Расмий баёнот

Расмий баёнот

Buxoro.uz

Ижтимоий тармоқларда 2019 йил 13 ноябрда “Бухоролик фермер хўжаликлари пахтани қўшиб ёзишга мажбурланмоқда” сарлавҳаси остида тарқалган мақола юзасидан ўрганишлар ва мақолада номлари кўрсатилган фермер хўжаликлари раҳбарлари билан жойида бориб, суҳбатлашилганда, қуйидагилар аниқланди. Жумладан, “Бозорбобо Жондорий” фермер хужалиги раҳбари Р.Жумақулов, 2002 йилдан буён деҳқончилик билан шуғулланиб келаётгани,  пахтачиликдан ҳар йили давлат шартнома режасини ортиғи билан бажариб келаётгани, жорий йилда ҳам хўжаликда баракали ҳосил етиштирилиб, 14 ноябр ҳолатида пахта режаси 142,2 фоизга етказилгани, бу жараёнда мутлақо қўшиб ёзиш ҳолатларига йўл қўйилганмаганлигини билдирди.

Бундан ташқари, мақолада номи кўрсатилган “Муҳаммад Саид Аҳмад” фермер хўжалиги раҳбари М.Муҳаммедов, 2017 йилдан буён деҳқончилик билан шуғулланиб келаётгани, ҳар йилги пахта режасини ортиғи билан бажариб келаётгани, жорий йилнинг 14 ноябрь ҳолатида пахта режаси 112,5 фоизга етказилганини, айни кунда фермер хўжалиги даласида пахта ҳосилини нес-нобуд қилмай давлатга топширишини, қўшиб ёзиш ҳолатларига мутлақо йўл қўйилганмаганлигини билдирди.

Таажжубли томони, эълон қилинган мақолада “Бозорбой Жондорий”, “Муҳаммад Саид Аҳмад” ва “Муҳаммад Сардор Зокиршоҳ” фермер хўжаликлари томонидан бир неча маротаба “0” рақамли юк хатлари билан пахта топширганликлари кўрсатилган.

Бироқ, пахта топшириш ва қабул қилиш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, фермер хўжалиги пахта ортилган транспорт воситасини қабул қилиш масканига киритганидан сўнг, фермер хўжалигига берилган электрон карта (бундай карта ҳар бир фермер хўжалигида мавжуд) сканер қилиниб, фермер ҳақидаги маълумотлар тарозихонада ўрнатилган компьютерда автоматик равишда акс этади. Ўлчанган пахта миқдори автоматик равишда дастурда кўринади ва дастур ҳар бир ўлчанган пахта учун юк хати рақамини автоматик тарзда кетма-кетликда танлайди, шундан сўнг маълумотлар дастурда юкланиб, хотирасида сақланади.

Дастурга киритилган юк хатларини қайта айнан шу рақам билан киритиш ёки пахта хом-ашёси миқдорига ўзгартириш киритиш имконияти мавжуд эмас.

Пахта хом-ашёсини қабул қилиш масканларида қабул жараёни тўлиқ автоматлаштирилган электрон тизим асосида ташкил қилинган бўлиб, инсон омили аралашувларисиз амалга оширилади ҳамда ушбу дастурда топширилган пахта миқдорини ўзгартириш ёки қўшиб ёзиш имконияти мавжуд эмас. Афсуски, ижтимоий тармоқларда чиқарилган мақола муаллифлари масаланинг ана шу томонини атрофлича ўрганишмаган кўринадилар.

 Хулоса шуки, интернет тармоғидаги мақола юзасидан давлатга пахта сотиш режасини қўшиб ёзиш ҳолати ўз тасдиғини топмади. 

Жондор тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Report Page