РАСМИЙ МУНОСАБАТ

2021 йил, 22 июль куни Facebook ижтимоий тармоғидаги Нодира Амонованинг шахсий блогида эълон қилинган “Келажак ёш кадрлари синдирилмоқда!!!”(https://www.facebook.com/100028457828062/posts/637283940563528/?d=n) номли мурожаати юзасидан маълумотлар тўпланди.
Маълумотлар юзасидан шуни қиламизки, Жиноят ишлари бўйича Сергели туман судининг 08.04.2021 йилги хукмига кўра, Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармасининг Сергели тумани филиали собиқ бошлиғи Мухитдинов Санжар Фатхутдинович Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси, 2-қисми, “б” банди билан Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 1-бандига асосан айбсиз деб топилган.
Шунингдек, ЖКнинг 205-моддаси, 2-қисми, “а” банди ва 209-моддаси 1-қисми билан, ЖКнинг 59-моддаси тартибида узил-кесил 1 йил муддатга раҳбарлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 2 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 2021 йил 15 июнда Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати аппеляция инстанциясининг ажримига кўра, Жиноят ишлари бўйича Сергели туман судининг 08.04.2021 йилги хукмининг Мухитдинов Санжар Фатхутдиновичга оид қисми ўзгаришсиз қолдирилган.
Мурожаатномангизда қайд этилган - “Янгиҳаёт ва Сергели туман кадастр ходимлари ичида хали хануз бу болани панжара ортига қўйганингиз билан коррупция тугагани йўқ. Яқинда хам минг доллар эвазига қизил худудни расмийлаштириб берди кадастр ходими бир пулдорга. Аниқ факт билан айта оламан.”- маълумотингиз юзасидан Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармасига мурожаат қилиш ҳуқуқингиз борлиги эслатиб ўтилади. Сиздаги мавжуд далилларни тақдим этишингиз сўралади. Бошқармамиз томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, юқоридаги айбловлар ўз тасдиғини топган тақдирда - қонуний чора кўрилиши маълум қилинади.
Коррупция холатларини олдини олиш бўйича кадастр соҳасида ҳам изчил ишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган ноқонуний хатти харакатлар юзасидан назорат кучайтирилган. Сизнинг эса, бошқарма билан хамкорлигингиз коррупциядек бу иллатни илдизи билан қўпориб ташлаш йўлида катта қадам бўлиб хизмат қилади.
Мурожаат учун манзилимиз : Миробод тумани, КХАЙ кўчаси, 9-уй.
Телефон: +99871 231 68 51
Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси
Матбуот хизмати