РЕПРОДУКТИВ САЛОМАТЛИК – СОҒЛОМ ЖАМИЯТ ОМИЛИ

РЕПРОДУКТИВ САЛОМАТЛИК – СОҒЛОМ ЖАМИЯТ ОМИЛИ

@Oilamarkazi

Репродуктив саломатлик — бу репродуктив тизим ва унинг фаолиятига боғлиқ барча масалалар борасида фақат касаллик ва камчиликлар йўқлиги бўлибгина қолмай, балки тўлиқ жисмоний, ақлий ва ижтимоий муваффақиятлар ҳолати ҳамдир. Репродуктив саломатлик ибораси илк бор 1994 йил Қоҳирада бўлиб ўтган аҳоли ва ривожланиш масалаларига бағишланган Халқаро конференцияда қўлланилган ва унга шундай изоҳ берилган: инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, турмуш фаровонлигини ошириш, аҳолининг асосий ижтимоий хизматлардан фойдаланишини яхшилаш, қашшоқлик билан курашишда ҳаракатларни бирлаштириш, касалликлар тарқалишини камайтириш ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш масалалари репродуктив саломатликдир.

Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини сақлаш масаласи нафақат соғлиқни сақлаш тизимининг, балки давлат ва жамиятнинг ҳам муҳим устувор мақсад-вазифасига айланган. Чунки, жамият фуқароларининг репродуктив саломатлиги, мамлакатнинг репродуктив салоҳиятини, миллий генофонд тақдирини белгиловчи муҳим кўрсаткичлардан биридир. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, аҳолининг репродуктив жиҳатдан соғломлиги даражаси ўша аҳоли истиқомат қилаётган жамиятнинг соғломлиги даражасига, миллий генофонд саломатлиги даражасига, миллат тақдирига, давлатнинг умумий қудратига, нуфузи ва салоҳиятига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боисдан ҳам, бутун дунёда репродуктив саломатлик фақат тиббий муаммо эмас, балки, тиббий — ижтимоий, қолаверса, ижтимоий-сиёсий муаммо ҳисобланади. Репродуктив саломатлик ҳам эркакларга, ҳам аёлларга бирдек тааллуқли бўлса-да, аксарият ҳолларда бу борадаги асосий эътибор хотин-қизларга қаратилади. Бу бежиз эмас, чунки, аёл зиммасида ҳомиладорлик, фарзандни дунёга келтириш, она бўлишдек шарафли ва масъулиятли вазифалар бор.

Бинобарин, жамиятнинг ижтимоий соғломлигини таъминлашда оила пойдеворининг мустаҳкам бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, энг аввало, оилада соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш лозим. Бунинг учун эса, репродуктив ҳуқуқ тамойили устувор ўрин тутади. Репродуктив ҳуқуқ – бу барча эр-хотин жуфтликлар ва алоҳида шахсларнинг болалар сони, улар орасидаги оралиқ ва уларнинг туғилиш вақти ҳақида эркин ҳамда тўлиқ масъулият ҳисси билан қарор қабул қилиши ва бунинг учун шарт бўлган малумот ва воситаларга эга бўлиши борасидаги асосий ҳуқуқларни тан олишдир.

2019 йилнинг 11 март куни қабул қилинган “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни айнан шу соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солади.

Қонунга мувофиқ, фуқаролар хавфсиз ва самарали репродуктив технологиялардан фойдаланган ҳолда фарзандларининг туғилиши хусусида мустақил қарорлар қабул қилиш, ўзининг репродуктив саломатлиги тўғрисида ишончли ва тўлиқ ахборот олиш, туғилишни тартибга солишнинг хавфсиз усулларидан ҳамда контрацепциядан фойдаланишни назарда тутади. Бундан ташқари, мазкур Қонунда тиббий-профилактика хизматларидан фойдаланиш ва соғлиққа хавф солувчи воситалардан, шу жумладан, илмий тажрибалар қўлланилишидан ҳимояланиш, ўз репродуктив ҳуқуқларини амалга ошириш чоғида тиббий-ижтимоий, шунингдек, психологик ёрдам олиш, ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланиш каби ҳуқуқларга эгалиги белгилаб қўйилди.

Қонунда фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш бўйича профилактика чора-тадбирлари, контрацепциядан фойдаланиш, ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масалалари ҳам ўз ифодасини топган.

Шу билан бирга, юртимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида 1993 йилда қабул қилинган “Туғиш ёшидаги аёлларни соғломлаштиришга оид долзарб чора-тадбирлар” номли ҳудудий дастур доирасида биринчи марта маълумот бериш ва хизматлар кўрсатиш йўли орқали замонавий контрацепция усулларини кенг миқёсда таъминлаш концепцияси татбиқ этилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

“Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги Қонунда, шунингдек, репродуктив муаммоларни ҳал қилишда инсонпарварлик; репродуктив саломатликни сақлаш соҳасида эркаклар ва аёлларнинг тенглиги; фуқаронинг шахсий ҳаётига аралашмаслик, шахсий ва оилавий сирнинг сақланиши; фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги тиббий хизматлардан фойдаланишни ва уларнинг сифатини таъминлаш; фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш бўйича хизматларнинг давлат томонидан кафолатланишини таъминлаш бўйича асосий тамойиллар ҳам белгилаб берилган.

Қонун ижросини таъминлаш мақсадида “Оила” маркази томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда жойларда репродуктив соламатлик ва уни сақлаш борасида аҳолининг тиббий билимларини оширишга йуналтирилган амалий чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ташаббуси билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Аҳолишунослик Жамғармаси ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида “Репродуктив саломатлик ва ҳуқуқ: устувор вазифалар ва истиқболлар” мавзусида жамоатчилик мулоқоти – давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисининг репродуктив саломатлиги ҳолати бўйича бугунги мавжуд аҳвол, юзага келаётган муаммолар атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, 2019 йилнинг 11 ойида Қорақалпоғистон Республикасида туғиш ёшидаги 500 минг нафарга яқин аёл чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилган бўлса, уларнинг 279 760 фафарида (58,1%) ЭГК аниқлангани, шулар ичида ярмидан кўпчида эса (61,8%) камқонлик касалликлари энг кўп учраши қайд этилди. Бу касаллик, афсуски, 18 ёшгача бўлган болалар ўртасида ҳам авж олган. Қорақалпоғистонда 2018 йилда туғилиш кўрсаткичи 34 529 тани, 2019 йилда 36 171 тани ташкил этган бўлиб, ўтган йилнинг 11ойи мобайнида 13 та оналар, 360 та гўдаклар ўлими қайд этилган. ФҲДЁ органлари томонидан никоҳи қайд этилган 10 342 нафар никоҳланувчининг 104 нафарида ижтимоий ахамиятга эга касалликлар, жумладан, 9 нафарида ОИТС касаллиги аниқланган.

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этилган ушбу кўрсаткичлар репродуктив саломатлик ва ҳуқуқ соҳасида аҳолининг хабардорлик даражасини, соғлам овқатланиш, тиббий билим ва тиббий маданиятни оширишга йуналтирилган чора-тадбирларни янада кучайтириш, тарғибот-ташвиқот ишларининг энг самарали усулларини жорий этиш орқали фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилишга жиддий эътибор қаратиш лозимлигини тақозо этади.

Тадбир давомида фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш масаласи нафақат соғлиқни сақлаш соҳаси, балки кенг жамоатчиликнинг иши экани, бу борада барча ташкилот ва идоралар ҳамкорликда аҳолининг тиббий билимларини оширишда янада ҳамжиҳатлик билан, янгича ёндашувлар асосида фаолият юритиши зарурлиги таъкидланиб, давра суҳбати якунида истиқболдаги долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Дарҳақиқат, репродуктив саломатлик инсоният тараққиётида энг муҳим ўринни эгаллайди. Шундай экан, бу борада халқимиз етарли билим ва тажрибага, амалий кўникмаларга, тиббий-ҳуқуқий саводхонлик ва тиббий маданиятга эга бўлиши мақсадга мувофиқдир. Бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш ва кенгайтириш, оиланинг репродуктив саломатлигига ва демографик ривожланишига доир масалаларни, оилаларнинг фаровонлик ва хотиржамлик даражасини комплекс тадқиқ этиш масалалари фаолиятимизда устувор аҳамият касб этаверади.

Роза ҲАМИДОВА, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси етакчи мутахассиси


Telegram | Facebook | Instagram | www.oilamarkazi.uz

Report Page