Расмий муносабат
https://bviib.uz
2020 йил 14 май куни Телеграм ижтимоий тармоғидаги “Bukhara best” каналида эълон қилинган “Халққа қарши тадбиркор” номли 7 дақиқа 27 сонияли видеолавҳа бўйича маълумот
Ушбу видеода Пешкў тумани Хуррам МФЙ Жонхўроз қишлоғида яшовчи аҳоли вакилларининг шу қишлоқда яшовчи фуқаро Норов Зокир Баходировичнинг ҳатти-ҳаракатларидан норозиликлари акс этган. Фуқаро З.Норовга Пешкў туман ҳокимининг 2018 йил 29 декабрдаги № 3858 сонли қарорига асосан “Ёшлар меҳнат гузари” мажмуаси қуриш учун Жонхўроз қишлоғида жойлашган норасмий масжид олдидаги туман ҳокимлигининг захира ерларидан 0.04 гектар ер майдон ажратиб берилган. Ушбу ер майдони ажратилишида қишлоқ аҳолиси ўртасида турли хил низоли ҳолатлар юзага келган.
Жумладан, 2019 йил 10 июль куни соат 18:30ларда фуқаро З.Норов ва акаси Б.Б.Болтаев шу қишлоқда яшовчи фуқаро Х.Н.Остонов билан жанжаллашиб, жанжал натижасида Х.Н.Остоновни уриб, унга ўртача оғир шикаст етказишган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 16 июль куни Пешкў туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан фуқаро Болтаев Баҳодир Норовичга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 105-моддаси 2-қисми “и” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши юзасидан холисона тергов ҳаракатлари олиб борилишини таъминлаш мақсадида жиноят иши Вобкент тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси иш юритувига олинган. 2019 йил 28 сентябрь куни фуқаролар Б.З.Норов ва Б.Б.Болтаевларга нисбатан юқоридаги модда билан айблов эълон қилиниб, эхтиёт чораси сифатида “муносиб хулқ атворда бўлиш тўғрисида тилхат” қўлланилган ва жиноят иши Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 388-моддаси тартибида суд муҳокамасига юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Ромитан тумани судининг 25.12.2019 йилдаги ҳукми билан Б.З.Норов ва Б.Б.Болтаевлар ЖКнинг 105-моддаси 2-кисми “и” банди билан қўзғатилган жиноят иши бўйича айбли деб топилиб, ҳар иккаласи 3 йилу 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган. Ҳозирги кунда Б.З.Норов ва Б.Б.Болтаевлар Ромитан тумани ИИБ Пробация гуруҳи ҳисобида жазо муддатини ўтаб келмоқда.
2020 йил 27 апрель куни Пешкў туман Хуррам МФЙ Жонхўроз қишлоғи вакили И.Ўроқовнинг турмуш ўртоғи М.Тўхтаева шу қишлоқда жойлашган норасмий масжидни тозалаш мақсадида келганида фуқаро З.Норов масжид ҳудудидаги ер унга тегишли эканлигини, бу ерга қайтиб келмаслигини айтганида улар ўртасида жанжал келиб чиққан. Жанжалда З.Норов, М.Тўхтаева ва уларни ажратиш учун келган шу қишлоқда яшовчи М.Хўжаевалар тан жароҳати олишган.
Мазкур ҳолат юзасидан йўлланган мурожаатлар Пешкў туман ИИБ Навбатчилик қисмида тегишли тартибда қайддан ўтказилиб, туман ИИБ масъул ходими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган. Текширув натижасига кўра, фуқаро З.Норов ва М.Тўхтаеваларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41, 52-моддаси 2-қисми, фуқаро М.Хўжаевага нисбатан МЖтКнинг 52-моддаси 2-қисми, фуқаролар И.Ўроқов ва М.Остоноваларга нисбатан МЖтКнинг 54-моддаси 2-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштириб, тўпланган ҳужжатлар 2020 йил 15 май куни қонуний чора кўриш учун Пешкў туман Маъмурий судига юборилган.
Юқоридаги ҳолат юзасидан тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари ҳозирги кунда суд иш юритувига олинган.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати