РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Kun.uz сайти орқали «Қизил товуқлар можароси. Андижонликларни қарзга ботираётган компанияни ким тўхтатади?» сарлавҳаси остида тарқалган материал юзасидан Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилади:
Ушбу мақолада Андижон вилоятида аҳолининг эҳтиёжманд қисмини даромадга йўналтириш, хонадонларда оилавий тадбиркорликни шакллантириш мақсадида тарқатилган товуқлардан айрим аҳоли зарар кўраётганлиги, баъзи хонадонларда товуқлар нобуд бўлаётганлиги ҳақида маълум қилинган бўлиб, бу борада паррандачилик фаолияти билан шуғулланувчи корхона фаолиятига эътирозли фикрлар билдирилган. Мазкур мақола юзасидан Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан ишчи гуруҳи тузилиб, дастлабки ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Дастлабки ўрганиш хулосаларига кўра шуни маълум қиламизки, Андижон вилоятида 2022 йил давомида жами 2 минг 157 та хонадонга 215 минг 657 бош товуқ ажратилган бўлиб, бунинг учун паррандачиликда етарли тажрибага эга бўлган 5 та корхона тавсия этилган. Корхоналар томонидан аҳолига тарқатилган паррандаларнинг соғлиги, эмланиш даражаси ва тухумга кириш қобилияти қаттиқ назоратга олинган бўлиб, аҳолига белгиланган рационга асосан парваришлаш ва ўз вақтида тухум етказиб бериш ҳаракати бириктирилган, холос.
Оилаларда тадбиркорлик фаолиятини шакллантириш мақсадида вилоят бўйича жами 887 та маҳаллада тасдиқланган жадвалга асосан ўқув-семинарлари ташкил этилган бўлиб, унда аҳолига тарқатилган паррандаларни парваришлаш, озиқлантириш ва даромадга йўналтириш бўйича дастлабки сабоқ берилган.
Бундан ташқари, ҳар бир маҳаллага 1 нафардан зооветеринар врачлар бириктирилган бўлиб, улар томонидан ўз вақтида паррандалар назоратга олинган.
Афсуски, ташкил этилган ўқув амалий-машғулотларида ҳар бир парранда боқувчи ўз вақтида иштирок этмаган ёки умуман қатнашмаган. Айрим хонадонларда зооветеринар врачлар кўрсатмасига амал қилинмаганлик ҳолатлари ҳам кузатилди. Бу эса, паррандаларни озиқлантириш ва белгиланган тартиб асосида парваришлар меъёрларига салбий таъсир кўрсатган. Юзага келган салбий ҳолатлар эса жойларда бу борада ўрнатилган тартибни янада кучайтириш лозимлигини исботламоқда.
Ҳозирда ишчи гуруҳи томонидан аҳоли парваришида бўлган товуқларнинг нобуд бўлишига оид сабаблар, нобуд бўлган паррандаларни қоплаб бериш чоралари ҳамда етказиб берувчи корхоналар, жумладан, «Пахтаобод парранда» МЧЖ томонидан мавзуга доир амалга оширилган ишлар таҳлили юзасидан ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, дастлабки ўрганиш ишлари хулосасига кўра ҳақиқатдан ҳам тарқатилган паррандаларнинг 3-4 фоизи нобуд бўлган.
Андижон вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан қўшимча маълумот беради.