Расмий муносабат
Uzpharmcontrol
Ижтимоий тармоқларда тиббий буюм ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказишда ундириладиган йиғимлар миқдорига доир танқидий хабар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази қуйидагиларни маълум қилади.
Мамлакатимизда хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг тиббий буюм ва тиббий техникаларини тиббиёт амалиётида қўллаш мақсадида давлат рўйхатидан ўтказиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази томонидан амалга оширилади.
Рўйхатдан ўтказишда ундириладиган йиғимлар миқдори Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 мартдаги 213-сон қарорига мувофиқ қуйидагича белгиланган:
– маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 10 баравари;
– хорижий ишлаб чиқарувчилар учун Соғлиқни сақлаш вазирининг 2024 йил 6 сентябрдаги 31-буйруғига асосан (рўйхат рақами 3242, 24.10.2024 й.) уларнинг туридан келиб чиққан ҳолда.
Мазкур буйруқ билан тасдиқланган йиғимлар миқдори Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси сайти (lex.uz)да барча фойдаланувчилар учун очиқ ҳисобланади.
Хорижий ишлаб чиқарувчилар учун йиғимлар миқдори марказнинг унга сарфланадиган харажатларидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган бўлиб, ўрнатилган тартибда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Рақобат қўмитаси, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Савдо-саноат палатаси билан келишилган ҳолда қабул қилинган.

Тиббий буюмларни рўйхатдан ўтказишни соддалаштириш ва импорти учун имтиёз сифатида Президентимизнинг 2021 йил 5 майдаги ПФ-6221-сон Фармонига мувофиқ 2021 йил 1 июндан бошлаб 6 та хорижий ташкилотларнинг тиббий техника, тиббий буюмлар ва уларнинг бутловчи қисмларини рўйхатдан ўтказиш натижалари ва уларнинг сертификатларини тан олиниши йўлга қўйилган. Ушбу имтиёздан фойдаланган ҳолда 2,2 минг турга яқин тиббий буюм ва тиббий техникалар тан олиш йўли билан мамлакатимизда рўйхатга олинган.
Амалдаги рўйхат бўйича тиббий асбоб-ускуналар, шу жумладан, скалпелнинг ҳар бир номи учун рўйхатдан ўтказиш йиғими ундирилиб, унинг ҳар бир ўлчамлари учун қўшимча маблағ талаб этилмайди. Худди шу каби тиш имплантларда ҳам қўшимча узунлик ўлчами учун маблағ ундирилмайди. Бироқ уларнинг ҳар бир ўлчами лаборатория синовларидан ўтказилади.
Бундан ташқари, шу каби инструментларни тўплам сифатида тан олиш йўли билан рўйхатдан ўтказиш имконияти мавжуд бўлиб, тўпламдаги инструментлар сонидан қатъий назар (бир тўпламда 15 тадан 16.000 тагача буюмлар мавжуд бўлиши мумкин) рўйхатдан ўтказиш қиймати 79,1 млн.сўм (211 БҲМ)ни ташкил этади.
У шбу қиймат давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар, хусусан, рўйхатдан ўтказиш ҳужжатлари тўплами (14 бўлимдан иборат ҳужжатлар тўплами), меъёрий ҳужжатлар ва фойдаланиш бўйича йўриқномалар экспертизаси (шу жумладан қўшимча экспертларни жалб этган ҳолда), тақдим этилган намуналарни лаборатория таҳлилларидан ўтказиш жараёнларини ўз ичига олади.
Рўйхатдан ўтказиш ижобий натижаларидан келиб чиқиб, 5 йил мобайнида чекланмаган миқдорда импорт қилиш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома расмийлаштириб берилади.
Қозоғистон Республикасида тиббий буюмлар халқаро амалиётдан келиб чиқиб хавфсизлик синфи бўйича рўйхатдан ўтказилади. Хавфсизлик даражасидан келиб чиқиб (энга пасти 1, 2А, 2Б ва энг юқориси 3-синф) уларнинг рўйхатдан ўтказиш қиймати белгиланган.
Масалан, хавфлилик даражаси энг юқори 3-синфга мансуб тиббий буюмлар (ЕАЭС процедураси бўйича рўйхатдан ўтказишнинг барча босқичлари, шу жумладан ҳужжатларини экспертиза қилиш, лаборатория синовларини ўтказиш, ишлаб чиқаришни инспекциядан ўтказиш) 8 600 АҚШ долл.гача қийматда ҳақ олинади.
Бугунги кунда амалдаги қонунчиликка хорижий тажрибадан келиб чиқиб, тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда. Бунинг натижасида тиббий буюмларни хавфсизлик синфи бўйича тоифалаш ҳамда уларни давлат рўйхатидан ўтказишни табақалаштирилган тартибда (1 ва 2А-синфдагилар учун қисқартирилган муддат ва камроқ йиғим ундирган ҳолда) амалга оширилиши белгиланмоқда.
Яъни, унга кўра, тиббий буюмларни давлат рўйхатидан ўтказиш қийматини унинг нархига мутаносиб шаклда эмас, балки хорижий мамлакатлардаги каби уларнинг хавфсизлик синфи, ҳужжатлар тўплами ҳамда лаборатория таҳлиллари мураккаблигидан келиб чиқиб белгилаш кўзда тутилган.