Расмий муносабат
Buxoro.uzИжтимоий тармоқларда Шофиркон тумани “Султонобод” МФЙ Юқори Ҳасанхўжа қишлоғида яшовчи 96 ёшли Жаббор бобо Мардоновга гўёки унинг уруш фахрийси сифатида Хотира ва қадрлаш куни арафасида пул мукофоти тантанали тарзда топширилганлиги, бироқ ушбу маблағ яна қайтариб олиб кетилганлиги тўғрисидаги хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирда Бухоро вилоятида 19 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 658 нафар фронт орти меҳнат фахрийлари бўлиб, байрам арафасида уларнинг ҳолидан хабар олиш, урушнинг оғир синовли йилларида ҳамда ундан кейинги даврда бугунги авлоднинг фаровон яшаши учун кўрсатган жасорат ва матонатлари учун алоҳида ҳурмат ва эътибор кўрсатилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонига асосан, республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Бухоро вилоят ҳудудида истиқомат қилувчи 19 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг табриги, қимматбаҳо совғаси ҳамда 12 миллион сўмдан бир марталик пул мукофоти байрам арафасида уларнинг яшаш хонадонлари ташриф буюрган ҳолда кенг жамоатчилик вакилари, ҳарбийлар ва ёшлар иштирокида тантанали равишда топширилди. Бундан ташқари, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳар бирига вилоят ҳокимлиги томонидан 3 миллион сўмдан пул мукофоти, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда ҳомийларнинг совғалари тақдим этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида келтирилган Фармонига мувофиқ пул мукофоти бериладиган 19 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари билан бир қаторда фронт орти меҳнат фахрийлари, урушга кетиб қайтиб келмаганлар ҳамда бедарак йўқолганларнинг оила аъзоларига вилоят ҳокими ҳамда Мудофаа ишлари вилоят бошқармаси бошлиғи номидан табрикномалар тайёрланиб, Хотира ва қадрлаш куни арафасида етказилди.
Шу жумладан, Бухоро вилояти бўйича рўйхатга олинган 658 нафар фронт орти меҳнат фахрийлари қаторида қайд қилинган Жаббор бобо Мардоновнинг яшаш уйига 2021 йилнинг 7 май куни Шофиркон тумани Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлими ҳамда Халқ банки масъул ходимлари бориб, отахонни байрам билан қутлашган, оила аъзолари ва фарзандлари иштирокида вилоят ҳокими номидан тайёрланган табрикномани ўқиб бериб, тантанали равишда тақдим этишган.
Суҳбат асносида Жаббор бобо ва унинг оила аъзолари табрикнома билан бирга пул мукофоти ҳам бор-йўқлигини сўрашган. Масъуллар Жаббор бобо Мардоновга вилоят ҳокими номидан топширилган табрик байрамолди кекса авлод вакилларини йўқлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш истагида тайёрланганини, бу ўринда пул мукофотлари бериш назарда тутилмаганлигини маълум қилишган. Шунингдек, отахонга май ойи учун тайинланган пенсия 5 май куни (икки кун илгари) берилганлиги айтилган ва кейинги ойлар учун пенсия пуллари ҳам вақтида етказиб берилиши таъкидланган. Ушбу жараёнда бевосита иштирок этган фронт орти фахрийси Жаббор бобо Мардоновнинг келини (ўғли Жалил Мардоновнинг турмуш ўртоғи) ҳам отахонни қутлаш жараёнида айнан шундай мазмундаги суҳбат бўлганлигини, пул мукофоти берилиши ҳақида айтилмаганлигини, аксинча, пул мукофотлари Президент Фармонига асосан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига берилиши назарда тутилганлиги ҳақида айтилганлигини тасдиқлайди.
Жаббор бобо Мардоновнинг Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида яшаб, ўша ерда ишлаётган набираси Алишер Мардонов юқоридаги ҳолатлардан тўлиқ хабардор бўлмасдан туриб, ижтимоий тармоқлар орқали гўёки Президент Фармони билан бобосига берилиши керак бўлган пул мукофоти берилмаганлиги ҳақида асоссиз маълумотларни тарқатган.
Шу ўринда, Алишер Мардоновга Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунига асосан, 1941-1945-йиллардаги уруш даврида мамлакат ичкарисида ишлаган ва ҳарбий мажбуриятни бажарган шахсларга – пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 30 фоизи миқдорида устама белгиланганлигини, бундан ташқари, уй-жой коммунал хизматлари бўйича бериладиган имтиёзлар ўрнига пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг яна 25 фоизи миқдорида компенсация ойма-ой тўлаб келинаётганлигини, бундай имтиёзлардан Жаббор бобо Мардонов ҳам тўлиқ фойдаланиб келаётганлигини, шунингдек, яна бошқа бир қатор енгилликлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлигини эслатиб ўтмоқчимиз. Бу мамлакатимизда уруш қатнашчилари ва фронт орти фахрийлари учун давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликларнинг айримлари, холос.
Аслида бугунги дориломон кунларимиз учун жонини аямаган, меҳнати билан фаровон ҳаётимизга улкан ҳисса қўшган қаҳрамонларимиз ва фахрийларимиз учун қанча эътибор ва ғамхўрлик кўрсатсак ҳам оз. Аммо уларни шундай нуроний ёшларида меҳр билан парваришлаш ўрнига чалғитиб, боз устига, юртдошларимиз ва дунё жамоатчилиги кўз ўнгида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга соя солишга уриниш нотўғрилигини бирдек ҳис қилмоғимиз даркор.
P/S: Вилоят прокуратураси томонидан олиб борилган ўрганишлардан сўнг Жаббор бобо Мардоновга оила аъзоларининг талабига кўра жорий йил 7 июлдан Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун Бухоро санаторийсига даволаниш учун йўлланма ажратилиши таъминланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати