Расмий муносабат

Расмий муносабат

http://buxoroiib.uz
http://buxoroiib.uz

2020 йил 7 январь куни интернетнинг “Telegram” ижтимоий тармоғидаги “BUKHARA NEWS” каналида эълон қилинган “Отасини ўлдирмоқчи бўлган педофил ҳали-ҳануз озодликда. ИИБ ходими, МФЙ раиси ва 100$” сарлавҳали мақола юзасидан маълумот

  2019 йил 21 декабрь куни соат 12.30да Шофиркон тумани Чандир МФЙда яшовчи фуқаро Ф.Ю Шофиркон тумани ИИБ профилактика инспектори капитан Ш.Нарзиевга қўнғироқ қилиб, укаси О.Ю спиртли ичимлик истеъмол қилган маст ҳолатда атрофдагиларнинг тинчини бузиб, жанжал қилаётгани ҳақида хабар берган.

Хабарга асосан капитан Ш.Нарзиев ва Чандир МФЙ раиси Ғ.Ўриновлар ҳодиса жойига бориб, фуқаро О.Ю билан суҳбатлашилганда, фуқаро О.Ю.дан спиртли ичимлик ҳиди келиб турганлиги сабабли мастлик ҳолатини аниқлаш мақсадида Шофиркон тумани Тиббиёт бирлашмасида наркологик текширувдан ўтказилган. Наркология томонидан О.Ю.нинг “Алкоголдан мастлик ҳолати”да эканлиги аниқланган.

Терговга қадар текширув давомида О.Ю.нинг маст ҳолда отасига пичоқ ва болта кўтарганлиги, уни ўлдиришга ҳаракат қилганлиги, бирор бир шахсга тан жароҳати етказганлиги каби ҳолатлар юз бермаганлиги аниқланган.

Шунингдек, фуқаро О.Ю спиртли ичимлик истеъмол қилган маст ҳолда жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузганлиги ҳамда профилактика инспектори капитан Ш.Нарзиевнинг қонуний талабларини бажармаганлиги учун унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси 1-қисми (ИИБ ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган ва тўпланган ҳужжатлар қонуний ҳал қилиш учун 2019 йил 23 декабрь куни Маъмурий ишлар бўйича Шофиркон тумани судига юборилган.

Шунингдек, 2019 йил 23 декабрь куни Шофиркон тумани Чандир МФЙда яшовчи С.Ф туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда 21 декабрь куни соат 16.00да қўшниси О.Ю 2002 йилда туғилган ўғли Ш.Қ.га нисбатан тегажоғлик қилганлигининг гувоҳи бўлганлигини, мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда текширув ўтказиб, О.Ю.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. Ушбу ариза шу куни туман ИИБда тегишли тартибда қайддан ўтказилган ва тергов-тезкор гуруҳи томонидан ҳодиса жойи кўздан кечирилган.

Фуқаро Ш.Қ.га нисбатан тайинланган Судга оид тиббий экспертизанинг 2019 йил 28 декабрь кунидаги хулосасида Ш.Қ.нинг танасида бирор бир тан жароҳати ва унинг излари мавжуд эмаслиги баён қилинган.

2019 йил 21 декабрь куни фуқаро О.Ю вояга етмаган Ш.Қ.га нисбатан тегажоғлик қилганлиги ҳолатини тасдиқловчи ва бир бирини тўлдириб борувчи асосли далиллар йўқлиги сабабли фуқаро О.Ю.нинг ҳаракатларида бирор жиноят аломатлари бўлмаганлиги инобатга олиниб, Шофиркон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят ишини қўзғатишдан рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган ва бу ҳақида ариза муаллифига билдириш хати жўнатилган.

Ҳозирда вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар назорат тартибида ўрганиб чиқилмоқда. Натижаси бўйича қўшимча ахборот берилади.

Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати


Report Page