РАСМИЙ МУНОСАБАТ

РАСМИЙ МУНОСАБАТ


Ижтимоий тармоқларда тарқалган "Бозорларни хусусийлаштириш ҳақидаги президент гаплари мени чуқур ўйлантириб қўйди..." сарлавҳаси остидаги видео юзасидан Андижон вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилади.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода маълум бўлишича, фуқаро Турсуналиева Муяссархон узоқ йиллардан буён Асака деҳқон бозорида тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётганлиги, бозорлар азалдан оддий халқники бўлиб келган, уни хусусий қўлларга топширилиши ёки хусусийлаштирилиши ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида баён қилган.

Юқоридаги ҳолатларни ўрганиш мақсадида Андижон вилояти ҳокимлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси, вилоят Бозорлар ва савдо комплекслар уюшмаси ҳамда бир қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида тезкор ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари амалга оширилди.

Ўрганиш давомида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартдаги “2017 — 2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-2853-сонли Қарорига асосан, Асака туманидаги Асака деҳқон бозорини реконструкция қилиниши белгиланган.

Шунингдек, қарорда реконструкция ишлари Ўзмиллийбанк Асака филиали маблағлари, ташаббускорнинг ўз маблағи, бошқа тижорат банкларининг кредитлари асосида амалга оширилиши назарда тутилган (бюджет маблағлари кўзда тутилмаган).

Унга асосан, туман ҳокимлиги томонидан танлаб олинган Anglesey food МЧЖ ХК томонидан деҳқон бозори реконструкция қилиниб, унинг ҳудудида I-типдаги замонавий савдо мажмуаси қуриб битказилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6096-сонли Фармонининг 13 бандида, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда бозор ва савдо комплекслари бошқарув тизимини такомиллаштириш ва уларни босқичма-босқич хусусийлаштириш бўйича қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси белгиланган.  

Қарор лойиҳасида бозор ва савдо комплексларидаги хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳамда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш назарда тутилиши белгилаб қўйилган.


Андижон вилояти ҳокимлиги

МАТБУОТ ХИЗМАТИ


Facebook | Twitter | Instagram | YouTube Telegram 

 

 


Report Page