Раҳбарлик лавозимлари учун жами 970 нафар номзод Миллий кадрлар захирасига киритилган
https://t.me/Rasmiy_xabarlar_OfficialБугун АОКАда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова иштирокида ўтказилган брифингда Миллий кадрлар захирасини шакллантириш йўналишидаги ишлар ҳақида маълумот берилди:

✔️ “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунга кўра, Миллий кадрлар захираси — бу давлат фуқаролик хизматчиларининг раҳбарлик лавозимларини малакали кадрлар билан тўлдириш мақсадида давлат фуқаролик хизматчиларини марказлаштирилган ҳолда саралаб олиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва узлуксиз малакасини ошириш тизимидир.
Миллий кадрлар захираси давлат фуқаролик хизматининг раҳбар кадрлар таркибини барқарор таъминлаш ва унинг сифатини яхшилаш, давлат фуқаролик хизматчисининг касбий компетенциясини ошириш ҳамда хизматда лавозим бўйича кўтариш мақсадида шакллантирилади.
Миллий кадрлар захирасига иш фаолиятида юқори натижаларга эришган, барча соҳаларда самарали фаолият кўрсатиб келаётган юқори салоҳият, етакчилик хусусияти ва бошқарув кўникмаларига эга бўлган ташаббускор давлат хизматчилари киритилади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари орасидан юқори натижаларга эришган 1 000 нафар шахсни Миллий кадрлар захирасига киритиш ишлари олиб борилмоқда.
Бунда, нафақат номзоднинг юқори натижага эришганлиги шу билан биргаликда ташаббускорлиги, янгиликка интилувчанлиги, фуқароларнинг дардини эшитиши, муаммоларни тизимли равишда бартараф этишга қаратилган чоралар кўраётганлиги инобатга олинади.
Бугунгача давлат ва нодавлат секторларида фаолият юритаётган 611 нафар номзод рўйхати шакллантирилиб, уларнинг компетенциялари Ёш раҳбар кадрлар захирасига киритиш учун тест синовлари ва суҳбат орқали баҳоланмоқда.
Бундан ташқари, раҳбарлик лавозимлари учун жами 970 нафар номзод Миллий кадрлар захирасига киритилган.
Муносиб деб топилган номзодларни раҳбарлик лавозимига тайёрлаш мақсадида Агентлик томонидан Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда ривожланган давлатлар тажрибаси асосида махсус тайёрлаш дастури ишлаб чиқилди.
Маълумот учун: Раҳбарлик лавозимига захира кадрларни тайёрлаш тизими Жанубий Корея, Сингапур, БАА, Туркия, АҚШ, Франция каби ривожланган давлатларда мавжуд. Бунда муайян лавозим талабларидан келиб чиққан ҳолда номзодлар махсус дастурлар асосида қайта тайёрланади ва кейинчалик лавозимга тайинланади.
Дастурга мувофиқ:
🔹 номзодлар 6 ойлик “Шахсий ривожланиш режаси”ни ишлаб чиқади ва амалга оширади;
🔹 Масофавий таълим платформаси орқали малака ошириш курси ташкил қилинмоқда (курс 9 та модуль, 30 та мавзудан иборат, 48 соатга мўлжалланган);
🔹 мунтазам равишда ҳудудларда анъанавий ва онлайн шаклда ўқув курси йўлга қўйилади;
🔹 2023 йилнинг январь ойидан бошлаб алоҳида режа-жадвал асосида номзодлар тегишли соҳа бўйича вазирлик ва идораларда амалиёт ўташ (дублёрлик) учун юборилади;
🔹 “Шахсий ривожланиш режаси”нинг бажарилиши, масофавий малака ошириш курси, ташкил этилган ўқув курси ҳамда амалиётни ўташ натижалари бўйича номзодларнинг рейтинги юритилади.
Шунингдек, рейтингда юқори натижага эришган номзодлар бир ойгача бўлган муддатга хорижий стажировкага юборилади ва раҳбарлик лавозимларига тавсия этилади.