Расмий муносабат
UzpharmcontrolИжтимоий тармоқларда 2025 йилнинг бошида Миср Араб Республикасидан юборилган “гепатит С” вирусига қарши гуманитар ёрдам дорилари 20 кундан буён “Тошкент-АЕRО” Карго терминали омборида ётганлиги, қонун бўйича бу дори воситалари беморга етказилиши учун Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг ижобий хати кераклиги, бироқ бу ҳужжат ҳали тақдим этилмаганлиги тўғрисида асослантирилмаган турли хабарлар тарқалмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси ушбу хабарлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 16 майдаги “Айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-243-сонли қарори билан мамлакатимизда 2030 йилгача гепатит C дан ҳоли ҳудуд мақомига эришиш мақсад қилиб қўйилган.
Қарорга кўра, 2023-2025 йиллар давомида вирусли гепатитнинг C тури билан касалланган 42 минг нафар беморни (ҳар йили 10,5 мингдан) даволаш режалаштирилган.
Санепидқўмита Ахборот хизмати маълумотига кўра, 2023 йилда давлат бюджети ҳисобидан 63000 қути, Миср Араб Республикасидан беғараз ёрдам сифатида 212461 қути "Sofosbuvir", "Daklatasvir" дори воситалари ажратилиб, 19460 нафар бемор даволанган бўлса, 2024 йилда Миср Араб Республикасидан берилган 61 440 қути "Sofosbuvir" дори воситалари ҳисобига кенг қамровли даволаш ишлари давом эттирилиб, вирусга қарши даволанганлар сони 18 633 нафарни ташкил этган.
Жорий йилнинг июнь ойида мамлакатимизга ушбу дори воситаларининг навбатдаги партияси етиб келганлиги сабабли, Вирусология илмий-тадқиқот институтининг 2025 йил 18 июндаги 01-9/527 ва 01-9/528-сонли мурожаатига мувофиқ, ушбу институт номига Миср Араб Республикасидан "Ўзбекистон Республикаси халқига Миср халқидан совға", мурувват (инсонпарварлик) ёрдами сифатида юборилган “Gratisovir” (софосбувир) 400 mg film-coated tablets №28 (ишлаб чиқарувчи: European Egyptian Pharmaceutical Industries for Pharco Pharmaceuticals) дори воситалари № SOFO/1/2025 MOHP-сонли инвойс, №250-00003105-сонли авиа юк хати, ҳамда 2025 йил 2 июндаги № SOFO/2/2025 MOHP- сонли инвойс, №250-00000306-сонли авиа юк хати асосида мамлакатимизга олиб келинган.
Мазкур дори воситалари “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси томонидан белгиланган тартибда тезкор равишда экспертизадан ўтказилиб, 2025 йил 23 июндаги 41/25-11707 ва 41/25-11708-сонли хатлар билан Вирусология илмий-тадқиқот институтига уларнинг норматив ҳужжатлар талабларига тўлиқ жавоб бериши ҳақида расмий хулоса тақдим этилган.
Вирусология илмий-тадқиқот институти хабарига кўра, юқорида қайд этилган “Gratisovir” (софосбувир) ҳамда ушбу дори воситаси билан биргаликда қабул қилиниши лозим бўлган "Daclaverdin" (даклатасвир) дори воситаси Вирусология илмий-тадқиқот институти ҳузурида фаолият юритаётган Гепатология маркази томонидан 2025 йил 26 июндан бошлаб, сурункали вирусли гепатит С касаллиги аниқланган ва давога муҳтож деб топилган беморларга белгиланган тартибда тақдим этилиши бошланди.
Шунингдек, мазкур дори воситалари ҳудудлар кесимида тақсимланиб, ҳар бир вилоятнинг юқумли касалликлар шифохоналарига 2025 йил 1 июлга қадар етказиб берилиши режалаштирилган.
Шу ўринда таъкидлаб ўтамизки, “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси инсонпарварлик ёрдами сифатида мамлакатимизга етказилган дори воситаларининг сифат ва хавфсизлигини ўз ваколат доирасида зудлик билан кўриб чиқиш ва уларни беморларга тезкорлик билан етказиб берилишида ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини билдиради.