Рамазон Ҳайити эзгуликлар ва саодат рамзидир

Рамазон Ҳайити эзгуликлар ва саодат рамзидир

БАЙРАМ ТАБРИГИ

Ассалому алайкум!

Қадрли юртдошлар!

✨🌙Айни дамларда юртимизда бутун дунё мўмин мусулмонларининг энг қутлуғ айёми бўлган Рамазон Ҳайити шукуҳи кезиб юрибди.

Ҳар бир файзли хонадонларга Яратганнинг раҳмат нури бирдай ёғилаётган муборак онларда табаррук кексаларимиз юртимизга ризқ-рўз, қут барака ва кўпдан кўп яхшиликларни сўраб дуога қўл очмоқдалар.

Илоҳим, барчангизнинг Рамазон ойида сабр қаноат билан тутган рўзаларингиз қабул бўлсин!

Азал-азалдан муқаддас Рамазони шариф эзгулик, хайр-саховат, меҳр-оқибат ойи сифатида халқимиз ҳаётида алоҳида ўрин эгаллаб келмоқда.

✴️ Инсонларга саодат олиб келувчи бу қутлуғ айём ўзининг шу каби эзгу амаллари билан ҳам қадрли.

Рамазон Ҳайити муносабати билан юртимизда дам олиш кунлари эълон қилинди. Бу кунлар яқинларимиз, ёру-биродарларимиз билан дийдорлашиб, бир-биримизга ўзаро ҳурмат, меҳр, эҳтиром кўрсатмоғимиз йўлида дебоча бўлиб хизмат қилади.

Бу муборак кунларда кўплаб саховатпеша инсонлар томонидан баҳамжиҳат ҳолда беморлар, эҳтиёжманд, ижтимоий қўллаб қувватлашга муҳтож юртдошларимиз ҳамда ёши улуғ нуронийларимизнинг хонадонларига бориб, уларнинг ҳолидан хабар олинади. Қанчадан қанча хаста ва ўксик қалбларга бир олам қувонч улашилади.

Халқимизга хос меҳр-мурувват, оқибат, одамийлик, ўзаро ҳурмат, эътибор каби инсонни безаб турувчи ришталар янада мустаҳкамланади. Айниқса, кечиримлилик ва бағрикенглик ҳалқимизга хос энг улуғвор хислатлардан биридир.

Рамазон Ҳайити айёми муносабати билан давлатимиз раҳбари томонидан жазо муддатини ўтаётган, қилмиши учун астойдил пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган 65 нафар маҳкумларнинг авф этилиб, муддатидан олдин озод этилиши бу қутлуғ кунларнинг энг муҳим хушхабарларидан бири бўлди.

Дарҳақиқат, бу муҳим ташаббус замирида мазкур юртдошларимиз ўз меҳнатлари ва ташаббуси билан ҳақ йўлга қайтиб, жамиятдаги ўрнини топишлари учун берилган катта имкониятдир. Уларнинг оиласи бағрига қайтиши умид билан фарзанди йўлига кўз тиккан муштипар онахонлар, қанчадан-қанча ўғил-қизларимизнинг хонадонига нур, қалбига ҳузур бағишлади.

❇️Илоҳим, юртдошларимизнинг муборак Рамазон ойида қилган барча покиза ниятлари, хайрли амаллари, дуолари ижобат бўлсин!

✴️Рамазон Ҳайити барчангизнинг оилангизга чексиз саодат, хонадонингизга фаровонлик, қут-барака олиб келсин!

Юртимиз ҳамиша тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Рамазон Ҳайити муборак бўлсин, азизларим!


Чексиз эҳтиром билан

✍️ Барҳаёт Мелиев,

Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосари

Report Page