Рамазон ойи якунлари, Ҳайит байрамидаги хайрли тадбирлар бўйича маълумот

Рамазон ойи якунлари, Ҳайит байрамидаги хайрли тадбирлар бўйича маълумот

t.me/Rasmiy_xabarlar_Official

Ташкилий масалалар бўйича

“COVID-19” (коронавирус) касаллигини тарқалиши бўйича мавжуд ҳолатни эътиборга олиб ҳудудлардаги барча масжидларда санитария-гигиена ва дезинфекция талабларига қатъий риоя этиш, бино хоналарини ҳар кунлик дезинфекция қилиш, уларнинг кириш-чиқиш жойларини пирометрлар (контактсиз ҳарорат ўлчагич), антисептик воситалар билан таъминлаш чоралари кўрилди.

Фавқулодда вазиятлар бошқармалари томонидан масжидларда 4 мингга яқин профилактик тадбирлар ўтказилди.

Рамазон ойида республикада фаолият юритаётган 2090 та масжиддан 2046 тасида белгиланган қатъий санитария-гигиена талаблари асосида таровеҳ намозлари ўтказилди.

Шундан 1384 тасида хатми Қуръонлар ўқилди. Республикадаги 30 дан зиёд жоме масжидларда ўтказилган хатми Қуръон тадбирлари интернет орқали онлайн намойиш этилди.

Масжидлардаги электр жиҳозларни, овоз кучайтиргичларни узлуксиз ва соз ҳолатда ишлашини таъминлаш чоралари кўрилди ҳамда масжид ён атрофига 3000 дан ортиқ Рамазон шукуҳи акс этган баннерлар ўрнатилди.

Таровеҳ намозлари ўқилаётган масжидларда хавфсизлик ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардиянинг тегишли буйруқлари асосида 7000 нафар масъул ходим жалб этилди.

Шунингдек, фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун 1965 нафар ҳудудий фавқулодда вазиятлар бўлинмалари ходимлари ва 91 та ёнғин-қутқарув авто-экипажларнинг навбатчилиги ташкил этилди.

Ўтказилган таровеҳ намозларида ҳар куни ўртача 600 мингга яқин намозхон қатнашди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Колл-маркази орқали Рамазон ойи давомида кунига 1000-1200 та, ой давомида 40 мингдан ортиқ; саволларга жавоб берилди.

Қўшимча равишда Фатво бўлими томонидан Тошкент ислом институти ва Кўкалдош ўрта махсус билим юрти мутахассислари билан ҳамкорликда фақат рўза ибодатига оид саволларга 24 соат давомида жавоб берадиган Ахборот канали - Колл-марказ ташкил қилинди. Ҳисобот даврида у орқали 20 мингдан ортиқ саволларга жавоб берилди.

Шунингдек, @SavollarMuslimUzBot телеграмм боти орқали шу вақт ичида жами 33 200 дан ортиқ соф диний мазмундаги саволларга жавоб тайёрланди.

II.Тарғибот тадбирлари:

Диний соҳа ходимлари томонидан аҳоли ўртасида ифторликларни ихчам, исрофгарчиликсиз миллий қадриятларимизга мос ўтказишни тарғиб этиш бўйича 3 мингга яқин тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Рамазон ойига мос  мавзуларида жума тезислари ишлаб чиқилди.

Бундан ташқари, ой давомида диний ақидапарастлик, ёт ғояларга қарши раддия мазмунидаги жами 3 213 та материал эълон қилинди.

III.Хайрия тадбирлари:

Муборак ой давомида имом-хатиблар ва маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари ҳамкорлигида “Саҳоват”, “Мурувват” ва “Меҳрибонлик” уйлари, иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, ногирон, ёлғиз кексалар, Меҳр дастури орқали олиб келинган фуқаролар ҳамда 23,5 мингдан зиёд кам таъминланган эҳтиёжманд оилаларга ҳомийларни жалб қилган ҳолда 8,4 млрд. сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 5,2 млрд сўмдан зиёд хайрия ишлари амалга оширилди.

IV.Оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар:

Оммавий ахборот воситаларида жами 15 мингдан ортиқ чиқишлар қилинди.

Жумладан, телеканаллар орқали 10 нафардан ортиқ йирик уламолар, имом-хатибларнинг 271 та Рамазон суҳбатлари, шунингдек, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Анвар қори Турсуновнинг маърифий суҳбатларидан иборат жами 35 та кўрсатув намойиш этилди. Радиоканаллари орқали 93 та махсус радиоэшиттиришлар берилди.

Жойлардаги нарх-навонинг сунъий равишда ошишини олдини олиш бўйича имом-хатиблар томонидан 1200 га яқин чиқишлар амалга оширилди.

 Шунингдек, Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида Туркиянинг TRT телеканали билан ҳамкорликда 30 та йирик зиёратгоҳларимиз ва алломаларимиз мероси ҳақида телекўрсатув ташкил этилди. Жумладан, Тошкентда Хазрати имом, Самарқандда Имом Бухорий мажмуалари каби. Ушбу кўрсатувлар Туркия ва Европа учун 100 млн.дан ортиқ қамровда жонли эфирга узатилди.

Ҳурматли Брифинг иштирокчилари!

Энди Сизларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 майдаги “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги ПҚ-5110-сон Қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берамиз.

 I.Ҳайит намози бўйича

Бугун, Рамазон Ҳайитининг биринчи куни 13 майда Республикамиз минтақалари кесимида Рамазон ҳайити намози, Республика махсус комиссияси томонидан белгиланган талабларга тўлиқ риоя қилинган ҳолда адо этилди. Барча масжидларда Ҳайит намозидан олдин дизенфекция ишлари амалга оширилди, тиббий ниқоб ва антисептиклар воситалар билан таъминланди.

Жойларда ҳайит тадбирларини юқори савияда ташкил этиш, ҳайит намози ўтказиладиган масжид ҳудудлари ва халқ сайиллари ўтказиладиган жойларда карантин талаблари, жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилди.

Ҳайит намозини тартибли ва карантин қоидаларига мувофиқ ўтказиш мақсадида 13 мингга яқин ички ишлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар ходимлари, 5 мингдан зиёд тиббиёт ходимлари, 2 мингга яқин махсус транспорт воситалари жалб этилди.

Жорий йилнинг 13 май куни республика бўйича 2090 та масжиддан

2021 тасида 2 миллион 576 минг юртдошларимиз ҳайит намозини адо этдилар. (Ҳайит намози Қуёш чиққандан 15-20 дақиқадан сўнг, Тошкент шаҳрида соат 05:30 да, жойларда орадаги тафовутни ҳисобга олган ҳолда, Фарғона водийсида Тошкент шаҳридан 10 дақиқа аввал ҳамда Нукус шаҳрида 40 дақиқа кейин ўқилди).

Тошкент шаҳрида 106 та масжидда 497 минг ҳамюртларимиз намозда иштирок этдилар. Хусусан, “Ҳазрати Имом” мажмуасига 18 мингдан, “Шайх Зайниддин” масжидига 30 мингдан зиёд ҳамда “Қуддуси Шариф” масжидига 20 мингга яқин намозхон ташриф буюрди.

Ҳайит намози маърузасида сўнгги йилларда дин соҳасидаги ижобий ўзгаришлар, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ҳукм сураётган тинчлик, осойишталик, уларни асраб-авайлаш, ҳайит кунлари карантин талабларига риоя этиш каби мавзулар ёритилди. Шунингдек, Давлат раҳбарининг Ўзбекистон халқига йўллаган Рамазон ҳайити табриги мазмун-моҳияти намозхонларга етказилди. Юртдошларимиз томонидан эл-юрт тинчлиги, мамлакатимиз ободлиги, халқимиз фаровонлиги, Давлат раҳбарининг олиб бораётган эзгу ишларига муваффақият тилаб, дуолар қилинди.

 Хавфсизликни таъминлаш учун ички ишлар вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида Ҳайит намозини жойларда тартибли, тинч-осойишта ўтиши таъминланди.

Барча катта масжидларга тез тиббий ёрдам машиналари бириктирилди ва аҳолидан ҳеч қандай шикоятлар бўлмади.

II.Ҳайит муносабати билан кеча ва бугун амалга оширилган хайрия ишлари:

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига жами 13,4 млрд. сўмга яқин моддий ёрдам кўрсатилди. Жумладан:

Жойларда 53 мингдан зиёд ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар ҳамда кам таъминланган оилаларга 11 млрд. 559 млн. сўмлик; 

4271 нафар иккинчи жаҳон уруш қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, нуроний кексаларга 1,2 млрд. сўмлик;

56 та “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саҳоват” уйларига

615 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди ва бу ишлар давом этмоқда.

“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан 8 мингга яқин эҳтиёжманд оилаларга 543 млн. сўм миқдорида моддий ёрдам берилди ва бу ишлар давом этмоқда.

Ҳозиргина олинган маълумотга кўра, 2021 йил Рамазон ҳайити бўйича республикадаги масжидларнинг даромад кўрсаткичлари умумий 14 млрд. 674 млн. 185 минг 400 сўмни ташкил этди. Шундан, ҳайрия ва эҳсонлар 10 млрд. 292 млн. 412 минг 900 сўм, Закот ва фитр эса 4 мдрд. 381 млн. 772 минг 500 сўмдан иборат. Ушбу маблағлар албатта ўрнатилган тартибда ислом дини кўрсатмаларига асосан ўз жойига сарф этилади.

Рамазон ҳайити муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар марказий ва ҳудудий оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб борилмоқда.

Шу соатгача ушбу мавзуларда диний соҳа ходимлари томонидан оммавий ахборот воситаларида 4371 та чиқиш қилинди.

III.Зиёрат туризми бўйича

Рамазон Ҳайити арафасида Юртимиздаги 836 та муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар ҳамда 7527 та қабристонларда ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

Сўнгги йилларда ички туризмни ривожлантиришга алоҳида урғу берилмоқда. Шундан келиб чиқиб, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Туризм ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда Ҳайит муносабати билан дам олиш кунлари этиб белгиланган 13 майдан - 15 майгача барча зиёрат туризми объектлари карантин талабларига тўлиқ риоя қилиниб, зиёратчилар учун тайёрлаб қўйилди. Хусусан, “Вақф” фонди тасарруфидаги 189 та зиёратгоҳда ташриф буюрувчилар учун имтиёзли чегирмалар жорий этилди.

Фурсатдан фойдаланиб барча ватандошларимизни зиёратларга чорлаб қоламиз.

Ҳурматли Брифинг иштирокчилари!

Эътиборингизга яна бир маълумотни тақдим этмоқчимиз.

Маълумки, юртимизда ўн олти хил диний конфессияга тааллуқли бўлган 136 дан ортиқ миллат ва элатлар бир тан – бир жон бўлиб, тинч-тотув яшаб келмоқдалар.

Бугунги байрам муносабати билан республикамизда фаолият юритиб келаётган диний конфессиялар,  Жумладан, Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси, Ўзбекистон Рим-католик маркази, Тошкент шаҳар Арман апостоллик черкови, Тошкент шаҳар яҳудийлар диний жамоаси ва Ўзбекистон Библия жамияти раҳбарлари бугун шахсан Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюриб, муфтий У.Алимов билан учрашдилар ҳамда барча мусулмонларни Ҳайит байрами билан самимий табриклаб, Ўзбекистон халқига тинчлик ва омонлик тиладилар.


Report Page