Раҳима Абдураззаковна Мавлонова
Факультетнинг илмий-тадқиқот ишлар борасида Республикага танилишида бир қанча олим ва олималаримиз улкан ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Шулардан бири педагогика фанлари доктори Раҳима Абдураззаковна Мавлоновадир. Опа 1959-1974 йилларда Қори-Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий текшириш институтида илмий педагогик фаолият билан шуғулланган. Шу йиллар давомида ассистент, кичик илмий ходим, катта илмий ходим, бўлим бошлиғи вазифаларида самарали меҳнат қилган.
60-70 йилларда таълим ва ривожланиш муаммоларини ишлаб чиқиш янги босқичга кўтарилди. Мактабларда психологик-педагогик экспериментларнинг ўтказилиши бошланғич синфларда ривожлантирувчи ва тарбияловчи таълим принципларидан фойдаланишнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги масалани кун тартибига қўйилишига ёрдам бериб, кенг жамоатчиликни (биринчи навбатда ўқитувчиларни) 70-80 йилларда мактабнинг ислоҳ қилинишига, тўрт йиллик бошланғич таълимнинг, болаларни олти ёшдан ўқитилишининг қабул қилинишига тайёрлади.
Олима 1967 йилда академик Сиддиқ Ражабов раҳбарлигида «Меҳнат тарбиясида мактаб ва оиланинг ҳамкорлиги» мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.
Профессор Р.А.Мавлонова моҳир ташкилотчи, жонкуяр раҳбардир. Унинг бевосита иштироки ва бошчилигида олти ёшлиларни мактабга тайёрлашнинг экспериментал ўқув режаси ва дастури тузилди, умумтаълим синфлари қошида тайёрлов синфлари очилди. Ана шу самарали меҳнатлари учун 1974 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи» унвони, 2007 йилда «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланди.
Раҳима Мавлонова республикамиз миқёсида бошланғич педагогика таълими масалалари билан чуқур ва муфассал шуғулланган олимадир. Унинг илмий-педагогик фаолияти, республикамиз бошланғич педагогика таълими ривожига қўшган ҳиссаси ниҳоятда кўп қирралидир. Мактабларимизнинг бошланғич таълим ва педагогика муаммолари, бошланғич таълим педагогикасининг методологияси ва олий таълим дидактикаси масалалари таниқли олима илмий-тадқиқот фаолиятининг асосий йўналишидир.
Ўзбекистон педагогика фанлари илмий текшириш институтининг Р.А.Мавлонова раҳбарлик қилган бўлимида фанлар бўйича дастурлар тузиш ва уни такомиллаштиришдан ташқари, бир қанча дарслик ва методик қўлланмалар яратилди. Энг яхши ўқитувчиларнинг иш тажрибалари оммалаштирилди.
Раҳима опанинг илмий-назарий ва илмий-амалий соҳаларда эълон қилган ишларининг умумий ҳажми 360 босма табоқдан ошди. Ана шундай илмий ишларнинг самараси ўлароқ унга педагогика фанлари доктори илмий даражаси берилди. Ана шундай йўналишларнинг самараси ўлароқ 1990-йилда “Ўзбекистонда бошланғич таълим назарияси ва амалиёти” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, педагогика фанлари доктори илмий даражасига сазовор бўлди.
Педагог олима фаолиятига назар ташласак, у ҳар доим бошланғич таълимнинг энг долзарб масалаларини англай биладиган, ўқув-тарбия жараёнининг самарали усулларини излашга алоҳида диққат-эътибор билан ёндашадиган зукко олима сифатида намоён бўлади.
Профессор Раҳима Мавлонова «Бошланғич синф ўқувчиларининг меҳнат тарбияси», «Болаларнинг меҳнат тарбиясида мактаб ва оиланинг ўзаро ҳамкорлиги» каби йирик ҳажмдаги монографияларни яратган.
Методист олиманинг «Ўзбекистонда бошланғич таълим тараққиёти», «Меҳнат таълими методикаси», «1,2,3,4-синфларда меҳнат дарслари» каби қўлланмалари ўқитувчиларга катта методик ёрдам кўрсатмоқда.
Опа кўпгина жамоат ишларини ҳам бажариб келмоқда. Узоқ йиллар педагогика фанлари доктори, педагогика фанлари номзоди илмий даражасини берувчи ихтисослаштирилган илмий кенгаш котиби, раис ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги қошидаги Республика ўқув методик марказининг «Бошланғич таълим» бўлими методик кенгаши раиси ва бошқа жамоат ишларини фаол бажарган.
Р.Мавлонова 1975 йилдан ҳозирги кунгача Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика Университетида фаолият кўрсатиб келмоқда.
1975-1984 йилларда «Педагогика ва психология» факультетининг декани вазифасида ишлаган. 1960 йилларда Тошкентга собиқ йирик олимлар иштирокида, «Бошланғич синфларда таълим ва тарбия бирлигини мужассамлаштириш»га бағишланган симпозиум ўтказилди. Катта нуфузга эга бўлган олимлар: Зверев, А.М.Пышкало, Моро, Савельева, Я.Керимов, Измайлов, Львов каби олимларнинг маърузаларини барча экспериментатор ўқитувчилар тингладилар. Ўз навбатида келган меҳмонлар Р.Мавлонова ва бошқалар бошчилигида олиб борилган ишларга юқори баҳо бердилар.
1964-йилда Тбилисида ўтган симпозиумда ҳам бу ҳақда илиқ гаплар айтилди. Академик Ш.Амонашвили Ўзбекистонда олиб борилаётган ишларни бошқаларга намуна тариқасида мисол қилиб келтирди.
Украина халқ таълим вазирлиги илмий-тадқиқот педагогика институтининг кафедра мудири п.ф.д., профессор Д.М.Тарнопольский Р.Мавлоновага йўллаган мактубида шундай сўзларни ёзган: «Сизнинг дарсликларингиз – мамлакатимизда шу каби нашр қилинган адабиётлар ичида ягона тажрибадир».
Москвадаги илмий-тадқиқот академияси профессори Майорова Ирина Георгиевна ҳам Р.Мавлоновага ёзган мактубида «Меҳнат» дарслиги тўғрисида шундай фикрларни билдирган: «...Могу просто сказать, что у нас нет других товарищей, которых можно было бы поставить рядом с Вами по уровню того, что сделали вы и под вашим руководством другие для школ и младших школьников. Стоит напомнить, что Ваши учебники труда нужны также учительству Узбекистана, да и для всей школы страны. Вы помните, какие высокие оценки первого учебника по труду «Мехнат» 1-3 классов были даны учителями школ Москвы, когда передали им Ваши учебники для проверки их в работе с детьми начальных классов московских школ».
Ҳозирги кунда Р.Мавлонова «Бошланғич таълим педагогикаси ва тарбиявий ишлар методикаси» кафедрасида бир неча грантлар (2002-2005 йилларда «Узлуксиз таълим тизимида бошланғич синф ўқитувчиларини асосий ҳал қилувчи шахс сифатида тайёрлашни такомиллаштиришнинг назарий ва амалий асослари», 2006-2008 йилларда «Тарбиявий ишлар методикаси», 2006-2009 йилларда «Тарбия концепциясини яратиш») билан изланишда ва магистрантлар, докторантлар тайёрлаш бўйича фаолият олиб бормоқда.
Раҳима Мавлонова ўз илмий ишлари ва илмий мактаб асосчиси сифатида бир қанча шогирдлар тайёрлади. Шулардан Р.Хасанов, Р.Ибрагимов, М.Хайдаровларга докторлик диссертациясига М.А.Юлдашев, А.Арифбаев, С.Мусаева, Г.Жумашева, Н.Охунжонов, Д.Абдурахимова, М.Махкамова, А.Рахматуллаевларнинг номзодлик диссертациясига илмий раҳбарлик қилган. Ҳозирги кунда шогирдлар ҳам ўз устозлари сингари изланишда давом этмоқда.
Ҳозирги кунда ҳам шогирдлар тайёрлаш борасида М.Арабова, З.Холиқова, Д.Адилова, М.Рустамоваларга илмий ишларни олиб боришларида методик тавсиялар бериб бормоқда.