РАСМИЙ МУНОСАБАТ

РАСМИЙ МУНОСАБАТ


Бугун kun.uz сайтида "Пискентда ҳокимият футбол майдончасини сотиб юборди. Бу Президент қарорига зид" сарлавҳали хабар эълон қилинди.


Дарҳақиқат, 8 сентябрь куни E-auksion платформасида Пискент тумани “Муротали” маҳалласида жойлашган ер участкасини сотиш бўйича савдолар бўлиб ўтди ва унда ер участкаси учун 1 млрд 411 млн сўм таклиф қилган Жумабаев Баҳром Хуснитдинович ғолиб бўлди. Бу эса бошланғич нарх (39,5 млн сўм)дан қарийб 36 баробар кўпдир.


Сайт хабарида мазкур ер участкаси ўрнида стадион бўлгани таъкидланиб, унга 2016 ва 2020 йиллар ҳолатига оид сунъий йўлдошдан олинган расмлар илова қилинган. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги “Ўзбекистонда футбол соҳасини рақамлаштириш ва оммавийлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, давлат мулкида бўлган футбол стадион ва майдонларининг фойдаланиш мақсадлари ўзгартирилиши ҳамда сотувга чиқарилиши тақиқлангани урғуланган.


Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мазкур ерда аввал ҳарбий қисм жойлашган. Кейинчалик ҳарбий қисм бошқа ҳудудга кўчирилган ва ер давлат захирасига олинган. Шу боис у қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланилмайдиган ерлар тоифасига киритилган. 2010–2012 йилларда эса маҳаллий аҳоли вакили томонидан ҳеч қандай намунавий лойиҳа-ҳужжатларсиз, шахсий ташаббус асосида кичик футбол ўйингоҳи ташкил этилган. Бироқ 4–5 йил аввал мазкур қўлбола ўйингоҳга тегишли барча анжомлар уни қурган шахс томонидан йиғиштириб олинган ва ер участкаси қаровсиз ҳолда қолган.


Энг муҳими, ҳозирги тадбирлар маҳалланинг бош режаси асосида амалга оширилмоқда. Мазкур режа доирасида бўш ва қаровсиз майдонда замонавий маҳалла маркази ташкил этиш мақсадга мувофиқ топилиб, туман ҳокимининг 2025 йил 26 июлдаги тегишли қарорига асосан қонунчиликда белгиланган тартибда аукцион орқали сотувга чиқарилди. Шу орқали ҳудудга реал сармоя жалб этилиб, бу ерда 19 та йўналишда аҳолига хизмат кўрсатувчи муҳташам мажмуа қуриш лойиҳалаштирилган.


Эътиборли жиҳати, мазкур мажмуа таркибида замонавий болалар спорт майдончаси ҳам кўзда тутилган. Қолаверса, "Муротали" ҳудудида маҳалла ёшлари учун махсус стадион ҳам мавжуд. Шунингдек, янги марказ таркибида маҳалла идораси ва “Нуронийлар маскани”, давлат хизматлари маркази филиали, маҳаллий савдо дўконлари, нонвойхона ва қандолатчилик цехи, гўшт дўкони, дорихона, банк хизмати, гўзаллик салони, сартарошхона, пойабзал ва маиший хизмат устахоналари, тўқувчилик цехи, интернет хизматлари, кийим тозалаш шахобчаси, ветеринария хизмати каби аҳоли эҳтиёжига мўлжалланган объектлар ҳам фаолият юритиши режалаштирилган.


Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, давлат раҳбарининг юқорида тилга олинган қарорида маҳаллалардаги бўш турган давлат мулки объектлари (ер участкалари) уларнинг бир қисмида футбол майдони барпо этиш ва камида 10 йил мобайнида унинг фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаслик шарти билан электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилиши белгиланган. Савдо ғолиблари эса харид қилинган ер участкасининг қолган қисмидан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.


Шу нуқтаи назардан қаралганда, мазкур ҳудудда қулай тадбиркорлик муҳитини ўз ичига олган замонавий маҳалла марказининг барпо этилиши ҳамда мажмуа таркибида спорт ўйингоҳининг кўзда тутилгани Президент қарори талабларига уйғун келади.


Ўз навбатида, нуфузли сайт мухбирларига мазкур муҳим мавзуда эътибор қаратганлари ва бу орқали масалага янада ойдинлик киритилишига ҳисса қўшганликлари учун миннатдорлик билдирамиз.



Report Page