РАСМИЙ МУНОСАБАТ

РАСМИЙ МУНОСАБАТ


Ижтимоий тармоқларда кенг мухокамага сабаб бўлган “Марҳамат тумани ҳокими ўринбосари маданият бўлими бошлиғини, ҳақорат қилди” сарлавҳа остидаги мурожаат юзасидан Андижон вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар қилади.

Ушбу мурожаат Андижон вилоят ҳокимлиги томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш давомида жорий йилнинг 11 март куни тумандаги “Марҳамат барака чеварлари” тикувчилик цехининг очилиш маросимига туман маданият бўлими ходимлари соат 8:00 га келиб тадбирда овоз кучайтиргич, микрофон ва қолган мосламалари билан тадбирда қатнашиши керак бўлган. Бироқ маданият ходимлари тадбирга айтилган вақтда етиб келмаган. Тадбирга масъул этиб тайинланган М.Сотволдиева тадбир кўнгилдагидек ўтмаганлиги ҳамда тадбирга йиғилганлар олдида микрофон ва овоз кучайтиргични вақтида тайёр бўлмаганлигидан сабабли жаҳл устида туман маданият бўлими бошлиғига телефонда “Сени ишдан ҳайдатаман, масъулиятли бўлганингда тумандагиларни олдида шарманда бўлмасдим” -деб сўкканлиги, шундан сўнг туман маданият бўлими бошлиғи А.Юлдашевга бу гаплар оғир ботиб, жаҳл устида интернет тармоғига чиқариб юборганлиги аниқланди.

Андижон вилояти ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Манзура Юнусова томонидан Вилоят Маданият бошқармаси бошлиғи Мархабо Сатторова иштирокида Марҳамат тумани ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари Маъмурахон Сотволдиева ҳамда туман маданият бўлими бошлиғи Акмал Юлдашев билан суҳбат олиб борилди.

Ўтказилган суҳбат давомида иккала томон ҳам қилган ишларидан афсусланиб, афсусда эканлигини билдириб бир бирларидан узр сўрадилар. Бир бирларига нисбатан гина-қудрати йўқлигини айтиб, келишиб олишдилар.

Ушбу бўлиб ўтган ноҳуш воқеа юзасидан Марҳамат туман ҳокимининг фармойишига асосан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 181-моддаси 1-банди билан Марҳамат тумани ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари Маъмурахон Сотволдиева туман ташкилоти раҳбарига нисбатан муомила маданиятига риоя этмаганлиги учун “Ҳайфсан” интизомий жазоси берилди. 


Андижон вилояти ҳокимлиги
МАТБУОТ ХИЗМАТИ.


Facebook | Twitter | Instagram | YouTube Telegram

Report Page