Раддия

Раддия

UzPharmAgency

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда ишлаб чиқарилган манзили аниқ бўлмаган кекс ёки шунга ўхшаш ширин пишириқлар ичидан номаълум таркибли таблеткалар чиқаётганлиги, уни истеъмол қилганларда фалажлик ҳолатлари келиб чиқаётганлиги тўғрисида асосланмаган видеохабарлар тарқалмоқда.

Аввало, аҳолидан бу каби асосланмаган хабарларга ишонмасликларини, бу борада умуман хавотирга ўрин йўқ эканини алоҳида таъкидламоқчимиз.

– Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ёки хориждан республика ҳудудига олиб кириладиган ҳар қандай турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, кекс ва шунга ўхшаш ширин пишириқларни хавфсизлигини кафолатлаш учун, маҳсулот олиб келган тадбиркор муражаатига асосан санитария врачи жойига чиқиб, маҳсулот сифати, уни сақлаш шароити, олиб келинган автотранспорт ҳолатини тўлиқ ўрганади, – дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов. – Маҳсулотдан санитария-кимёвий, микробиологик, радиологик текширувлар учун намуналар олиниб, тегишли лабораторияларга топширилади. Таҳлил натижалари амалдаги санитария меъёр ва қоидаларга тўлиқ жавоб берган тақдирда санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштирилиб, маҳсулотнинг ҳавфсизлигини кафолатлайди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, 2019 йил 15 ноябрь ҳолатига қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги шифохоналарга юқоридаги каби маҳсулотлар билан заҳарланиш ёки касаллик аломатлари билан аҳоли томонидан ҳеч қандай мурожаатлар бўлмаган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва унинг ҳудудий марказларига ҳам маълумотлар келиб тушмаган.

Бундай асосланмаган хабарларга ишониб саросимага тушмаслигингизни, шудай ҳолатларни эшитсангиз ёки гувоҳи бўлсангиз зудлик билан ҳудудий Санитария-эпидемиологик осойишталик марказларига ҳамда 71 276-59-28 рақамли ишонч телефони орқали Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига мурожаат қилишингизни сўраймиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими