Расмий муносабат

Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган Риштонда ИИБ хонасига олиб кирилган фуқаро ҳушини йўқотиб, реанимацияга ётқизилганлиги ҳақидаги хабар Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 4 июль куни Риштон туманининг Гумбаз маҳалласида фуқаро Р.М. (видеотасвирдаги фуқаро) “Cobalt” русумли транспорт воситасида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб “Тўхташ таъқиқланади” йўл белгиси таъсир доирасига автомашинани қўймоқчи бўлганда, ИИО ходимлари унга ҳуқуқбузарлигини тушунтирмоқчи бўлишган. Бироқ Р.М. ходимларининг қонуний талабини бажармасдан, ҳақорат қилиб, транспорт воситасини шу ерда турган фуқаролар ва ИИБ ходимлари устига ҳаракатлантирган.
Шундан сўнг ҳуқуқбузарлик содир этаётган шахс зарарсизлантирилиб, мажбурий тарзда ИИО таянч пунктига олиб борилган. (видеотасвирда акс этган ҳолат) Таянч пунктига унинг акаси М.Р. ҳам келиб, бақир-чақир қилиб, ходимларга қаршилик кўрсатган.
Шу пайт Р.М.нинг тутқаноғи тутиб ўзини йўқотган (Фуқаро Р.М.нинг муқаддам автоҳалокат оқибатида орттирилган эпилепсия касаллиги бўлган). Фуқарога тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.
Тиббий кўрик жараёнида фуқарога жароҳат етказилган ҳолати аниқланмаган.
Ҳозирда фуқаро Р.М. ва акаси М.Р.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-, 194-, ва 195-моддалари тартибида ҳужжатлар расмийлаштирилиб қонуний чора кўриш учун судга юборилган.
Ходимларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун хизмат текшируви тайинланган.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати