РАСМИЙ МУНОСАБАТ

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Навоий вилояти халқ таълими бошқармаси\

Ижтимоий тармоқлардан бирида “Ассалому алайкум. Муҳим хабар бор” мавзуси остида Навоий вилоят Конимех туманидаги 2-умумтаълим мактаб директори М.Е. ўз жонига қасд қилганлиги, гўёки бунга вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан ўтказилган босимлар, туман халқ таълими бўлими томонидан мактаб ишига аралашувлар сабаб бўлгани тўғрисида пост қолдирилган.


Мазкур масала юзасидан Навоий вилояти халқ таълими бошқармаси ҳузурида Ишчи гуруҳ тузилиб, ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда холис ўрганиб чиқилди. Конимех туман халқ таълими бўлими мудирининг 2022 йил 15 августдаги 01-02-1020-сонли хатига асосан, Навоий вилоят халқ таълими бошқармасининг мактабда “Таълим тўғрисида”ги қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ таълими соҳасига доир фармон, қарор, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Халқ таълими вазирлигининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари ижросининг таъминланишини ўрганиш мақсадида хизмат сафари тайинлаш бўйича 2022 йил 7 сентябрь куни 184-х/с-сонли буйруғи қабул қилинган. Унга мувофиқ бошқарма ва Конимех туман халқ таълими бўлими ходимларидан иборат ишчи гуруҳ мазкур мактабда ўрганишни бошлаган. Қисқа муддатли ўрганиш давомида 2-умумтаълим мактабида бошқарув издан чиққанлиги, асосий ва кадрларга оид буйруқлар 2022 йилнинг  1 мартидан то 1 июлига қадар директор томонидан имзоланмагани, адлия бўлими томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмагани аниқланди. Кейинги давр давомида биронта буйруқ китобда қайд этилмаган.


Директорнинг лоқайдлиги ва ўз вазифасига совуққонлиги ортидан лавозим эгалари, жумладан амалиётчи психолог иш режаси ишлаб чиқилмаган. Муассасада қариндош-уруғчилик ришталари томир отганлиги аниқланган. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 79-моддасига зид равишда директор М.Е.нинг янгаси Д.Ю – лаборант, акаси Ф.Е – қоровул вазифасида ишлайди. Мазкур моддада қариндош-уруғларнинг хизматлари улардан бирининг бошқасига бевосита бўйсуниши ёки назорат остида бўлиши билан боғлиқ бўлса, бирга хизмат қилишларини чеклаш қоидаларидан барча ўқув ва тарбия муассасаларидаги педагог ходимлар, ўқитувчилар, библиографлар ва кутубхоначилар истисно этилиши қатъий белгиланган. Демак, бу модда директорнинг яқин қариндошларига татбиқ этилмайди, кодекс нормалари қўпол равишда бузилган.

Бундан ташқари, тадбиркор З.Салимова мактаб ошхонасидан ўқувчиларни овқатлантириш, соғлом овқатланишни йўлга қўйиш мақсадида аукцион савдоларида қатнашиб, 2022 йилнинг 13 июль куни 98 млн. сўмга ютиб чиқади. Бу, мактаб директори томонидан  сунъий равишда кўтарилган аукцион савдоларининг 3-такрорий савдосидан кейинги жараён бўлиб, шундан кейин манфаатдор директор ва унинг акаси, мактаб қоровули Ф.Е. қонуний тадбиркорнинг ишларига тўсқинлик қилиб, тунги пайтда электр қувватини асосий манбадан узиб қўяди ва тайёр маҳсулотлар истеъмолга яроқсиз ҳолга келади. Сабаби, янгаси кириш жойида ноқонуний равишда савдони йўлга қўйган, унга рақобатчи ортиқчалик қилган. Хуллас, мактабда ўзига хос пирамида яратиб олган ака-ука, қариндош-уруғларнинг найранглари томир отади.

Ижтимоий тармоқда Конимех туманидаги 2-умумтаълим мактабининг ўз ширин жонига қасд қилган директори 7,5 млрд.сўмга реконструкция бўлган мактабни фойдаланишга қабул қилмагани учун босимга учрагани қайд этилган. Аслида эса, унинг непотизмга йўл қўйганлиги, бошқарув жиловини ўз яқинларига топширгани, педагогик жамоанинг ўзибўларчилиги учун қулай ижтимоий муҳит яратиб берганлиги ҳолатга сабаб бўлган. Шунингдек, 2021 йил мактабда реконструкция ишлари амалга оширилган бўлиб, объектни қабул қилиш далолатномасида мактаб директори ҳам иштирок этган ва ўз имзоси ҳамда мактабнинг гербли муҳри билан тасдиқлаб берган.

 



Report Page