РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Термиз шаҳар ҳокимлиги 2020 йилнинг 6 август куни ижтимоий тармоқлар орқали “Термиз шаҳар ҳокимлиги ходимларининг 70 фоизидан ортиғи коронавирусга чалинибди”, деган мазмунда тарқалган хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:
Бугун инсоният жиддий синов билан юзлашган бир пайтда коронавирус инфекциясини юқтиришдан ҳеч ким истисно эмас. Бу касалликдан ҳеч ким кафолатли ҳимояланмаган.
Термиз шаҳар ҳокимлиги биносига кираверишда ҳароратни ўлчаш сканерлари, дезинфекция воситалари қўйилган. Ҳозирда фақатгина зарур бўлган ходимларгина бевосита ишга жалб этилган. Қолган мутахассисларнинг бир қисми қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқарилган, қолганлари масофадан туриб (онлайн) ишлаши ташкил этилган.
Термиз шаҳар ҳокимлигида ишловчи жами 3 нафар ходимда (70 фоизидан ортиғида эмас!) коронавирус инфекцияси аниқланган бўлиб, уларда касаллик симптомсиз кечаётгани учун уй шароитида даволанишмоқда. Инфекция аниқланган ходимлар уй шароитида, масофадан ишлаётган ҳамкасбларимиздир.
Ушбуни инобатга олиб, жамиятдаги барча жараёнларга бефарқ бўлмаган фуқароларимиздан COVID-19 пандемияси ва карантин тадбирлари фонида ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган ушбу мазмундаги ёлғон ахборотларга ишонмасликларини сўраймиз.
Ижтимоий тармоқлардаги гуруҳ администраторлари ҳамда шахсий аккаунт эгаларига эса аҳоли орасида турли миш-мишлар пайдо бўлишига олиб келадиган бундай ёлғон маълумотларни тарқатиш қонун олдида жавобгарликни келтириб чиқаришини эслатиб ўтамиз.