РАСМИЙ МУНОСАБАТ

РАСМИЙ МУНОСАБАТ



Ижтимоий тармоқларда «Андижон шаҳар ҳокимига тегишли аудиоёзув тарқалди» сарлавҳаси остида тарқалган аудиоёзув юзасидан Андижон вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилади.

Жорий йилнинг 11 ноябрь куни Андижон шаҳар ҳокими Бахромжон Ҳайдаровга тегишли эканлиги айтилаётган аудиоёзувда Андижон шаҳар ҳокими ва ўзини Омаджон дея таништирган фуқаро ўртасида ўзаро тортишув юзага келганлиги ва шаҳар ҳокими дея айтилаётган иккинчи фуқаро Омаджон исмли шахсга нисбатан уни ҳадеб безовта қилмаслигини айтиб ҳақоратли сўзлар ишлатилганлиги, фуқаро томонидан эса ижара ҳаққи ва уйини тиклаб беришини таъкидлаган суҳбати тарқалган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги томонидан ишчи гуруҳ тузилиб ҳолат юзасидан дастлабки ўрганиш ишлари амалга оширилди. Ўрганиш ишлари давомида тарқалган аудиоёзув ҳақиқатдан ҳам Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаровга тегишли эканлиги ўз тасдиғини топди.

Шунингдек, фуқаро томонидан айтилаётган ижара ҳаққи ва уйини тиклаш тўғрисидаги ҳолат юзасидан ўрганишлар давомида фуқаро О.Н истиқомат қиладиган А. Навоий шох кўчаси 57-сонли икки қаватли уйи сносга тушганлиги, ҳозирги кунда «Султон хаус» МЧЖ қурилиш фирмаси томонидан шу жойга кўп қаватли уй-жой мажмуасини қурилиш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли, фуқаро О.Н ижарага чиқарилиб, унга ижара пуллари доимий равишда тўлаб келинмоқда.

Бундан ташқари, фуқаро О.Н Андижон шаҳар ҳокимига доимий равишда (куну-тун) 10-15 маротабадан телефон қўнғироқларини амалга ошириб, 2-хонали 52 кв.метрдан иборат бўлган хона жойига «Султон хаус» МЧЖдан шаҳар марказидан 400 кв.метрдан иборат бўлган уй-жой ва Жентра автомобили ундириб беришлигини айтиб, шаҳар ҳокимини доимий обрўсизлантириб келган.

Ваҳоланки ушбу фуқаро О.Ннинг ушбу хонадонга нисбатан уй-жойга бўлган эгалик ҳуқуқи мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Аслида эса уй-жой онасининг номида эканлиги ва «Султон хаус» МЧЖ қурилиш фирмаси ҳамда фуқаро О.Ннинг онаси ўртасида ўзаро келишган ҳолда янги қурилаётган уй-жойдан хонадон ажратиб бериш ҳақида келишувга эришилган. 

Бугунги кун ҳолатига фуқаро О.Ннинг онаси (уйнинг асл эгаси)га ижара учун тўланиши лозим бўлган пуллар тўлалигича тўлаб берилган.

Бундан ташқари Андижон шаҳар ҳокимининг фуқаро билан мулоқоти давомида ишлатган ҳақоратли сўзлари учун Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан алоҳида ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қиламиз.

Андижон вилояти ҳокимлиги

Матбуот хизмати


Report Page