РАСМИЙ МУНОСАБАТ

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Кадастр агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси Ахборот хизмати

Rost24.uz ахборот сайтида "9 та вазирлик ва 9 нафар вазир ўринбосари адолат учун курашда енгилдими? Яна коррупция ғолиб чиқмоқда" сарлавҳаси остида эълон қилинган мақола юзасидан Кадастр агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси қуйидагиларни маълум қилади.

Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳокимининг 2020 йил 2 апрелдаги 217-сонли қарори билан “SKYTECH-LINE” МЧЖга “Болалар боғчаси, маҳалла гузари, кутубхона, футбол майдони, ёпиқ сув хавзаси, қандолат ва тикувчилик цехлари, кинотеатр, савдо дўконлари қурилиш” учун туманнинг “Назарбек” массиви ҳудудидаги 2,12 гектар (ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилмаган) фойдаланилмайдиган ер майдони (ер тури, контур рақами, балл бонитети, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги кўрган зарар миқдори кўрсатилмаган) ажратиб берилган (туман ер участкаларини бериш комиссиясининг 20.03.2020 йилдаги хулосаси). Ер кодексининг 6 ва 5-моддаларига асосан суғориладиган қишлоқ хўжалиги ер майдонларини ноқишлоқ мақсадлар учун ажратиш ваколати Зангиота тумани ҳокимининг ваколатига кирмаслиги ҳамда вилоят ҳокимининг тегишли қарори билан ажратиб берилмаганлиги маълум бўлди. 

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 33-моддасига асосан ер участкасига бўлган ҳуқуқ ушбу ҳуқуқ белгиланган тартибда давлат рўйхатига олинганидан кейин кучга киради.

Маълумот учун: Ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик ва жисмоний шахсларга ер участкаси бериш (ажратиш) тўғрисидаги қарорига ёки ижара, олди-сотди шартномасига ҳамда ер участкасини ўзга шахсга ўтказишнинг бошқа турларига, ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордерига, мулкдорларнинг ёки улар ваколат берган шахсларнинг қарорига асосан берилади.

“Ўздаверлойиҳа” институти томонидан 2011 йилда ўтказилган хатлов натижасига кўра (туман ҳокимининг 23.12.2011 йилдаги 930-сонли, вилоят ҳокимининг 28.02.2012 йилдаги 39-сонли қарорлари билан тасдиқланган) “Назарбек” массиви қишлоқ хўжалик харитасининг 204-контурида (туман ҳокимининг 02.04.2020 йилдаги 217-сон қарори билан 2,12 гектар ажратиб берилган) жами 2,82 гектар, шундан 2,46 гектар суғориладиган, 0,16 гектар ихота дарахтзорлари, 0,2 гектар ариқ ва зовурлардан иборат.

Мазкур 204-контур туман ҳокимлиги захирасидаги 56 балл бонитетли (Кадастр агентлиги Зангиота тумани бўлимининг 20.05.2021 йилдаги 01/426-сонли хулосаси) қишлоқ хўжалиги ерлари сифатида узоқ йиллар давомида маҳаллий аҳоли томонидан деҳқончилик мақсадларида фойдаланиб келинган.

Лойиҳани амалга ошириш учун масъул ташкилотларнинг хулосалалари туман ҳокимининг қарори қабул қилингандан сўнг 1-2 кун ўтиб расмийлаштирилган.

Мисол учун, туман экология бўлимининг 03.04.2020 йилдаги 107-сонли, туман ФВВ бўлимининг 03.04.2020 йилдаги 226-сонли, туман йўллардан фойдаланиш корхонасининг 04.04.2020 йилдаги 1-1/188-сонли, туман соғликни сақлаш бўлимининг 04.04.2020 йилдаги 22-сонли хулосалари берилган.

Ноқишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер майдони (2,12 гектар 56 балл бонитетли қишлоқ хўжалиги ери) ажратиш ҳақидаги туман ҳокимининг 2020 йил 2 апрелдаги 217-сонли қарорининг қабул қилинишида Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 44-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги ПФ-5742-сонли Фармони 5-банд талабларига риоя қилинмаган.

Туман ҳокимининг 2021 йил 10 мартдаги 314-сонли қарори билан 2020 йил 2 апрелда қабул қилинган 217-сонли қарорнинг 2-бандига (лойиҳа мақсади) “... замонавий ва қулай турар-жойлар ...” сўзлари қўшимча сифатида киритилиб, тасдиқланган.

“SKYTECH-LINE” МЧЖга “Болалар боғчаси, маҳалла гузари, кутубхона, футбол майдони, ёпиқ сув хавзаси, қандолат ва тикувчилик цехлари, кинотеатр, замонавий ва қулай турар-жойлар, савдо дўконлари қуриш” бўйича “POWER IDEA DESIGN” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган архитектура-режалаштириш лойиҳаси Тошкент вилояти Қурилиш Бош бошқармасининг (Бошқарма бошлиғи Э.Пўлатов) 2021 йил 24 июндаги 19965-сонли хулосаси асосида келишилган.

Зангиота тумани прокуратурасининг 2021 йил 7 августдаги 10/21-сонли “туман ҳокимининг 02.04.2020 йилдаги 217-сонли ва 10.03.2021 йилдаги 314-сонли қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги” Нурафшон туманлараро маъмурий судига киритилган даъво аризаси суднинг 2021 йил 27 сентябрь кунги ҳал қилув қарорига асосан қаноатлантирилмаган.

Ўрганиш натижаси юзасидан қуйидагиларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

Маҳаллий аҳолининг талабига кўра, жамоат эхтиёжи учун Зангиота тумани “Назарбек” массивидаги ер майдони ажратиш масаласи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги “Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги 543-сонли қарори билан тасдиқланган маъмурий регламент талабларидан келиб чиқиб ажратиб берилиши мақсадга мувофиқлиги маълум қилинади.


Кадастр агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси Ахборот хизмати


Report Page