РАСМИЙ МУНОСАБАТ

РАСМИЙ МУНОСАБАТ


“Daryo.uz” сайтида «Андижон ҳокими президент қарори ижросини таъминлаш бўйича қарор қабул қилди. Қарорида вазирларга, Тошкент шаҳар ҳокимига топшириқ берди» сарлавҳаси остида эълон қилинган мақола юзасидан Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилади:

«Андижон ҳокими президент қарори ижросини таъминлаш бўйича қарор қабул қилди. Қарорида вазирларга, Тошкент шаҳар ҳокимига топшириқ берди» номли мақолада Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2022 йил 27 июндаги ПҚ-294-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Андижон вилояти ҳокимининг 2022 йил 08 июль куни қабул қилинган 325-1-0-Q/22-сонли қарорида бир қанча хато ва камчиликлар мавжудлиги таъкидланган.

Андижон вилояти ҳокимининг мазкур қарори Ўзбекистон Республикаси «Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2021 йил 15 ноябрдаги 19-мҳ-сонли буйруғи билан тасдиқланган (рўйхатдан ўтказилган рақами 3333) Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, юридик техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш қоидаларига асосан, белгиланган талабларга риоя қилинган ҳолда ишлаб чиқилган.

Мақолада таъкидланган «Андижон ҳокими президент қарори ижросини таъминлаш бўйича қарор қабул қилди. Қарорида вазирларга, Тошкент шаҳар ҳокимига топшириқ берди»-каби камчилик қарорнинг «й»-кичик бандидан олинган бўлиб, жумланинг охири яъни «л» кичик банди ўқилганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида берилган топшириқларнинг барчаси маълумот ва ижро учун қабул қилинганлиги маълум бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори матни вилоят ҳокимининг қарорида сўзма-сўз келтирилганлиги, вилоят ҳокимининг қарори бошқа қуйи ташкилотларга юборилиши муносабати билан уларга Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорининг мазмунини тўлиқ етказиш мақсад қилинган.

Бундан ташқари, мақолада қарорга илова қилинган рўйхат ва дастурлар қарорга илова қилинаётганлиги кўрсатилмаганлиги таъкидланган бўлсада, вилоят ҳокими қарорининг «г», «е», «л»-кичик бандларида иловалар тасдиқланганлиги кўрсатилган.

Шунингдек, мақолада Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорининг 3-иловасидаги “2022-2023 йилларда оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда журналистика соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари” дастури вилоятга мослаштирилмаганлиги таъкидланган.

Вилоят ҳокими қарорининг 7-бандида вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, масъул бошқарма ва ташкилотлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимларига мазкур қарордан келиб чиқиб, ўрнатилган тартибда иш ташкил қилиниши ва белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида бажарилишини таъминлаши тўғрисида топшириқ берилганлиги, вилоят ҳокимининг қарори масъул бошқарма ва ташкилотларга ҳам юборилишини эътиборга олиниб, дастур тўлиқ тушунарли бўлиши учун дастур ўзгартиришларсиз вилоят ҳокимининг қарорига илова қилинган.

Бундан ташқари, мақолада вилоят ҳокимининг қарори ҳудудий Адлия органлари раҳбарлари лойиҳани белгиланган тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва лойиҳа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлса, унга хулоса бериши, агарда эътирозлар мавжуд бўлса, лойиҳани маҳаллий ижро этувчи ёки вакиллик органига қайтариши лозимлиги таъкидланган.

Ўзбекистон Республикаси «Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунининг 16-моддасида Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти юқори турувчи органларининг қарорлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун қабул қилиниши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2021 йил 15 ноябрдаги 19-мҳ-сонли буйруғи билан тасдиқланган (рўйхатдан ўтган рақами 3333) Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, юридик техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш қоидаларининг «в» кичик бандида муқаддам белгиланган тартибни ижро этишни ташкил этишга йўналтирилган ҳамда янги ҳуқуқий нормаларни ўз ичига олмаган, шу жумладан, бутун мазмуни бошқа органлар ва мансабдор шахсларнинг ҳужжатлари тўғрисида хабардор қилишдан иборат бўлган ҳужжатлар ҳудудий адлия органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмаслиги кўрсатилган.


Report Page