РШТЁИМ мутахассислари туркиялик профессор билан ўзаро мулоқот ўтказди

РШТЁИМ мутахассислари туркиялик профессор билан ўзаро мулоқот ўтказди


Куни кеча Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида Туркиянинг “Мемориал” клиникаси етакчи нейрохирург-вертебрологи, профессор Онур Яман иштирокида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. 

Унда профессор Онур Яман ўзбекистонлик травматолог ва нейрожарроҳлар билан ўз тажрибасини ўртоқлашди. Соҳадаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.

— Мамлакатларимиз, хусусан, шифохоналаримиз орасидаги мунособатлардан, албатта, мамнун бўлишимиз керак, — деди профессор. — Туркиядаги Умуртқа поғонаси жарроҳлиги ҳамжамияти ҳозиргача бир қанча икки томонлама ва халқаро ихтисослашган илмий анжуманларни ўтказган. Эндиликда илк бор Ўзбекистон билан ҳамкорикда спинал жарроҳлик йўналишида илмий анжуман ўтказиш ниятидамиз.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази – кўп тармоқли тиббиёт муассасаси бўлиб, шошилинч тиббий ёрдамнинг барча йўналишлари бўйича, жумладан, катталар ва болалар жарроҳлиги, терапевтик, педиатрик, куйиш-токсикологик йўналишларда фавқулодда ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатади.

— Ҳозирга вақтда марказ 15 дан зиёд давлатлардаги тиббий муассаса ҳамда ташкилотлар билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйган, — дейди марказ директори Дониёр Алимов. — Тажриба алмашинувлари натижасида диагностика ва даволаш жараёнига бир қатор инновацион усуллар ва ташкилий ечимлар татбиқ қилинди.

Илгари умуртқа поғонасининг ностабил синишлари туфайли ўлим ва ногиронлик кўрсатгичлари 40-50 фоизни ташкил этар эди. Аммо марказнинг барча филиалларида бундай синишларни жарроҳлик билан даволашнинг замонавий усуллари татбиқ қилинди. Натижада юқоридаги кўрсаткичларнинг сезиларли даражада камайишига эришилди.

Бундан ташқари, тос-сон бўғинини эндопротезлашда ҳам янгича усуллар жорий этилди. Шунингдек, Марказий Осиёда биринчи бўлиб бош миянинг қон-томир нуқсонларини диагностика қилиш ва даволашнинг энг замонавий йўналишлари ўзлаштирилган. Юқори технологик кўп томирли аорта-коронар шунтлаш операцияси бажарилган.

Халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашинувлари бу каби жараёнларни янада ривожлантиришга асос бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 

Матбуот хизмати.


▶️@ssvuz

▶️@ssvmatbuotkotibi

Report Page