида жарима қўлланилди.


Қурилиш учун вақтинчалик рухсатнома берган Қарши шаҳар қурилиш бўлими қонун талабларини бажармасдан қурилган объектни бузиб ташлаши ёки жойини тўғрилаб қуйиш мумкин. Бироқ, ноқонуний кесилган дарахтларни жойига қайтариб экиб қўйиш имкони йўқ. Тўғри, қонунчиликда белгиланган тартибда жарима қўлланилди, лекин ташкилот ва муассасалар, кенг жамоатчилик, қолаверса, ҳар бир юртдошимиз биргаликда амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ иш юритиб, Она табиатимизнинг бебаҳо бойлиги саналмиш ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини кўз қорачиғидай асраб-авайлаб, келажак авлодга ҳам табиатнинг бу бебаҳо неъматини мерос қилиб қолдирсак - бугунги кунимиз ва келажак авлод учун ҳам хайрли, савоб ишни амалга оширган бўлардик.
Қашқадарё вилояти Экология бошқармаси ахборот хизмати