РАСМИЙ МУНОСАБАТ

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Деҳқонободдаги воқеа юзасидан

Яқинда ижтимоий тармоқларда Деҳқонободдаги қурилишда бетон плита қулаб тушиши оқибатида 39 ёшли фуқаро вафот этгани тўғрисидаги тарқалган хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани, Замаҳшарий кўчасида жойлашган “Норали-ота қўрғони” масъулияти чекланган жамиятига тегишли бўлган “Савдо мажмуаси” биносини реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудидан “ёрдамчи бинолар” қуриш лойиҳаси “Само қурилиш конструкция дизайн” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган.

         Буюртмачи “Норали-ота қўрғони” масъулияти чекланган жамияти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида” 2018 йил 18 майдаги 370-сон қарорининг 5-иловаси, яъни, “Қурилиш-монтаж ишларини бошлаш ҳақида хабарнома юбориш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти”га амал қилмай, Қашқадарё вилоят Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясини  хабардор этмагани сабабли мазкур объект инспекция томонидан рўйхатга олинмаган.

Мазкур фавқулодда ҳолат юзасидан ўрганишлар натижаси:

- обьект хўжалик усулида, яъни буюртмачининг техник ва лойиҳачининг муаллифлик назоратисиз қурилган;

- савдо мажмуаси биносининг юк кўтарувчи темир бетон конструкцияларининг ишчи арматуралари бетон устунларга қўшимча арматуралар билан бир-бирига боғланиши амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларига зид равишда олиб борилган;

-ўрта ўқдаги темир бетон ригельга қўлланилган қуйма бетоннинг амалдаги меъёрлар талабига мос келиши бўйича объектнинг зилзилабардошлиги юзасидан лабаратория синов хулосалари олинмаган. Шунингдек, қурилиш объектида қуйилган бетонларнинг 28 кунлик мустаҳкамлик муддатига етмасдан унга ташқи оғир юк қўйилган, яъни ГОСТ 12730.1-78 ва ГОСТ 10180-2012 талабларига амал қилинмаган.


“Норали-ота қўрғони” масъулияти чекланган жамияти инспекция томонидан бир неча бор огоҳлантирилишига қарамасдан, объектда ноқонуний равишда қурилиш-монтаж ишларини давом эттирган. Ўзбошимчалик билан қурилаётган мазкур бинодаги ишлар қурилиш меъёр ва қоидаларига мутлақо зид равишда амалга оширилган. Натижада бинодаги юк кўтарувчи қуйма темир-бетон конструкциялар (ригель, колонна) ўз оғирлиги ва темир-бетон кўп бўшлиқли плиталар оғирлигини кўтара олмай синиб тушган.

ЭСЛАТМА: Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги барчани қурилиш ишларини ўзбошимчалик билан амалга оширмасликка ҳамда техник ва меҳнат хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этишга чорлайди.        

Вазирлик матбуот хизмати

Report Page