Расмий муносабат

Расмий муносабат

Buxoro.uz

Бугун Gazeta.uz сайтида эълон қилинган қатор давлат идоралари, жумладан, Бухоро вилояти ҳокимлиги “Меҳр дафтари” жамғармасидан электромобиль харид қилганлиги тўғрисидаги хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:

Бухоро вилояти ҳокимининг 2023 йил 14 декабрдаги фармойишига асосан вилоят маҳаллий бюджетининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 (бир) дона BYD Song Plus Champion русумли электромобиль харид қилиш бўйича давлат харидлари элекрон портали орқали ғолиб “CHINA GROUP” МЧЖ билан 412 млн.сўмга шартнома имзоланиб, автомашина харид қилинган. Яъни ушбу харид белгиланган тартибда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талаблари асосида амалга оширилган ва бунда “Меҳр дафтари жамғармаси” маблағларидан фойдаланилмаган.

Ушбу шартномада кўрсатилган ғазначилик шахсий ҳисобварағи (100021860064017011503018011) эса вилоят ҳокимлигининг захира жамғармаси ҳисоб рақами ҳисобланади.

Бироқ хarid.mf.uz электрон порталида вилоят ҳокимлигининг СТИР рақами (201512528) орқали қидирувга берилганда мазкур идентификация рақами “Меҳр дафтари жамғармаси” номи остида жойлаштирилганлиги маълум бўлмоқда. Бу эса электрон порталда техник хатоликлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Чунончи, порталда танлов асосида вилоятдаги қатор шаҳар-туманларнинг ҳам идентификация рақамлари орқали қидирув берилганда уларда ҳам шу каби камчиликлар аниқланди.

Айни шу ҳолат сабаб ушбу масала оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда, жамоатчилик фаоллари ўртасида турли баҳс-мунозараларни келтириб чиқармоқда.

Ўйлаймизки, Ўзбекистон Республикаси давлат харидларининг махсус ахборот порталидаги мавжуд камчилик ва нуқсонлар тез орада бартараф этилиб, бу борада жамоатчиликка ахборот тақдим этилади. 

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page