#Расмий

#Расмий


ҚИБРАЙДА РАҲБАР КАДРЛАР ТАРКИБИНИ ТЎЛИҚ ЯНГИЛАШ ЯКУНИГА ЕТКАЗИЛДИ


Хабарингиз бор, Қибрай тумани ҳокимлигидаги маънавий муҳит, ижро аппарати фаолиятини тубдан яхшилаш мақсадида, кадрлар билан ишлашнинг “Қибрай тажрибаси” жорий қилинган эди.

Шунга кўра, депутат, нуроний ва фаоллардан таркиб топган махсус ишчи гуруҳ Қибрай туманида 20 кун мобайнида ҳокимлик ҳамда корхона ва ташкилотлардаги раҳбар ҳодимларнинг фаолиятини тўлиқ ўрганиб, лавозимига "нолойиқ" деб топилган кадрларни алмаштириш тўғрисида вилоят ҳокимлигига тавсия хатини киритди.

Бугунги кунда, 64 нафар туман ҳокимлиги, корхона ва ташкилотлардаги раҳбар ходимлардан 47 нафари лавозимидан озод этилиб, уларнинг ўрнига ёш, салоҳиятли кадрлар тайинланди.

Шунингдек, 17 нафар раҳбар кадрлар туман ҳокимининг кафолати асосида, синов муддати билан лавозимида қолдирилди.

Бундан ташқари, туман ҳокимлигида ишлаб келаётган 19 нафар раҳбар кадрлар эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди, 10 нафари иш жойида синов муддати билан қолдирилди. Айни кунларда қолган лавозимларга муносиб номзодлар кўриб чиқилмоқда.

Раҳбар кадрлар таркибинининг ёш коэффициенти бўйича Қибрай тумани бугун вилоятда биринчи ўринга чиқди. Лавозимга тайинланганларнинг 25 нафари 25-35 ёшгача бўлган кадрлардир.

Эндигина иш бошлаган кадрларнинг қарийб барчаси шу туманнинг фарзандлари. Вилоят корхона ва ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида ишлаб келаётган 7 нафар кадр Қибрайга ишлаш учун юборилди. 

Шунингдек, тумандаги мавжуд 35 та давлат ташкилотларига янги раҳбарлар тайинланди, лавозимига лойиқ бўлган 7 нафар раҳбар эса ўз вазифасида, синов муддати билан қолдирилди. 

Эндиликда бу кадрлар Президент администрацияси ҳузуридаги Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги орқали Давлат бошқаруви академиясида қисқа муддатли ўқув курсида таҳсил оладилар, бошқарув тизимининг сир-асрорларини пухта ўрганадилар. Ўқиш якунлари бўйича махсус тестларни топширадилар. Бу босқичда ҳам кадрлар таркиби яна бир бор қатъиян элакдан ўтказилади, синалади. 

Мухтасар айтганда, ҳудудда иш бошлаётган бу ёш жамоанинг меҳнат фаолиятига ҳақиқий баҳони сиз – Қибрай аҳолиси берасизлар. Умид қиламанки, Президентимиз бошлаб берган буюк ислоҳотларни ҳаётга тўлиқ ва бекаму кўст жорий этишда Қибрай тумани раҳбар кадрлари буёғига фавқулодда жонбозлик, фидойилик кўрсатадилар.

Энг асосийси, аҳолини рози қилиш, чинакам халқ хизматчиси бўлиб Ватанга сидқидилдан камарбаста бўлиш – Тошкент вилоятида ижро органида меҳнат қилаётган ҳаммамизнинг муқаддас бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз даркор!


Report Page