РАЗОЛАТНИНГ НИҚОБСИЗ ҚИЁФАСИ-2

РАЗОЛАТНИНГ НИҚОБСИЗ ҚИЁФАСИ-2

Рустам Жабборов
В.Верешагин, "Мағлубиятдан сўнг", 1870.

Куни кеча Чор Россияси ҳарбийларидан бири, рассом, ёзувчи ва журналист Василий Верешагиннинг ҳаёт йўлига қисқача назар ташлаган эдик. Бугун тасодифан ўша рассомнинг 1888 йилда Россиянинг “Русская старина” журналида босилган бир мақоласига кўзим тушди. Ундаги  сатрларни ўқишнинг ўзи азоб. Аммо, аччиқ ҳақиқатдан кўз юмиб бўлмайди. Айниқса, мустақилликни нима эканини тушунмайдиган, босқинчилар қамчисини қўмсайдиганлар урчиётган бир пайтда босқинчалар ўз қўли билан битган мана бундай “Иқрорнома”ларни эсдан чиқармайлик,  деган мақсадда таржима қилдим... 

 “Самарқанд 1868 йилда”

...Маҳаллий ҳужумчилар жанглар тўхтаган пайтда ҳам бизни тез-тез безовта қилар,  бир неча киши бўлиб, девор паналаб босиб келишар, аммо азамат солдатларимиз чаққонлик билан улар ўққа тутиб, пашшадек қиришар, омон қолганлари тум-тарақай қочиб, ин-инларига кириб кетишарди. Улар баъзида ўт очишганда,  бизникилар ғафлатда қолиб  фақат девору қуруқ ерни портлатишарди холос. Бу мени жуда ғазабга солар, ҳар доим милтиғимни шай ҳолатда тутар, ўша пайтда бу газандаларнинг бирортаси дуч келса, нақ  миясини ёрардим.

Биз расадхона яқинидаги қўрғонда  яхшигина жойлашиб олгандик. Назаров казак аскарни сигеретага, мени эса, нон ва ароқ олиб келишга жўнатди. Сигара келгач, бутун қўрғонни  хуррам бир кайфият чулғар, ҳаммаёқ оппоқ тутунга тўларди. Эрталаб бир стакан чойдан кейин аччиқ сигарета яхши кетади. Мен ҳам  бир яшигини  сотиб олиб, қисмдагиларга тарқатдим. Назаров ичкиликдан кейин, бутун аскарлари билан қўналғада ёнбошлаб сигирет буруқситарди. Мен эса милтиқни қучоқлаганда девор панасида пойлаб турардим. Қўққисдан ҳужум қиладиган ёввойиларни қуёндек отиб қулатишнинг гашти бошқача-да!

Мен иккита ана шунақа “қуён”ни қандай  усталик билан отиб ўлдирганимни ҳеч эсимдан чиқаролмайман.

«Отишга шошилма, - дедим ўзимга ўзим. – милтиқ қўндоғини мана бу ерга қўйиб, бармоғингни тепкига тираб тур!” Шу пайт битта ёввойи милтиғини елкасига осганча, увада чопонда йўлдан  ўтиб олди. Шартта тепкини босгандим, бир сакраб, ер тишлади ярамас. Ўқ шу қадар яқиндан отилган эдики, қурбонимнинг чопонидан оқиб турган увада пахталар ҳам ёниб кетди. Кейин олов жасадга ҳам ўтиб, кун давомида тутаб ёнди. Боёқиш ўлими олдидан қўлини оғзига тиққанча қотиб қолганди. Қоп қора жасад бир ҳафта шу ерда ётди, ҳамма сафдошларимни унинг устидан ўтиб қайтиб юришди. Иккинчисини ҳам тахминан шу тахлит қулатгандим.  

               «Қойил, Василий Васильевич,— дейишарди аскарлар, - биздан қолишмаяпсан!”

...Ярамас исёнчилар яқин орадаги масжидга биқиниб олишганди. Биз масжидни эгаллаш бўйича кўрсатма олдик ва тезда  ўт қўйдик. Қочиб чиққанларни тирақайлаб ўққа тутдик. Қолганлар ўша ерда қурумга айланди-ёв! Кечга яқин кучли гумбирлаш эшитилди. Масжид биноси қулаб тушганди. Биз қилган ишимиздан лаззатланиш учун масжид харобаси усти чиқдик. Ҳаво шунақа тоза, осмонда юлдузлар жимирлайди. ...Бир кун аввал варварлар “урҳо-ур” деб роса қиёмат қўпорганди. Бугун уларнинг ўликлари чўзилиб ётибди.

В.Верешагин, "Қўққисдан ҳужум", 1870 йил.

Афсус... Биз бу жангда жуда кўп азаматларимиздан айрилдик. Мен ўзим икки арава ўлик йиғдим. Ўзимизникилар. Кўпчилиги эндигина жон бераётганди. Айримлари билан яқиндагина  танишиб дўстлашган, қадаҳ тўқиштиргандик. Эссиз... Улар билан ҳаётимнинг энг бахтли онлари бирга ўтди, десам ҳам бўлади. Биргаликда жанг қилгандик, бир мақсад йўлида курашгандик, қўрғонимизни ҳимоя қилгандик. Очиғи мен бирор марта бирор мукофот ҳақида ўйламаганман. Лекин, ҳамма шу мукофот ҳақида гаплашарди: кимга қанақа орден беришаркин? Кимнинг хизмати қандай баҳоланаркин? Барака топкурлар, инсоф борми? Энсам қотиб, милтиқ кўтарганча, дарвоза олдидаги минора тепасига кўтарилдим. Ажабмас битта яримта ажали қистаган  пандавақини отиб ўлдирсам.

...Мен ўз ҳужрамга кириб, саккиз кун мобайнида биринчи марта тоза чойшаб устида ухлашга чўзилдим.  Ухлайман дейман, қани кўзим илинса? Асабларим анча таранглашган кўринади. Энди кўзим илинган экан, хонамга Николай Николаевич Назаров отилиб кирди.

— Василий Васильевич! Батальондаги йигитлар зерикиб қолди. Шаҳарга бир ўт қўйиб келмаймизми?

— Э ҳеч нарса ёқмаяпти, - дедим мен.

—Бормайсизми? Майли ўзим бораман, “Назаров Самарқандни ёндириб кул қилди”, дейишсин.

Бироздан сўнг шаҳар томондан қуюқ тутун кўтарилди. Назаров айтганини қилди, шекилли.

....Кауфман ҳазратлари манави ипирисқиларга қатъият қанақа бўлишини кўрсатиш мақсадида бутун шаҳарни жазолаш, ҳеч кимга шафқат қилмаслик ҳақида буйруқ берибди.

Жазоловчи қўшин сафида бўлган битта аскар менга қуйидагиларни гапириб берди:

 «Бир қанча аскар билан битта ҳовлига бостириб кирдик. Ҳеч ким йўқ. Айвонда битта кекса кампир аскарларга “омон, омон” деб ёлворарди. Бу  “шафқат қилинглар” дегани шекилли. Қарасак унинг ёнидаги кўрпача тагида нимадир қимирлаяпти. Кампир қурмағур 16 ёшли неварасини яширмоқчи бўлган экан. Албатта уни тортиб чиқариб, пешонасидан дарча очдик. Кейин, бувисини ҳам ортидан жўнатдик!”

В.Верешагин, "Исёнчилар", 1897 йил

Аскарлар дўконларни ҳам роса талон-тарож қилишибди. Баъзилари ёвоойиларнинг дўконларидан олинган ранг-баранг  чопонларни кийволиб томоша кўрсатишди. Роса томоша бўлди, бунақа мириқиб кулмагандим яқин орада.

Этнография учун қимматли нарсаларни ҳам бу аскарларнинг  қўлидан арзимас чақага сотиб олиш мумкин эди. Эссиз, ёнғин пайтида жуда кўп ҳунармандчилик буюмлари, ёғочдан ишланган ўймакорлик намуналари  ҳам ёниб кетибди. Роса ичим ачишди.

Назаров, саккиз кунлик қаршилик ва етказилган зарар учун ёввойи шаҳарликлардан аёвсиз ўч олди. Улар орасидан Шердор мадрасаси минораларидан чиқиб, аскарларимизни роса ўққа тутган ифлослар  ҳам бор эди. Бу лаънатилар шунақа мерган экан-ку, қанча мард йигитларимизни ҳалок қилишди.

“Ярамасларнинг кўпини мадрасанинг ичида қириб ташладим!” дея мақтанди Назаров.  

Шу масжидда битта мулла билан танишиб қолгандим. Гарчи у ҳам бошқалар қатори бизга ўқ отганидан шубҳалансам-да, негадир унга ачингандек бўлдим. Шу мадрасани  тўпга тутган аскарлардан биридан сўрадим:  

-Ичкарида одам кўпмиди?

-Йўқ, унча кўпмасди, лекин кўпини қўлдан чиқардик, суваракдек қочишди ўзиям.

“Балки чол ўлмай қолгандир” деб ўйладим ўзимча.  

-Фақат битта қари мулла худди мушукдек минора тепасига қочиб чиқди, -  деди аскар.

-Хўш, хўш?

-Орқасига найза тираб, минорадан итарвордик, тушган жойида жон берди.

-Оббо...

Туркистон генерал-губернатори фон Кауфман

Ниҳоят шаҳар аҳлидан боплаб ўч олган  Кауфман ҳазратлари  қўрғонимизга ташриф буюрди. Офицерлар қуршовидаги муҳтарам Константин Петрович папирос чекканча, шоҳона курсида савлат тўкиб ўтирар ва бепарволик билан бир гапни қайтаради:

“Буларни отиш керак, отиш керак, отиш керак!”...

В.В.Верешагин, «Русская старина» журнали, Санкт-Петербург, 1888, № 9.



Report Page