РУМИНИЯЛИК ОЛИМЛАР САМВМИ МЕҲМОНИ


Самарқанд Ветеринария медицинаси институти билан Клуж Напока қишлоқ хўжалик фанлари ва ветеринария медицинаси университети ўртасида ўтган 2019 йилда Ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Республика Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистонда меҳмон бўлиб турган мазкур университетнинг икки нафар олимаси , ветеринария фанлари доктори, профессор Д.Жоржиана ҳамда илмий ходим Л.Каталиналардан иборат гуруҳ Самарқанд Ветеринария медицинаси институтига ташриф буюрди.

Меҳмонлар дастлаб институт ректори, профессор Худайназар Юнусов қабулида бўлдилар.
Самарқанд Ветеринария медицинаси институти ректори, профессор Х.Юнусов европалик олимларга муассасадаги таълим жараёнлари, илмий тадқиқотлар, институтнинг илмий салоҳияти ва ҳалқаро алоқалари хусусида маълумот берди.

Меҳмонларни айниқса, институтнинг қўшма таълим дастурлари қизиқтириб қолди. Маълумки айни кунда Самарқанд Ветеринария медицинаси институтида 3 та қўшма таълим дастурлари мавжуд бўлиб, улар Латвия ва Белорусь Республикалари турдош олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда тузилган. “2 + 2”, “1+3” ва ҳоказо таълим дастурларига биноан, талабалар ҳар иккала олий ўқув юртида таълим оладилар ва битиргач, икки мамлакат дипломига эга бўлишади.


Профессор Жоржиананинг сўзларига кўра, ташрифдан кўзланган мақсад "Erasmus" лойиҳаси доирасида Самарқанд Ветеринария медицинаси институти ва Клуж Напока қишлоқ хўжалик фанлари ва ветеринария медицинаси университети ўртасида имзоланган меморандумда белгиланган ҳамкорлик шартлари юзасидан ўзбекистонлик талабалар учун амалий машғулотларни ташкил этиш, ветеринария паразитологияси соҳасида халқаро тажрибаларни оммалаштириш ва йиртқич ҳайвонлар паразитологиясига доир экспериментал тадқиқотлар натижалари бўйича, шунингдек, халқаро грант лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан профессор ўқитувчилар билан фикр ва мулоҳазалар алмашишдан иборатдир.


Олимлар Самарқанд Ветеринария медицинаси институти профессор ўқитувчилари, магистрантлар ва ёш тадқиқотчилар учун презентация ўтказдилар. Тақдимот давомида унинг иштирокчиларига Руминия давлати, Клуж Напока университети ва унинг бугунги салоҳияти, умуман румин ҳалқи ва талабалари, университетда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар хусусида маълумот бердилар.


Руминиялик олимлар Самарқандда 12 декабрга қадар бўлишади. Бу вақт давомида улар илмий тадқиқотчилар, стажёрлар ва талабаларга паразитология мавзусида маъруза дарсларини ўтадилар, шунингдек Самарқанд вилоятида жойлашган “Зарафшон” давлат қўриқхонаси билан яқиндан танишадилар.

Маълумот учун: Клуж-Напока шаҳри Руминиянинг шимолий-ғарбида жойлашган кичик тарихий шаҳарча. Аҳолиси асосан руминлар, венгерлар ва немис миллатига мансуб. Руминия олий таълим муассасалари орасида Клуж Напока қишлоқ хўжалик фанлари ва ветеринария медицинаси университети минтақадаги энг нуфузли олий ўқув юртларининг 100 талик рўйхатидан жой эгаллаган. Меҳмонларнинг сўзларига кўра, пандемия муносабати билан Клуж Напокадаги барча ОЎЮ, жумладан қишлоқ хўжалик фанлари ва ветеринария медицинаси университетида ҳам масофавий (онлайн) таълим жорий қилинган.

СамВМИ Ахборот хизмати