Инсон қадои улуғланган она Ватанимизда тинчлик, хотиржамлик, тотувлик ва фаровонлик ҳукм суришига шукроналиклар келтириш баробартда, тинч юртга байрамлар ярашишини қайд этиш жоиз.
Ўз ҳузурида энг улуғ, энг яхши кунларни бизга байрам қилиб берган Раббимиз Аллоҳ таолога ҳамд ва санолар бўлсин!
Ушбу муборак байрам кунларини қандай ўтказишни бизга таълим берган суюкли Ҳабибимиз Муҳаммад Мустафога саловат ва саломлар бўлсин!
Юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис Имом Бухорий Оиша онамиздан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир қавмнинг байрами бор. Бу бизнинг байрамимиздир”, дея марҳамат қилганлар. Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар бўлсинки, муборак Рамазон ойини эсон-омонликда, кўтаринки кайфиятда, тўкин-сочинликда ниҳояладик. Барчамизга ўзида ислом динининг эзгу ғояларини яққол ифода этувчи байрамимиз – Рамазон ҳайити муборак бўлсин! Аллоҳ таоло бутун халқимизга оилавий бахту саодат, сиҳат-саломатлик, дину дунё ишларида муваффақиятлар ато этсин!
Муҳтарам азизлар, юқоридаги ҳадиси шарифда айтилганидек, бу кун бизнинг, барчамизнинг байрамимиздир. Байрам эса ўз номи билан хурсандчилик ва шоду ҳуррамлик кунидир. Бундай кунларда азахонлик қилиш, яқинлари вафот этган хонадонларга яна қайта ташриф қилиб, марҳумларнинг оила аъзолари, яқинларининг эндигина битай деган ярасини янгилаш, уларга ўтиб кетган қайғули кунларини яна қайта эслатиш дуруст эмас. Аксинча, бу кунда маҳзун дамларни, ҳаётимиздаги зулматли саҳифаларни унутиб, шаръан ҳаром бўлмаган кўнгилочар ишлар қилиш, хурсанчлик билан бу байрамни нишонлаш лозим.
Фарзандларимиз, болажонларимиз байрамларни севишади. Ўзимиз ҳам ёшлигимизда оталаримиз, акаларимиз бизга берган ҳайитликлардан хурсанд бўлганимизни, қай даражада шодланганимизни жуда яхши эслаймиз. Шундай экан, байрам кунида болажонларни хурсанд қиладиган совғалар тайёрлаш, уларнинг кўнглини олиш, иншааллоҳ, яхши ва савобли амаллардан бўлади. Шунингдек, бу кунда яқинларни, қариндош-уруғлар, ёру дўстларни зиёрат қилиш ҳам савобли амаллардандир. Нима бўлганда ҳам бу муборак ва файзли кунни азахонлик билан эмас, яхшилик, шод-хуррамликда ўтказайлик. Шунда ҳам байрам нишонлаймиз, ҳам Аллоҳ таоло бизга байрам қилиб берган кунни нишонлаганимиз учун ажр-савобга эга бўламиз, иншааллоҳ!
Яна бир бор Ҳайит айёмингиз муборак бўлсин! Аллоҳ таоло барчамизга келаси шу ой, шу кунларга соғ-саломат, илму тақвода зиёдалик билан етиб боришимизни насиб айласин!