Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ташкил этилади
АвторВазирлар Маҳкамасининг “Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Президент қарорига мувофиқ, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Aхборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети ҳузуридаги Интеллектуал-дастурий тизимлар илмий-амалий маркази негизида Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ташкил қилинмоқда ҳамда унинг асосий вазифалари белгиланмоқда.
Институт юридик шахс мақомига эга давлат илмий ташкилоти бўлиб, Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Aхборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази ҳамда Ўзбекистон миллий университети ҳузуридаги Интеллектуал-дастурий тизимлар илмий-амалий марказининг шартномалари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланиши белгилаб қўйилган.
Янги қарор лойиҳасида Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш, тузилмасини белгилаш ва 2021–2022 йилларда илмий-тадқиқот институтини ривожлантириш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаш таклиф этилмоқда.
Булар:
биринчидан, юридик шахс мақомига эга давлат илмий ташкилоти ҳисобланиши ва давлат герби тасвирланган ҳамда институт номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ҳисобварағига эга бўлиши;
иккинчидан, илмий ташкилот сифатида давлат буюртмалари ва дастурларини амалга оширишда ҳамда фундаментал ва амалий тадқиқотларни олиб боришда иштирок этиши;
учинчидан, Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти тузилмаси;
тўртинчидан, 2021–2022 йилларда Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институтини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланмоқда:
рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасини ривожлантириш бўйича фундаментал, амалий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш;
рақамли технологияларни ривожлантиришнинг илмий экотизимини шакллантириш;
моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва замонавий лабораториялар ташкил этиш;
хорижий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари билан алоқаларни ривожлантириш бўйича асосий устувор вазифалар белгилаш;
бешинчидан, институт фаолиятини молиялаштириш манбаларини белгилаб олиш ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари ва сунъий интеллект технологиялари соҳасида фундаментал ва амалий йўналишларда лойиҳалар амалга ошириш тартиби.
Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш орқали:
“Рақамли Ўзбекистон - 2030” стратегиясини ҳар томонлама амалга оширишга қаратилган илмий тадқиқотлар ташкил қилиш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва давлат бошқаруви тизимида сунъий интеллект технологиялари жорий қилинишига;
сунъий интеллект соҳасида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар олиб бориш, рақамли технологияларни ривожлантириш илмий экотизими шакллантирилишига;
сунъий интеллект технологиялари асосида бошқарув ва ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш бўйича инновацион маҳсулотлар ҳамда улар моделлари, алгоритмлари ва дастурий таъминоти босқичма-босқич ишлаб чиқилишига;
сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш бўйича етакчи хорижий инновацион ва илмий муассасалар билан ҳамкорлик йўлга қўйилишига ва қўшма лойиҳалар амалга оширилишига эришилади.