РАСМИЙ МУНОСАБАТ

РАСМИЙ МУНОСАБАТ


2021 йил 5 апрель куни YouTube ижтимоий тармоғида фуқаро Д.Боймуродова муаллифлигида “ТЕНГСИЗЛИК - ХАЛҚ НОРОЗИЛИГИГА САБАБ! ҚОНУН ОЛДИДА ФУҚАРОЛАРНИНГ ТЕНГСИЗЛИГИГА БАРҲАМ БЕРИНГ!” номли видеомурожаат тарқалган.

 Фуқаро Д.Боймуродова мазкур видеомурожаатда “Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ томонидан истеъмолчиларга ўрнатилаётган TE71 MP-1-3 русумидаги электр ҳисоблагичлар истеъмолчиларга асоссиз (қонунчилик ҳужжатларисиз), мажбуран ўрнатилаётганлиги ва мазкур ҳисоблагичлар хато ишлаётганлиги, истеъмол қилинган электр энергиясини кўп ҳисоблашини баён қилган.

Кармана тумани Катта мачит МФЙ Чорровот кўчаси 51 хонадонда яшовчи фуқаро Д.Боймуродова “Электр ҳисоблагич масаласида”ги қатор мурожаатлари жамиятимиз маъсул ходимлари томонидан жойида ўрганиб чиқилган. Ўрганиш жараёнида фуқаро Д.Боймуродова хонадонига ўрнатилган электр ҳисоблагич соз ҳолатда эканлиги аниқланиб, электр ҳисоблагич тавсифи бўйича фуқаро Д.Боймуродовага тушунтиришлар берилган. Шунингдек, фуқаро Д.Боймуродованинг мурожаатлари бўйича ўрганиш натижалари, Қонунда белгиланган муддатларда фуқарога ёзма равишда маълум қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.01.2018 йилдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 22-сон Қарори билан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш Қоидалари”нинг 44-бандида Электр энергияси учун ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан ҳисоб-китоб қилиш учун истеъмолчилар мажбурий тартибда ЭҲНАТга мос келадиган электрон ҳисобга олиш асбоблари билан, 750 кВА ва ундан юқори қувватга уланган истеъмолчилар эса — ЭҲНАТга мос келадиган кўп функцияли (кўп тарифли) электрон ҳисобга олиш асбоблари билан таъминланган бўлишлари кераклиги, шунингдек 46-бандида ЭҲНАТга мос келадиган ҳисобга олиш асбоблари бўлмаганда, ҳудудий электр тармоқлари корхоналарини электр тармоқларига ҳамда истеъмолчилар ва субистеъмолчиларни электр тармоқларига улаш тақиқланиши белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.10.2018 йилдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3981-сон Қарорига асосан, Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш мақсадида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан ўз маблағлари ҳисобига республика ҳудудида барча электр энергияси истеъмолчиларига истеъмолчилардаги мавжуд электр ҳисоблагичларни замонавий (ЭҲНАТга мос келадиган) электр ҳисоблагичлар алмаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Юқоридаги қонунчилик ҳужжатларига асосан, “Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.09.2020 йилдаги “Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 594-сон Қарорининг 2-бандига асосан Навоий вилоятидаги истеъмолчиларга “Тошэлектро-аппарат” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган TE71 MP-1-3 русумидаги электр ҳисоблагичлар бепул асосда ўрнатиб берилмоқда.

Ушбу TE71 MP-1-3 русумидаги электр ҳисоблагичлар ишлаб чиқарувчи “Тошэлектро-аппарат” МЧЖ томонидан Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг барча метрологик синовларидан ўтказилиб, Ўзбекистон Республикаси ўлчаш воситаларининг давлат реестрига киритилган.

Электр ҳисоблагичларни ўрнатиш жараёнида, жамиятимиз маъсул ходимлари томонидан истеъмолчиларга ўрнатилган электр ҳисоблагичнинг мувофиқлик сертификати тақдим этилмоқда.

Юқоридагиларга асосан, электр энергияси истеъмолчиларидан турли хил асосланмаган ва нохолис фикрларни тарқатмасликни сўраб қоламиз.

"Навоий ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Матбуот хизмати

Report Page