РАСМИЙ МУНОСАБАТ

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Бухоро вилоят ССБ Ахборот хизмати

DARYO расмий каналининг шу йил 24 ноябрь соат 17.43 да эълон қилган “Оғриқли нуқта: Бухородаги аҳволи қўрқинчли, беморни баттар касал қиладиган тиббиёт муассаси ҳақида” сарлавҳали танқидий чиқишида Вобкент туманидаги “Пахтакор” ОШП биносининг техник ҳолати ҳақиқатан ҳам тўғри танқид қилинган. Бу хақда Вобкент туман ТБ бошлиғи Ш. Ражабов расмий жавоб хатида билдирди.

Узоқ йиллар давомида қишлоқ жойларида ижтимоий-иқтисодий аҳволни яхшилашга етарли даражада эътибор қаратилмай келинганлиги оқибатида айрим ижтимоий муассасалар бинолари жуда эскириб қолганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бироқ мамлакатимизда бирламчи тиббий-санитария хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича кейинги йилларда босқичма-босқич катта ишлар олиб борилаётганлиги ҳам ҳалқимизга, кенг жамоатчиликка яхши маълум. Президент Ш. Мирзиёев янги муддатга сайланганларидан кейин бу сиёсат янада кучайди ва 2021 йил 11 ноябрь куни «Аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш соҳасида кадрлар салоҳиятини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ 6 – сонли қарор имзоланди. Умуман, охирги беш йил ичида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган 100 га яқин давлат ва ҳукумат даражасидаги ҳужжатлар қабул қилинган. Буларнинг ҳаммаси тиббиёт тизимини замон талаби даражасига келтиришга, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда ва бутун система босқичма-бочқич янгиланиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 апрелдаги 234-сонли “2021-2023 йилларда Бухоро вилоятининг Вобкент туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига  ҳам тумандаги ҚВП ва ОШПларни жорий ва капитал таъмирлаш режалари киритилган. Шунга асосан “Пахтакор” ОШП биносини 2022 йилда 1,5 млрд.сўмга тўлиқ реконструкция қилиш режалаштирилган.

Шуни ҳам айтиш керакки, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2018 йилда 70 млн. сўмга  ОШП биносининг барча деразалари ва ташқаридан кириш эшиклари янгиланиб AKFA ромлари ўрнатилган.

2019 йилда 100 млн. сўмга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан том қисми тўлиқ металл қопламали шифер қилинган.

2020 йилда 40 млн.сўмга бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан иссиқлик тизими ва қозонхона янгидан ўрнатилган. Ҳозирда ОШПда замонавий газ ҳисоблагич ўрнтилган, қозохона ишлаб турибди ва захира кўмир билан ҳам таъминланган.

Кечаги танқиддан сўнг шошилинч чоралар кўрилиб, ҳожатхона қувурлари ва ички қисмларини таъмирлаш ишлари бошланди. Техник тизим 10 кун муддат ичида ишга туширилади.

Бинони иссиқ ва совуқ сув тизими яроқсиз ҳолга келган, чиқинди сув қувурлари авария ҳолатида. Бу борада ҳам туман ҳокимлиги билан биргаликда тизимни созлаш режаси ишлаб чиқилмоқда.

Шу билан бирга “Пахтакор” ОШП ва у ердаги шифокорлар хизматидан аҳоли мамнун эканлигини, катта маблағ билан боғлиқ муаммолар бирданига ҳал бўлмаслигини ҳам аҳоли тўғри тушунганлигини айтиб ўтмоқчимиз. Бино атрофида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширишда қишлоқ одамлари ва ОШП ходимлари кўнгилли равишда ёрдам бермоқдалар. Бунда ҳеч кимдан мажбурий равишда пул териб олинмаганлигини маълум қиламиз, дейилади Вобкент туман ТБ бошлиғининг жавоб хатида.

Бухоро вилоят ССБ Ахборот хизмати




Report Page