Расмий муносабат

Расмий муносабат


муросасизлик ортидаги жиноят 

Косон туман ҳокимлигида оила турмуш доирасида содир этилган қотиллик жинояти юзасидан муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси, Косон туман секторлари мутасаддилари, туман хотин-қизлар бўлими, оила ва маҳаллани қўллаб-қувватлаш бўлими ва унинг таркибидаги МФЙлар, “Яккасарой” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ҳамда фуқаролар иштирок этишди. 

Йиғилишида сўз олган вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шуҳратжон Сатволдиев жиноятни юзага келтирган шарт-шароитларни атрофлича муҳокама этиб, мудҳиш жиноятни юзага келишига сабаб бўлган омилларни таҳлил қилди.  

Маълум бўлишича, Косон тумани “Яккасарой” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Б.П. шаръий никоҳ асосида бирга яшовчи турмуш ўртоғи Р.Х. га уйининг ёнидаги ер майдонига экилган тарвуз ва маккажўхори даласини қўриқлашни буюрса-да, далага тез-тез чорва молларини кириб, далани пайҳон қилаётганлигини рўкач қилиб, аёлни далага қарамаганликда айблаб келган. 

Ҳолат содир бўлган кун яъни, жорий йил 10 июль куни эри уйда соғлигини тиклаш учун даволанаётган бўлишига қарамасдан яна шаръий никоҳ асосидаги турмуш ўртоғи Р.Х.ни турли рўзғор ишларини бажармаганликда айблаб, оғзаки урушган. Натижада тоқати тоқ бўлган хотин Р.Х. шаърий никоҳ асосидаги эри Б.П. уйда ухлаб ётганидан фойдаланиб, тумтоқ темир жисм билан унинг бошига уриб, ўта оғир тан жароҳати етказган. 

Йиғилишда содир этилган мудҳиш жиноятни юзага келтирувчи шарт-шароитлар ва омиллар таҳлил этилганда эр ҳаётга, турмуш ташвишларига юзаки қараши туфайли юз бергани маълум бўлди. Бу ҳолатдан қўни-қўшни, маҳалла фаоллари ва айниқса, қариндошлар нега панжа орасидан қарагани танқид остига олинди.  

Ўйлаб кўрилса, маҳаллада фуқароларнинг кундалик ташвиши ва дарду муаммолари билан шуғулланиши лозим бўлган оқсоқоллар, қўни-қўшни қолаверса, кайвонилар, қариндош-уруғлар қаёққа қарагани бугун номаълум. Агарда ҳар бир фуқаро огоҳ ва ҳушёр бўлиб, атроф-теваракда кечаётган ҳолатларга дахлдорлик ҳисси билан яшаганда юқоридаги мудҳиш жиноятнинг олди олиниши мумкин эди. 

Ҳолат бўйича мутасадди идоралар масъулларидан изоҳ сўралиб, йўл қўйилган камчиликлар танқидий таҳлил этилди. Келгусида бу каби инсон ҳаётига зомин бўлувчи жиноятларнинг олдини олиш учун амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар юзасидан масъуллар олдига аниқ вазифалар қўйилди.  

Мазкур ҳолат юзасидан Косон туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаркатлари олиб борилмоқда.


Report Page