Расмий маълумот

Расмий маълумот

http://buxoroiib.uz
http://buxoroiib.uz

2020 йил 12 январь куни “Телеграм” ижтимоий тармоғидаги “Потребитель Бухара плюс” каналида эълон қилинган, “8 январ куни авария содир булган. Хайдовчи кочиб кетган халигача йук. Дан хадимлари кидиришдан бош тортяпти. Бор кулингдан келганини кил дейишяпти” деб изоҳланган фото ва видео юзасидан маълумот

2020 йил 8 январь куни соат 18:30да Бухоро шаҳар ИИО ФМБнинг “102” рақамига телефон орқали Бухоро шаҳри “Мустақиллик” кўчаси ҳудудида “Ласетти” ва “Дамас” автомашиналари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганлиги ҳақида хабар келиб тушган. (хабарнома ҳудудийлиги бўйича 3-сон ИИБда тегишли тартибда қайддан ўтказилган)

Хабарномага асосан 3-сон ИИБ тергов-тезкор гуруҳи ва ЙҲХБ ходимлари воқеа жойига етиб боришган. ЙПХ инспектори катта сержант М.Сафаров томонидан йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган жой кўздан кечирилиб, ҳодиса жойи чизмаси чизилган.

Аниқланишича, Бухоро шаҳар Алпомиш кўчаси 5А-уй 60-хонада яшовчи фукаро Р.Ражабов ўз бошқарувида бўлган “Ласетти” русумли, 80 Р 924 СА давлат ракам белгили автомашина билан Бухоро шаҳар ИИО ФМБ (паспорт стол) чорраҳасидан эски “Тўқимачи” бозори (конечка) чорраҳаси томонга ҳаракатланиб, рул бошкарувини йўқотиши натижасида йўл қатнов қисмларини ажратиб турувчи бордюр устидан қарама-қарши йўналишга ўтиб, мазкур йўналишда ҳаракатланиб келаётган “Дамас” русумли, 80 Х 496 ОА давлат рақамли автомашина билан йўл транспорт ҳодисаси содир қилган.

Натижада “Ласетти” автомашинасида йўловчи сифатида бораётган М.Қудратов тан жарохати олиб, касалхонага мурожаат қилган. Текширув давомида, “Дамас” автомашинаси ҳайдовчиси Ш.Ғиёсовда алкоголдан мастлик ҳолати аниқланмаган.

“Ласетти” автомашинаси ҳайдовчиси Р.Ражабов йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган вақтда воқеа жойидан номаълум томонга яширинган.

Ҳозирда ушбу шахс топилиб, у билан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Натижаси бўйича қўшимча ахборот берилади.

Бухоро вилояти ИИБ ЙҲХБ Матбуот хизмати

Report Page