Расмий муносабат
Тошкент вилояти Мактабгача таълим бошқармаси Матбуот хизмати https://t.me/Tosh_v_MTB_Matbuot
Куни кеча “Oltin voha” телеграмм каналида Бекобод тумани мактабгача бўлими мудири томонидан мактабгача таълим ташкилотларига сифатсиз гўшт тарқатилаётганлиги тўғрисидаги маълумот тарқалганди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти мактабгача таълим бошқармаси ҳамда тегишли мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, атрофлича ўрганиш олиб борилди.
Хусусан, жорий йилнинг 5 май куни Бекобод тумани ҳокимлиги, халқ депутатлари Бекобод туман кенгаши депутати, туман СЭО ва ЖСБ масъуллари ҳамда туман Мактабгача таълим бўлими мудири томонидан ҳудуддаги 9-, 26-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотларида ўрганиш олиб борилди. Бекобод тумани 9-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Н.Исомиддинова таъкидлашича, ташкилотга гўшт маҳсулоти етказиб берувчи таъминотчи келиб, бўш қоғозга “муҳр босиб беринг, ҳамма мудиралар ейди, мен бу соҳада ишлаганман...” деб айтганлигини, рад жавобини олгач, аччиғи чиқиб кетганлигини, тендерда ютолмагандан кейин шундай важларни ўйлаб топиб, муаммо яратганлигини маълум қилди. Маълум бўлишича, 3 май куни “Хўжамқул бизнес-савдо” таъминотчиси томонидан мазкур мактабгача таълим ташкилотига етказиб берилган гўшт маҳсулоти сифати талаб даражасида бўлиб, гувоҳлар иштирокида гўшт маҳсулоти назоратдан ўтказилган.
Бекобод тумани 26-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Ҳ.Суюнова ҳам Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳайвонлар касалликлари ташҳиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказининг жорий йилнинг 5 майдаги 69-сонли экспертиза хулосасига кўра, “Хўжамқул бизнес-савдо” таъминотчиси томонидан етказиб берилган гўшт маҳсулоти истеъмолга яроқлилиги исботланганлигини маълум қилди. Гўштнинг ҳиди, рангида ўзгариш йўқлигини, ўша куниёқ далолатнома тузилиб, гўштни тузлаб, музлатгичларга жойлаштирилганлигини, гўштнинг сифати яхшилигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Ишчи гуруҳнинг якуний хулосасига асосланиб, ижтимоий тармоқда келтирилган важлар ўз тасдиғини топмади, дейиш мумкин. Аксинча, “Хўжамқул бизнес-савдо” таъминотчиси томонидан етказиб берилаётган гўшт маҳсулотлари аввалги таъминотчиларнинг маҳсулотидан анчагина сифатли эканлиги маълум бўлди. Бекобод тумани мактабгача таълим бўлими мудири Б.Қурбоновнинг фикрича, бундай кўнгилсиз ҳолат юзага келишига таъминотчилар орасидаги носоғлом рақобат муҳити омил бўлган.
Тошкент вилояти Мактабгача таълим бошқармаси Ахборот хизмати.