РАСМИЙ МУНОСАБАТ

РАСМИЙ МУНОСАБАТ


Аввал хабар берилганидек, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан Андижон вилояти, Улуғнор туманида блогер Фатима Жўраеванинг туман электр таъминоти корхонаси бош ҳисобчиси томонидан калтакланганлиги юзасидан бўлган воқеалар назоратга олинган бўлиб, мазкур ҳолатни атрофлича ўрганиш мақсадида махсус комиссия тузилган.


 Комиссия томонидан аниқланган дастлабки маълумотларга кўра, Фатима Жўраева жорий йилнинг 18 ноябрь куни туман электр тармоқларига келиб, ўзини блогер сифатида таништирган ва ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмасдан ўзи фаолият юритаётган Улуғнор туманидаги “Истиқлол зар толаси” фермер хўжалигининг электр энергияси таъминотига оид тўловлар бўйича жорий ҳолатни аниқлаштирувчи ҳужжатларни талаб қилган. Корхона ҳисобчиси, ўз навбатида, маълумотлар фақат корхона раҳбарига тақдим этилиши мумкинлигини маълум қилган. 


Ҳисобчи Мамадалиев Сайдуллонинг комиссияга маълум қилишича, блогер Фатима Жўраева таъкидлаётганидек, уни уриб тан жароҳати етказмаган. Унинг айтишича, Ф. Жўраевани тинчлантирмоқчи бўлганида, турли хил ҳақоратли сўзлар орқали кўпчилик олдида обрўсизлантирилган. Бу ҳақида ўша куни воқеанинг гувоҳи бўлган электр таъминоти корхонаси ходимларининг қўл телефонига туширилган видеотасмалар бор.

Шунингдек, блогер тарқатган мурожаатида ўша кунги унга шерик бўлган икки фермер аёл ҳам калтакланганлигини маълум қилган. Аммо фермер хўжалиги раҳбари Каримахон Тоштемировани комиссияга маълум қилишича, унга нисбатан ҳеч ким куч ишлатмаган.


Ўша куниёқ блогер Фатима Жўраева воқеа юзасидан Улуғнор тумани ИИБга мурожаат қилган. Ҳозирда унинг олган тан жароҳатлари оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. 


 Бундан ташқари Ф. Жураева мурожаатида фермер хўжалигининг истеъмол қилинган электр энергиясидан бўлган қарздорлигини сунъий оширилиши тўғрисида гапириб ўтилган. Комиссия аъзолари ушбу ҳолат юзасидан қуйидагиларни аниқлади. Улуғнор туманида пахтачилик-ғаллачилик йўналишида фаолият кўрсатаётган “Истиқлол зар толаси” фермер хўжалиги билан Улуғнор туман электр таъминоти корхонаси ўртасида тузилган 270202-сонли электр энергиясини етказиб бериш тўғрисидаги шартномага асосан, мазкур фермер хўжалигига электр энергияси етказиб берилади.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги “Фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидялар ажратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 320-сонли қарорига асосан, фермер хўжалиги томонидан пахта ва ғалла экинларини етиштириш учун сарфланган электр энергияси учун тўловлар Давлат бюджетидан ажратиладиган субсидялар ҳисобига тўланиши белгиланган бўлиб, мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида, Улуғнор туманида тузилган ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган жадвалга асосан, “Истиқлол зар толаси” фермер хўжалигининг жами 74,33 га экин ер майдонига 2021 йил ҳисобидан 47,2 га пахта ва 27,13 га бошоқли дон экинлари экилиши режалаштирилганлиги, фермер хўжалигининг ихтиёрида 1 дона яроқли насос агрегати мавжудлиги, мазкур фермер хўжалигига 2021 йил учун лимит сифатида 345,0 кВт соат электр энергряси ажратилганлиги кўрсатилган. 

Улуғнор тумани электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан тақдим қилинган маълумотларга кўра, мазкур фермер хўжалигининг 01.01.2021 йил ҳолатига истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловлардан 213 329 967 сўм, муддати ўтган қарздорлик учун ҳисобланган 19 959 115 сўм пенядан, жами 233 289 083 сўм миқдорида қарздорлиги бўлган.

Фермер хўжалиги томонидан 2021 йилнинг 10 ойи давомида 47 195 932 сўмлик электр энергияси истеъмол қилинган бўлиб, туман молия бўлими томонидан фермер хўжалиги истеъмол қилган электр энергияси учун 238 500 000 сўм миқдоридаги пул маблағлари ўтказиб берилган. Мазкур пул маблағлари ўтказилганидан сўнг фермер хўжалигининг 91 032 949 сўм миқдорида истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловлардан, 72 989 895 сўм миқдорида пеня, жами 164 022 844 сўм миқдоридаги қарздорлиги мавжудлигини қайд этиб ўтиш жоиз.


Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 февралдаги “Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирилишини молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3574-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 февралдаги “Қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 149-сонли қарори ва “Ўзбекэнерго” АЖнинг 2018 йил 9 мартдаги 147-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган “Андижон ХЭТК” АЖнинг 2018 йил 14 мартдаги 155-сонли буйруғининг 2.1-бандида пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг 2018 йил январь ҳолатига электр энергясидан бўлган қарздорликларининг тўлов муддати 3 йилга кечиктирилган. Мазкур муддат 2021 йил 1 январь куни ўтиб бўлган ҳисобланиб, “Истиқлол зар толаси” фермер хўжалигининг тўланиши кечиктирилган 44 432 686 сўм миқдоридаги қарздорлиги ҳам дастурга киритилганлиги инобатга олинса, ҳозирги кунда фермер хўжалигининг электр энергияси учун тўловлардан жами қарздорлиги 208 455 530 сўмни ташкил қилмоқда.

   

 Мазкур ҳолат юзасидан махсус комиссия аъзолари “Истиқлол зар толаси” фермер хўжалиги раҳбари Карима опа билан суҳбати чоғида, шаклланган қарздорлик юзасидан тушунтириш берилди. Шу тариқа фермер хўжалигининг қарздорлиги сунъий оширилмаганлиги ўз тасдиғини топиб, фермер хўжалиги раҳбари Карима опа Улуғнор тумани электр таъминоти корхонаси ходимларига нисбатан эътирози йўқлигини билдириб ўтган.


Шу ўринда “Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ воқеага ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳаққоний баҳо берилиши ҳамда дастлабки тергов жараёнларигача олиб бориладиган ўрганишларга Жамият томонидан ҳар томонлама хайрихоҳлик кўрсатилишини маълум қилиб ўтади.

"Андижон ҲЭТК" АЖ Матбуот хизмати